Мақолалар

Дунё неъматларининг афзали

Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунё неъматдир. Унинг энг яхши неъмати солиҳа аёлдир”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).

Қуръони каримда: “Эй қавмим, бу дунё ҳаёти вақтинчалик бир матоҳ холос. Албатта, охират, ўшанинг ўзи барқарорлик диёридир” (Ғофир сураси, 39-оят), деб марҳамат қилган.

Дунёдаги мол-дунё, фарзанд, эр, хотин, мансаб каби нарсаларнинг бари вақтинчалик неъматлардир. Улардан бирортаси доимий эмас. Охират диёри эса: “Ўшанинг ўзи барқарорлик диёридир” (Ғофир сураси, 39-оят). Яъни, инсонлар охират диёрида қарор топишади. У диёр абадийдир. Аммо дунё ўткинчи. Аллоҳ инсонга тақдир қилган миқдорда ундан фойдалана олади. Сўнгра ўтади. Ўз ҳолида қолмайди.

Дунё неъматлари жуда тез ўзгариши боис, инсон улар билан ғурурланмаслиги зарур. Кун келиб киши фойдаланиб турган неъмат унинг қўлидан кетади, худди ундан бир муддат ҳам фойдаланмагандай бўлиб қолади. Шу туфайли дунёдан риҳлат қилишга ҳар он тайёр туриш лозим.

Дунёнинг ҳақиқатини унутмаслик лозим. Қўлга киритилган нарсалар қанчалик кўп бўлмасин, бир кун кетади. Асло давомли бўлмайди. Шу сабабли Аллоҳ таоло нима берса, унинг қадрига етиб, тақво қилиш керак. Уларни Аллоҳ таоло рози бўладиган ерларга ишлатиш лозим. Ояти каримада: “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизларга) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билимдон ва Қудратлидир” (Рум сураси, 54-оят).

Набий алайҳиссалом дунёнинг инсон фойдаланадиган, лаззатланадиган нарсаларининг энг яхшисини айтиб: “Унинг энг яхши неъмати солиҳа аёлдир”, дейдилар. “Энг яхшиси”, яъни энг афзал неъмати – солиҳа аёлдир.

Солиҳа қандай аёл? Уни Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай таърифлаганлар: “Аёл тўрт нарса учун никоҳланади: моли, насаби, жамоли ва дини учун. Сен диндорини танлагин, қўлинг тупроққа қорилгур” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Диндорлик – аёл киши сифатланган энг яхши сифатдир. Шунинг учун энг яхши неъмат солиҳа аёлдир.

Саҳобалар Набий алайҳиссаломдан: «Ё Расулуллоҳ, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир, деб сўрашганда, у зот алайҳиссалом бундай жавоб берганлар: “Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани, қачон буйруқ берса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани» (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Дунё неъматнинг энг афзали – солиҳа аёл. Шунингдек, дунёнинг энг яхши неъмати, аёлга нисбатан, солиҳ эрдир. Солиҳа аёл қанчалик эрининг ҳақини адо этса, солиҳ эр ҳам аёлининг ҳақига риоя этади. Шу боис Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Йўқса, Ер юзида фитна ва катта фасод бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

“Риёзус солиҳин” асари асосида

Тошкент вилояти бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Нигора ИМОМОВА тайёрлади.

 

manba: Fitrat.uz

2409 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top