Мақолалар

Юрти тинчнинг ўзи тинч

Ватан ҳимояси – шараф

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган беқиёс ўзгаришлар, янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари бутун жаҳон афкор оммасининг ҳақли эътирофларига сазовор бўлмоқда. Албатта, бундай ютуқлар, муваффақиятлар замирида, ҳеч шубҳасиз, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик мужассам.

Тинчлик Аллоҳ таолонинг шундай тотли неъматики, у бўлмаса, одамлардан ҳузур-ҳаловат, хонадонлардан барака, оилалардан қут, жамиятдан меҳр, юртдан маъмурлик, Ер юзидан файз кўтарилади. Дунё рангсиз, жилосиз, нурсиз ва зиёсиз бўлиб қолади.

Бежиз Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир» (Бақара сураси, 208-оят), деб марҳамат қилмаган.

Муфассирлар ояти каримадаги “силм” сўзини турлича тафсир қилишган.  Ибн Аббос, Мужоҳид ва Товус раҳимаҳумуллоҳ “силм” сўзига “Ислом” деб маъно беришган. Имом Заҳҳок, Абул Олия ва Рабиъ ибн Анас раҳимаҳумаллоҳ “итоат” эканини таъкидлайди. Зеро, “Ислом”нинг маъноларидан бири итоат, бўйсунишдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик ва хотиржамлик ҳақида бундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар” (Имом Бухорий ривояти).

Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам бирдек баҳраманд бўлаётгани йўқ. Дунёнинг турли бурчакларида террорчилар ноҳақ қонлар тўкаяпти. Бундай мудҳиш воқеаларнинг қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори Ўзбекистон халқининг қалбини ҳам қаттиқ ларзага солади.
Биз ҳар қандай бузғунчиликка, қон тўкилишига, худкушликка, қўпорувчиликка, терроризмга қаршимиз. Унинг мудҳиш жиноятларини қаттиқ қоралаймиз.

Динимизда нафақат уруш, балки ҳар қандай шаклдаги зўравонлик, фитна-фасод, бузғунчилик, қўпорувчилик, қароқчилик, бегуноҳ кишиларнинг қонини тўкиш, ноҳақ одам ўлдириш қатъиян ман этилади. Қуръони каримда инсонлар тинчини бузган кимсалар ҳақида бундай дейилади: «Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” дейилса, улар: “Албатта, биз чин ислоҳчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара сураси, 11–12-оятлар); «(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди» (Бақара сураси, 205-оят).

Мусулмон киши ҳар доим огоҳ ва ҳушёр бўлиши зарур. Айниқса, бугун дунё кўздаги ҳалқаланган бир томчи ёшдек омонат турган пайтда кўзимизни каттароқ очишимиз, ён-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқариб, ғараз ниятли кишиларнинг тузоғига асло илинмаслигимиз керак.

Яқинда қўшни давлат – Қозоғистонда содир бўлган воқеаларни кўрдик, кузатдик. Арзимас маиший, ижтимоий сабаб туфайли бутун мамлакат аҳолисининг тинчи бузилди, кўплаб моддий ва маънавий зарарлар, талафотлар кўрилди. Энг ёмони, намойишларда иштирок этган ёшларнинг кўпчилиги нима учун оломонга қўшилганининг фарқига ҳам боришмади. Ҳатто дини бир, тили бир, бир халқ, бир миллат бир-бирига қарши қурол кўтарди. Оқибатини эса барчага аён.

Муқаддас динимизда мусулмоннинг мусулмонга қарши қурол кўтариши мутлақо мумкин эмас. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирдилар: “Ким бизларга қарши қурол кўтарса, у биз (Ислом аҳли)дан эмас” (Имом Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларни ўзаро тинчликка даъват этиб бундай буюради: «Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!..» (Ҳужурот сураси, 9-оят).

Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар Ислом динининг моҳиятига мутлақо зид экани Бақара сурасининг 191-оятидаги “...Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир...”, деган кўрсатмада янада ойдинлашади.

Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, тинчликни таъминлаш турли кўнгилсизликлар ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шартидир. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади.

Аллоҳ таоло бандаларига ёппасига тинчликка кириш, бахтли яшаш ва абадий саодатга эришишлари учун зарур бўлган барча йўл-йўриқларни таълим берган. Тинчлик, аввало, ҳар бир кишининг ўзидан бошланади. Зеро, Ислом кўрсатмаларига амал қилган инсон қалбига тинчлик-хотиржамлик ўрнашади. Сўнгра бу оилага кўчади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, у мустаҳкам ҳамда бардавом бўлади. Динимизда оиланинг тинчлиги учун ҳам зарур бўлган барча чора-тадбирлар кўрилган. Оиладаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғ, маҳалла-кўйга, кейин жамиятга, сўнг давлатга ўтади.

Бутун дунёда Исломда кўзланган тинчлик ўрнашса, қалблар таскин топиб, кишилар ўртасида аҳил-иноқлик, меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланади. Шунда барча инсонлар тинч-тотув ҳаёт кечиради.

Тинчлик ҳақида кўп гапирилади, маърузалар қилинади. Лекин шу тинчликни таъминлаб бераётган Ватан посбонлари, ҳимоячилари кўп ҳам тилга олинавермайди. Ваҳоланки, Ватан ҳимояси – муқаддас бурч, шарафдир. Ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинган: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Икки кўзни дўзах оташи куйдирмайди. Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган кўз, Аллоҳнинг йўлида тунлари қўриқчилик қилган кўз”, деганларини эшитдим» (Имом Термизий ривояти).

Демак, биз ҳар йили 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида ёки шу байрам муносабати билан эмас, балки бугунги таҳликали даврда Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаётган посбонларимизнинг, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳақларига хайрли дуолар қилишимиз, уларга имконият доирасида ҳар доим кўмаклашишимиз шарт.

Қаерда тинчлик ҳукм сурса, ўша ерда файз-барака, ривожланиш бўлади. Ўша юрт фарзандлари камол топади. Энг асосийси, мўмин-мусулмонлар эмин-эркинликда ибодатларини мукаммал адо этадилар. Аллоҳ асрасин, оиламизда бирор нотинчлик юз берса, кўнглимизга тўй-томоша ҳам, кўнгилхушлик ҳам сиғмайди. Ҳатто бир луқма таомни ҳам хотиржам ютолмаймиз.

Тинчлик ва хотиржамлик бизга ато этилган энг улуғ неъматлардан. Унинг қадрига етиш учун мулоҳаза юритишимиз, шу неъмат кимларга насиб қилгану кимлар ундан бебаҳра қолгани ҳақида тафаккур қилишимиз керак. Хуллас, барча эзгу ишларнинг рўёбга чиқиши учун тинчлик ва осойишталик керак. Шундай экан, нафақат тинчликнинг қадрига етиб, шукронасини ҳам сўзда, ҳам амалда адо этишимиз зарур. Зеро, донишманд халқимиз юрти тинчнинг ўзи тинч, деб бежиз айтмаган.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, посбонларимизни Ўз паноҳида асрасин!

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

 

2266 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top