Мақолалар

Kun.uz мухбири мурожаатига муносабат

Шу йил 22 январь куни илк ўзбекистонлик зиёратчилар икки йиллик танаффусдан сўнг умра ибодати учун Саудия Арабистони Подшоҳлигига етиб бордилар. Мураккаб вазиятга қарамай юртимиз мўмин-мусулмонлари шундай улуғ неъматга етишганлари боисидан бутун диёримиз шодликка тўлди.

Таассуфки, халқимиз мана шундай хурсанчиликни нишонлаётган бир паллада Kun.uz таҳририяти мухбири томонидан масалани чуқур ўрганмай, иккинчи томон жавобига сабр қилмай эълон қилинган бир ёқлама маълумотлар халқимизни ҳақиқий воқеликдан чалғитишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси умра масаласидаги аввалги баёнотларида ҳам қайд этганидек, умра сафарини ташкил қилиш бўйича Саудиядаги бир неча ширкатлар имкониятлари ўрганилди. Энг аввало, Ҳаж ва умра вазирлиги талабига асосан умра хизматларини кўрсатиш бўйича подшоҳликда амалдаги қонунчиликка тўла мос келадиган лицензияга эга бўлган ширкат бўлишига катта эътибор қаратилди. Кенг қамровли ўрганишлар натижаларида, Саудия Арабистонидаги “Abu Sarhad” ширкати ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун муносиб, деб топилди.

Ушбу ширкатни танлашда қуйидаги асослар, имкониятлар ва тажрибаларга таянилди:

  • “Abu Sarhad” ширкати Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра вазирлигининг ҳаж ва умра зиёратлари хизматларини кўрсатиш учун лицензия олган ширкатлар рўйхатида мавжуддир!

(https://eservices.haj.gov.sa/eservices3/pages/UmrahOperator/searchUmrahOperator.xhtml?dswid=5000 ).

 

  • Тақдим этилган маълумотларга кўра, ширкат ташкил этилганига 40 йил бўлган. Abu Sarhad Group раҳбари Носир бин Aбдуллоҳ Aбу Сарҳад, умра шўъбаси раҳбари Саид Умар Баҳашван ва масъул ходимлари умра хизматларини кўрсатишда 20 йиллик тажрибага эга;
  • 2020-2021 йиллардаги пандемия давридаги ҳаж мавсумида 1500 нафарга яқин маҳаллий ҳожиларга хизмат кўрсатган;
  • Араб давлатлари, Нигерия, АҚШ, Канада, Туркия, БАА, Италия, Жанубий-Ғарбий ва Ўрта Осиё давлатлари зиёратчиларига умра хизматларини кўрсатган;
  • Abu Sarhad Group таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари учун замонавий кейтеринг хизматлари компанияси фаолият кўрсатади. Йилига 3 миллион дона қадоқланган озиқ-овқат, яна шунча салқин ичимлик тайёрлаш қувватига эга;

  • Abu Sarhad Group таркибида штат бўйича жами 35.000 ходим мавжуд. Шундан 250 нафари Умра тадбири (автобус, кейтеринг, озиқ-овқат, ер усти хизматлари)га жалб қилинган;
  • 950 енгил автомобил, 15 тез тиббий ёрдам автомобили, 350 та микроавтобус, 8 минг атрофида автобус (шундан 1400 таси 2022 йил модели), юқори даражадаги делегацияларни САПда қабул қилиш ва олиб юриш учун премиум тоифадаги 25 енгил автомобил мавжуд;
  • 10 кунлик умра дастури, Мадина шаҳрида 5 юлдузли (“Масжид ун-Набавий” билан 50 метр масофада) “Пуллман Замзам” меҳмонхонаси, Маккада 5 юлдузли (“Ал-Ҳарам” масжидига 150 метр) “Ҳилтон-Макка-Конвеншн” меҳмонхонаси хизмат қилади. Ҳар икки меҳмонхона дунёнинг етакчи меҳмонхоналар тизимига мансубдир;
  • Ҳар бир зиёратчи учун совға (термос, сумка, тўшак, соябон ва ҳ.к) берилади. Ватанга қайтишда Зам-зам суви, хурмо ва жойнамоз туҳфа этилади.

Мана шундай имкониятларнинг амалдаги исботи сифатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан сайт ва ижтимоий тармоқларда мақолалар ва видеороликлар эълон қилинди.

Аввалги баёнотларимизда, ижтимоий тармоқларда нисбатан мақбулроқ ва арзонроқ таклифлар билан чиқаётган баъзи ширкатлар тегишли талабларга жавоб бермасликлари ҳақида мўмин-мусулмонлик жиҳатидан мухтасар тўхталиш билан кифояланган эдик. Бироқ, мавжуд вазият, мўмин-мусулмонларга ҳақиқатни маълум қилиш, айниқса, “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” ширкати номидан елиб-югураётган биродарларнинг хатти-ҳаракатлари мазкур ширкат танланмаганининг сабаблари ва омилларини ошкор этишга мажбур қилди:

  • “Manazel Al-Mukhtara Trading Co.” ширкати Ҳаж ва умра вазирлигининг умра ибодати учун лицензия олган ширкатлар рўйхатида мавжуд эмас! Қуйидаги линк орқали текшириш мумкин:

      (https://eservices.haj.gov.sa/eservices3/pages/UmrahOperator/List.xhtml?dswid=5000).

  • 2018 йилда компания Ҳаж ва умра вазирлигидан умра зиёрати хизматини амалга ошириш учун лицензия олган. Бироқ, 2020 йил июнь ойида ушбу лицензия маълум сабабларга кўра, бекор қилинган. Шу боис, айни кунларда ушбу ширкат ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш таъкиқланган.
  • Ширкат вакилининг танишига тегишли “Ториқ Марзуқи Ал-Матрафи” умра хизмати ширкати орқали ўзбекистонлик фуқароларга умра-виза расмийлаштириш ва хизматлар кўрсатиш таклиф этилган. Лекин, ушбу таклиф асосида умра хизматларини кўрсатиш Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан тасдиқланган ва амалиётга жорий этилган “1443 ҳижрий йил умра мавсум қоидалари ва иш механизмлари” тўғрисидаги Йўриқноманинг 2-бўлими 4-банди билан қатъий таъқиқланган. Бу ҳақда мазкур ширкат вакилларига қайта-қайта тушунтирилган.
  • Ширкат 2012 йилда Саудия Арабистони Савдо вазирлиги томонидан “Турар-жой биноларининг умумий қурилиши” ва “Мактаблар, шифохоналар, меҳмонхоналар каби нотурар-жойлар қурилиши” йўналиши учун лицензия берилган.
  • Ширкат 2016 йилда Савдо вазирлиги томонидан “Озиқ-овқат хизматларини кўрсатувчи умумий овқатланиш фаолияти”ни амалга ошириш учун олган лицензиясининг амал қилиш муддати 2020 йилда тугаган.

Мана шу каби сабаблар ва омилларга кўра, “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” ширкати танланмади. Энг зарур ва муҳим ҳужжатларга эга бўлмагандан кейин бундай ширкатнинг ҳар қандай таклифлари кучга эга бўлмайди!

Шундай бўлсада, “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” ширкати меҳмонхона хизматларини кўрсатиш каби фаолият турларини олиб боришини тушунган ҳолда келгусида умра хизматлари учун ҳам тегишли лицензияга эга бўлиши ва зиёратчиларга хизмат кўрсатиш ишларида Аллоҳ таолодан муваффақиятлар тилаймиз.

Kun.uz таҳририяти мухбири мазкур мавзудаги ўз чиқишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси шаънига нисбатан айтган сўзлари дуруст бўлмади. Аниқроқ таъкидлайдиган бўлсак, “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” подшоҳликда амалда бўлган умра хизмати кўрсатишга оид лицензияга эга эмаслигини яна бир бор таъкидлаймиз. “Ториқ Мазруқи Ал-Матрафи” ширкати эса мазкур ширкат номидан хизмат кўрсатиши қайд этганимиздек, қонунан таъқиқланган.

Шунингдек, ушбу мухбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси шартнома имзолаган “Abu Sarhad” ширкати ҳақида ҳам турли асоссиз маълумотларни баён этгани журналистик этикасига тўғри келмаслигини алоҳида таъкидлаймиз. Масалан, ширкатнинг сайти йўқ деб иддао қилди. Лекин ширкатнинг расмий https://abosarhad.com/ интернет сайти инновацион хизматлар билан фаолият олиб бормоқда.

 

Шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғида юқори сифат ва замонавий хизматларни ўз ичига олган https://www.facebook.com/abusarhadumrah/ саҳифаси фаол ишламоқда. Бундан ташқари, Instagram, Twitter, Telegram каби тармоқларга ҳам эгалигини билиб олиш керак.

 

Тўғриси, Kun.uz таҳририяти мухбири шунча асоссиз маълумотларни кенг оммага эълон қилиш ва асл вазиятдан мўмин-мусулмонларни чалғитишга нима туртки бўлганини тушунмадик. Лекин, бизнинг мақсадимиз – икки йилдан бери орзиқиб кутган ҳамюртларимиз Икки Ҳарами Шариф зиёратига етишсин, табаррук заминда зиёратчи ҳар бир дақиқасини фақат тоату ибодатга сарфласин ва фикру ҳаёли дуо-илтижода бўлсин!

Мазкур масалада уч марта муносабат билдирдик, бошқа бу мавзуга қайтиш ниятимиз йўқ, ҳолат қанақа эканини зиёратчиларнинг ўзларидан билиб олишни тавсия этамиз.

Ҳақ таоло ҳаммамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин, Ўзининг байти зиёратини насиб этсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

4990 марта ўқилди

Мақолалар

Top