Мақолалар

Бандага ҳам шукр қилинадими?

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, дедилар:

.«لا يشكر الله من لا يشكر الناس»

“Одамларга ташаккур айтмаган, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”.

Бу ҳадисни Имом Аҳмад, Имом Бухорий (“Ал-Адаб ал-муфрад”), Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Таёлисий ривоят қилишган. Имом Хаттобий бундай дейдилар: «Бу ҳадис икки хил таъвил қилинади: биринчиси: “Аллоҳ таоло инсонлар (нинг яхшиликлари)га шукр қилмайдиган кимсанинг шукрини қабул қилмайди”. Иккинчиси: “Одамлар (нинг яхшилиги)га шукр қилмайдиган кимса Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”».

Биринчи таъвилга кўра, киши ўзгалар­нинг яхшиликларига шукр қилмай, миннатдорлик изҳор этмай, нонкўрлик қиладиган бўлса, ёхуд бировнинг яхшилиги учун дуо ҳам қилиб қўймаса, Аллоҳ таоло унинг Ўзига қилаётган шукрини қабул қилмайди.

Ҳадиснинг иккинчи таъвилига кўра, кимнинг одати ва табиати куфрони неъматдан иборат бўлса, ўзгаларнинг яхшиликларига, мурувватларига, иззату икромларига бефарқ ва лоқайд бўлса, лоақал оғзаки равишда миннатдорлик билдириш ёхуд дуойи хайр орқали ўз мамнуниятини изҳор қилмайдиган ношукр инсон бўлса, унинг Аллоҳга ҳам шукр қилиши қийин.

Ҳадис замирида инсонларга шукр қилиш, қилган яхшиликларини қадрлаб, яхши сўз, дуо ва зикр қилиш орқали яхшилик қилувчини мукофотлашга тарғиб этилмоқда. Шунингдек, ҳадисда одамларнинг яхшилик­ларини қадрламасликдан, куфрони неъматдан қайтарилади ва нон­кўрлик қораланади.

Одамларга шукр қилиш турли кўриниш­ларда амалга оширилиши мумкин. Масалан, яхшилик қилган одамга ташаккур айтиш, миннатдорчилик билдириш, унинг яхшилигини уни танийдиган шахслар ичида тилга олиш, ҳақига дуо қилиш ва ҳоказо. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Кимга бирон яхшилик қилинса, ўша яхшиликни мукофотласин (яъни, ўша инсоннинг яхшилигини қайтарсин), агар бунга қодир бўлмаса, у эсласин. Зеро, кимки (бировнинг яхшилигини) эсласа, демакки, шукр қилибди” (Имом Аҳмад).

Ушбу ҳадис мазмунига кўра, бировнинг яхшилигини қайтаришга қодир бўлмаган одам лоақал ўша кишининг қилган яхшилигини ўзгалар ичида тилга олиб, у ҳақида яхши сўзларни гапириб, мақташи лозим. Ана шунда у инсоннинг яхшилигини қайтарган бўлади. Зеро, шукр сўзининг луғавий маъноси ўзганинг яхшилигини билиш, мақташ ва уни тилга олиб, ёйиш демакдир.

Ҳадисдан келиб чиқадиган маъноларга кўра, бировнинг яхшилигини тилга олмай, беркитиш айни ношукурликдир. Шу боис биров бизга яхшилик қилдими, аввало унга миннатдорчилик билдиришимиз, ҳақига дуо қилишимиз, яхши сўз айтишимиз, сўнгра унинг яхшилигини таниш-билиш, қариндош-уруғ ичида гапириб, ошкор қилишимиз керак.

Аллоҳга шукр қилувчи шокир бандалардан бўлишни истасак, Аллоҳ таолонинг сўнгсиз неъматларига шукрона тарзида амалга ошираётган нафл ибодатларимиз ва бошқа хайрли амалларимиз ҳусни қабул бўлишини хоҳласак, аввало, бандаларнинг кичик яхшиликларига ҳам шукр айтишни одат қилишимиз керак. Ана шунда жамиятимиз гуллаб-яшнайди, инсонлар ўртасида аҳиллик, иноқлик ва тинчлик ҳукм суради.

Зеро, бир-бирига ширин сўз бўлган, каттаю кичик яхшиликларни қадрловчи, сал нарса учун ҳам бир-бирига раҳмат айтиб, ташаккур билдирадиган, ортидан дуо қиладиган халқ ҳеч қачон таназзулга юз тутмайди. Бундай жамият узра Аллоҳнинг раҳмати мудом ёғилиб туради.

Бир-бирига нисбатан шукр қилувчи қавмнинг ибодатлари ҳам қабул бўлади. Натижада, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини зиёда қилаверади, уларга неъматларини давомий бераверади. Ундай халққа осмону ердан ҳеч қандай азоб ҳам нозил бўлмайди, самовий ва арозий барча бало-офатлардан омонда бўладилар. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: “Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю куфрони неъмат қилсангизлар, албатта азобим ҳам қаттиқдир!”» (Иброҳим, 7).

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин. Бугунги нотинч замонда бундай дориломон юртда яшаётганимизнинг ўзи катта бахт.

Сўнгги пайтларда дунё уруш ва ғалаёнлар, хунрезликлар гирдобига ғарқ бўлаётганини кўриб, билиб, эшитиб турибмиз. Атрофимизда содир бўлаётган бундай мусибатларни, ҳолатларни кузатар эканмиз, Аллоҳ таолонинг бошимиз узра соябон қилиб берган эмин-эркинлик, фаровонлик ва тинчлик-хотиржамлик каби буюк неъматларига шукроналар қиламиз, Роббимизга ҳамдлар айтамиз. Бу неъматларни давомий қилишини сўраб Ўзига ёлворамиз. Турли гуноҳ ва ҳаром ишлардан тийилишга ҳаракат қиламиз, маъсиятлардан паноҳ тилаймиз.

Тинчлигимизни кўз қорачиғидек сақлашга ҳаракат қиламиз. Зеро, мустақиллик, тинчлик ва тўкин-сочинлик неъматлари шу қадар буюк неъматларки, уларга нафақат тилда шукр қилиш, балки, амалий равишдаги шукр лозим. Бу эса, неъматнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш, кейинги авлодларга бус-бутун ҳолда етказишга интилиш ва Аллоҳ буюрган ишларни бажариб, қайтарган ёмон ишлардан тийилиш билан ҳосил бўлади.

Аллоҳ таоло жонажон юртимизни ҳар қандай нохушлик ва ёмонликлардан Ўз паноҳида асрасин, ички ва ташқи душманларга, ғаразгўй кимсаларга Ўзи кифоя қилсин! Омин.

 

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли тайёрлади

1446 марта ўқилди

Мақолалар

Top