Мақолалар

Кулдираман

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларига келиб киришга рухсат сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларида ўша пайтда бир қанча кишилар киришга рухсат сўраб турган эди. Аммо Абу Бакр розияллоҳу анҳу изн сўрагач у кишига дарҳол киришга рухсат берилди. Бироздан сўнг Умар розияллоҳу анҳу келиб киришга изн сўрадилар. У кишига ҳам киришга рухсат берилди. Умар розияллоҳу анҳу кирганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у зотнинг атрофларидаги завжалари ҳам жим сукут сақлаб ўтиришар эди. Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кайфиятлари йўқлигини кўриб ўзларича: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдирадиган бирор гап гапираман», деб гап бошладилар:

-Эй Аллоҳнинг Расули! Хотиним умму Хорижанинг нафақа сўраганида бўйнига туширганимни бир кўрганингизда эди!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитиб кулиб юбордилар. Атрофларидаги хотинларини кўрсатиб:

-Булар ҳам мендан нафақа сўрашмоқда, дедилар.

Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу қизлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳони уришиб:

-Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан у зотда йўқ нарсани сўрайсанми, дедилар.

Умар розияллоҳу анҳу ҳам қизлари Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳони уришиб танбеҳ бердилар.

Икки онамиз ҳам: «Аллоҳга қасамки, бундан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳеч нарса сўрамаймиз», дейишди.

Ҳаёт ҳақида келган буюк ҳикоя бу. Сийрат саҳифаларининг энг порлоқ саҳифаларидан бири бу. Замон дарсларининг энг балоғатли дарси бу...

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эшикларида киришга рухсат сўраб турган кишиларга изн бермай турган эдилар. Оилавий муаммо туфайли кайфиятлари йўқ эди. Баъзан кишиларни дунёвий муаммолар бошини оғритади. Буни яхши ва тўғри тушунишимиз лозим. Уларни айбламаслигимиз керак.

Аммо Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларга рухсат бердилар. Сабаби, муаммо оилавий эди. Бу икки саҳоба эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қайнота бўладилар. Оилавий муаммоларни кўчага олиб чиқмасликда бу ҳикоя бизга гўзал намуна бўлади. Муаммони қайнота-қайноналар билишининг зарари йўқ. Аммо муаммо эр-хотиннинг ўртасида қолса янада яхши бўлади. Аммо бу ҳаётда гоҳида мушкулотлар кўчага чиқиб кетар экан.

Умар розияллоҳу анҳуга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларидаги маҳзунликни кўриш осон бўлмади. Дарҳол бу маҳзунликни кетказмоқчи бўлиб у зотни кулдирмоқчи бўлдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кишига айнан ўшандай муаммони айтдилар. Яъни, хотинлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам нафақа сўраб туришган экан. Аксига олиб ўша вақтда Набий алайҳиссаломда ҳеч нарса йўқ эди. Инсонларга ҳамма уйларда ҳам келишмовчилик бўлиб туришини айтиш тасалли бўлар экан. Эрларга «ҳамма хотинлар ҳам шундай» дейилади. Хотинларга «ҳамма эрлар ҳам шунақа, сизлар ҳам инсонларнинг бир бўлагисиз» дейилади. Инсонларга тасалли бериш кўнгил олишдир. Кўнгил олиш эса ибодатдир.

Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар Набий алайҳиссаломда йўқ бўлган нарсани қизлари у зотдан сўрашига рози бўлишмади. Бу эса оталарнинг буюклигидир. Хотиннинг ота-онаси куёвларининг қўлида ҳеч нарса йўқлигини билиб қолишса қизларининг қўлидан тутиб борига қаноат қилиб туришни айтиши лозим. Чунки пул топа олмай турган эрдан кўп нарса талаб қилиш унга юк бўлади, эр ожизликни ҳис қилади. Бу эса эр-хотиннинг ўртасига совуқлик туширади, оилани барбод қилади!

Абдулқодир Полвонов

1984 марта ўқилди

Мақолалар

Top