Мақолалар

Ҳар кўнгил бир каъбадир

Қалб инсон кўкрагидаги бир парча гўшт бўлиб, хатари улкан, таъсири эса каттадир. Унинг салоҳияти бутун тана ва жамийки аъзолар салоҳиятидир. Унинг фасодга юз тутиши эса жасаднинг бари ва жамийки аъзоларнинг фасодга юз тутишидир. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор. Агар у салоҳиятли бўлса, жасаднинг бари салоҳиятли бўлади. Агар у фасодга юз тутса, жасаднинг бари фасодга юз тутади. Огоҳ бўлинг!

Покиза қалб бу – инсоннинг қалбини иймон ҳамда Аллоҳ азза ва жаллага бўлган бандалик тозалаб қўйган бўлишини ифода этади. Бас, шунда ушбу қалб инсонлардан етиши мумкин бўлган озорларни, у ер-бу ерлардан тегиши мумкин бўлган ҳақорат томчиларини кўтара олади ва тоза, оппоқ бўлиб қолади. Ҳар қачонки унга қора нуқта суқулиб кирмоқчи бўлса, унинг Аллоҳ таолога бўлган бандалиги уни эритиб йўқ қилади ва яна тоза, оппоқ бўлиб қолаверади. Мана шу тоза қалбдир.

Мавлоно Жалолиддин Румий ёзадилар:

 «Каъба Озарнинг ўғли Иброҳим Ҳалилуллоҳ қурган иморат. кўнгил эса Азиз ва Жалил бўлган Аллоҳ таолонинг назаргоҳидир, (боқадиган еридир)...»

Румий ҳазратлари Каъбани камситаётганлари йўқ асло... Демоқчи бўлаяптики Каъба муқаддас бўлишига қарамай, моддий ашёлардан бино бўлган... Зарар кўрса, нураса, йиқилса уни таъмирлаш ёки янада мукаммал шаклда тиклаш мумкин...

Аммо унинг ҳам мавжудлигига сабаб бўлган Инсоннинг Аллоҳ назаргоҳи ва иймон жилвагоҳи Кўнгли бир синса, таъмирлаш имконсиз...

Кўнгил ҳақида сўзлар эканмиз, юракларимизни бир соғинч тўлдиради. Бу энг ҳассос ва энг тоза қалб соҳиби жаноби Пайғамбаримизнинг соғинчларидир...

Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамиша болалар, хаста, кекса, кимсасиз, фақир, бева, бечора кишиларнинг кўнглини олиб, барчага бирдек шавқат билан муносабатда бўлганлар...

Бир байрамда ҳамма шоду-хуррам турган чоғида, ота-онаси йўқлигидан эзилиб, бир четда турган етим болага:

- «Мен сенинг отангман, ўксинма» – деб ҳадялар берганлар...

Кўнгилини олиш, етимлигини билдирмаслик учун кўчада ўша бола айтганидек туя бўлганлар...

Тўрт оёқлаб, болани елкаларига миндириб, саллалари пешини жилов қилиб, «суворий»ларига тутқазган чексиз шафқату раҳматнинг тимсоли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир...

Оқкўнгиллилик ва қалб покизалиги...  Булар одамларда топилиши қийин бўлган оғир ибодат.

Гўзалликни кўриш учун гўзал қалбли бўлиш керак.  Гина ва нафратни ўзида жамлаган қалб яхшиликни қандай кўради, бағрикенглик йўлини қандай тутади?!

Ҳасаддан ёнаётган қалб қандай қилиб ўзи яхши кўрган нарсани бошқага илина олади?!

Бировлар айбини, қабоҳатни қидирган қалб гўзал хислатларни қаердан кўра олсин?!

Атроф олам гўзаллигини кўриш учун покиза қалб кўзи билан қараш лозим. Бўлмаса  қалбда бино қилганинг қора девордан ўзга нарса кўринмайди кўзга...

Биласизми, биз қалбимиз орқали улашган меҳр, бир инсонни хурсанд қилади,  шу инсондаги хурсандчилик тугагунича, бизни ҳаёт бошқа тарафдан хурсанд қилади. Аксинча биздан берилган ёмонлик, нафрат ҳам бир инсонни қалбини оғришига сабаб бўлиб,  токи у инсонни қалб оғриғи битмагунича, оғриқ берган инсонда салбий ўзгаришлар кузатилар экан...

Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан хурсанд бўлиб, “Эй Оиша, мендан хоҳлаган нарсангни сўра” дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак аёл эдилар, бу фурсатни қўлдан бой бермаслик учун энг яхши нарсани сўрашни қасд қилдилар ва “Бу борада отам билан маслаҳатлашсам” дедилар. Чунончи Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб воқеъани баён қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло у зотга сирларни айтган. Ўшалардан бирини айтиб беришларини сўра” дедилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўша нарсани сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Роббим менга меърож кечасида “Менинг наздимда мўминнинг даражаси шу даражада юқорики, қайси бир мўмин бошқа бир мўминнинг қалбига хурсандчилик солса, албатта жаннатий бўлади” деди”, дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо хурсанд бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни етказган эдилар Абу Бакр қаттиқ йиғладилар. Оиша розияллоҳу анҳо “Нега йиғлайсиз, ахир бу хурсандчилик хабар эмасми” деганларида, “Бу, мўминнинг қалби Аллоҳ таолонинг наздида шу даражада қадрлики, ким унга озор етказса, дўзахийдир” дегани бўлади – дедилар.

Вақтинчалик омонатга берилган қалбларимиз покиза, амалларимиз солих хамда Аллохнинг розилигини топадиган савобли ишларда бардавом бўлиб, атрофдаги инсонларнинг кўнглини хурсанд қилиш барчамизга насиб қилсин.

Янгийўл тумани

Имом султон жоме масжиди Имом хатиби О.Нарзуллаев

2639 марта ўқилди

Мақолалар

Top