Мақолалар

2023 йилда Самарқанд Бутунжаҳон туризм пойтахтига айланади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеяси 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Қайд этилишича, Испаниянинг Мадрид шаҳрида ўтаётган UNWTO’нинг 24 сессияси доирасидаги овоз бериш жараёни натижаларига кўра, мамлакатимиз Португалияни ортда қолдирган.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти ва унга аъзо давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, хорижий ташкилотлар билан алоқаларини янада кенгайтириш, маданий ва туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида 30 ноябрь-2 декабрь кунлари мамлакатимиз делегацияси Испания қироллигига амалий ташриф билан борди.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Испания қироллигидаги элчихонаси вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси анжуман доирасида Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлади.

– Тарихда биринчи марта БМТ оиласи таркибига кирувчи ташкилотларнинг Бош ассамблеяси Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Буларнинг бари Президентимизнинг олиб бораётган сиёсатлари, жумладан, туризм соҳасини ривожлантириш, мамлакатимизнинг жаҳон саҳнидаги нуфузини ошириш йўлидаги саъй ҳаракатлари натижасидир, – деди Азиз Абдуҳакимов. – Таъкидлаш лозимки, UNWTO 25-Бош ассамблеясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши ҳамда бу орқали маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларнинг даромад кўришига олиб келади. Бундан ташқари, мазкур тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини тортиши аниқ, бу эса мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда юртимизга янада кўпроқ сайёҳларни жалб этиш йўлида хизмат қилади.

Бугунги кунда Самарқанднинг туристик салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда уни дунё сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш борасида кўплаб ислоҳотлар қилинмоқда. У ерда ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда янги замонавий аэропорт ва туризм объектлари бунёд этилмоқда.

Шулардан бири “Samarkand Touristic Centre” бўлиб, у эшкак эшиш канали қирғоғида 212 гектар майдонда қад кўтармоқда. Самарқандда қурилаётган “New Renaissance” конгресс-холли, меҳмонхона, ресторан ва бошқа иншоотлар ҳудуднинг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш йўлида хизмат қилиши шубҳасиз.

Эслатиб ўтамиз, UNWTO Бош ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказиладиган туристик форум ҳисобланади. Юқори даражадаги тадбир, яъни БМТ оиласига кирувчи ташкилотлар Бош ассамблеясининг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимиз учун биринчи тарихий ҳодиса, десак тўғри бўлади.

 

ЎзА

1754 марта ўқилди

Мақолалар

Top