Мақолалар

Пайғамбаримиз алайҳиссалом суйган амал

Абдуллоҳ ибн Амр (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилади: Расулуллоҳ (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин): “Агар умматимга қийин қилиб қўй(ишни ўйла)маганимда, уларни саҳарларда, албатта, мисвок қилишга буюрган бўлардим!” дедилар (Абу Нуайм). “Худди котиб қулоғига қалам қистирганидек, Набий (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) ҳам қулоқларига мисвок қистириб олар эдилар” (Байҳақий).

Расулуллоҳдан (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) ўрнак олиб, саҳобалар ҳам мисвок тутишга катта эътибор беришган. Миқдом ибн Шурайҳ ибн Ҳониъ Ҳорисий отасидан ривоят қилади: “Мен Ойшадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин): “Набий (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) уйга кирсалар, ишни нимадан бошлар эдилар?” деб сўраганимда, “Мисвок (ишлатиш) билан”, деб жавоб бердилар” (Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад).

Бу ривоятдан мисвок ишлатиш фақат таҳорат ва намоз вақтига боғлиқ эмаслигини билиб оламиз. Расулуллоҳ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) оила аъзоларига чиройли суратда юзланиш учун уйга киришлари билан мисвок қилганлар. Аллома Муновий бунга қуйидагича далил келтиради: “Мусулмон киши уйга кирганида аҳлига салом бериши керак. Саломда Аллоҳнинг исми бор. Аллоҳнинг исми эса фақат пок оғиз билан айтилади”.

Зайд ибн Холид Жуҳаний (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) мисвок қилмасдан туриб, намоз ўқиш учун ташқарига (яъни, масжидга) чиқмасдилар” (Табароний). Баъзи уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб: “Уйда ёки масжидга кирмасдан олдин мисвок қилиб олингани маъқул”, дейишган.

Тунги уйқудан таҳажжуд ёки бомдод намозларига турилганида мисвок қилиш Расулуллоҳ (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) суннатларига мувофиқдир. Гарчи ҳадисда тунги уйқу назарда тутилган бўлса-да, умуман, кундузги уйқудан кейин ҳам мисвок қилиш яхшидир.

Ойша (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтади: “У зотнинг таҳорат суви ва мисвоклари тайёрлаб қўйилар эди. Тунда уйқудан уйғонганларида, олдин ҳожатга бориб, сўнгра мисвок ишлатар эдилар” (Абу Довуд).

Жума куни мисвок ишлатиш ҳақида ҳам алоҳида таъкидланган. Чунки бу куни мўмин-мусулмонлар жума намозини ўқиш учун масжидга тўпланишади.

Ибн Умар (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) мисвокни ёнларига ҳозирлаб қўйган ҳолда ухлардилар. Уйқудан уйғонганларида ишни мисвок қилишдан бошлар эдилар” (Аҳмад, Абу Яъло ва Табароний).

Расулуллоҳ (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) эртаю кеч жиддий аҳамият берган нарсага бизлар ҳам эътибор қаратишимиз зарур. Бу эса ўз ўрнида тишларни тоза тутиш ўта фазилатли амал эканига ишорадир.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

2634 марта ўқилди

Мақолалар

Top