Мақолалар

«Пули лақлақа» – «қимирлаётган кўприк»дан ўтиб сабоқ олишга интилган инсонлар, Бухородаги қадамжолар...

Мамлакатимизда тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, бир сўз билан айтганда, ўзбек халқининг буюк тарихини қайта тиклашга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қадим Бухоро заминида мангу қўним топган улуғ аждодларимиздан Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Моҳитобон Рeвгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий ва Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари қайта тикланиб, улар жойлашган масканлар ободонлаштирилди. Бугунги кунда ушбу мақбаралар улуғ зиёратгоҳларга айланган.

Халқимизнинг қадимий тарихидан сўзлайдиган ноёб ёдгорликлардан бири Ҳазрат Бобойи Лақлақағий зиёратгоҳи Бухоронинг Ромитан туманида жойлашган энг қадимий қадамжолардан саналади.

Ҳазрат Умар жоме масжиди имомлари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Ҳазрат Бобойи Лақлақағий – Ҳазрат Хожа Ниёз Хоразмий хожагонлик тариқатининг асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувонийга устозлик қилган. Шу боис Ҳазрат хожагонлик тариқати занжирининг бошланишида турувчи улуғ авлиё ҳисобланган. Ҳазрат тирикчилик учун деҳқончилик билан машғул бўлган. Ўз маблағлари ҳисобидан 3арафшон дарёси устида ёғоч кўприк қурдирган. Мазкур кўприкдан Чориқулбой томонидан тошкўприк қурилгунга қадар фойдаланилган.

Ҳазрат ўз муридлари тарбияси учун ҳам қимматли вақтини аямаган. Вақти-вақти билан воҳанинг барча туманларига сафар қилиб ҳам турган.

Тарихий манбаларда келтирилишича, Ҳазрат Бобойи Лақлақағий Абдулхолиқ Ғиждувонийга сабоқ берган йиллари ёши анча улғайган бўлиб, у кишига нисбатан «Бобо» сўзини илк бора Абдулхолиқ Ғиждувоний қўллаган экан. Абдулхолиқ Ғиждувоний устозларининг хизматларини қилиб, дуоларини олишга муваффақ бўлган. У зот сабоқ олиш учун Ғиждувондан Хожа Ниёз Хоразмий ҳузурига келганларида, Зарафшон дарёси устига қурилган «Пули Лақлақа» кўпригидан ўтган. Кўприкдан ўтиш чоғи кўприк қимирлаб тургани учун «Пули лақлақа», яъни «қимирлаётган кўприк» номини олган .

Ҳазрати Хожа Абдулхолиқ 1103 йил Ғиждувонда туғилиб, 1179 (айрим манбаларда 1220) йил марҳум бўлган. Қабри Ғиждувон шаҳрида жойлашган. Ҳазратнинг қабри устидаги мақбара мустаҳкам бўлиши учун томонлари 85х8,5 метр ва баландлиги қўшқаватли гумбази билан 8,5 метр қилиб, яъни куб шаклида қурилган.

Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг жуда кўп мурид, муҳиб, шогирдлари бўлган. Уларнинг энг етуклари Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Авлиёи Кабир, Хожа Сулаймон Карманий, Хожа Ориф Ревгарийдир. Хожа Абдулхолиқнинг муборак руҳи Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларини тарбия қилгани учун у улуғ зот Баҳоуддин Нақшбанднинг увайсий – маънавий пирлари ҳисобланган. Ҳазрат Баҳоуддинга зикри хуфя (овоз чиқармай махфий зикр қилиш)ни ўргатган ҳам у зоти шарифдир. Маълумотларга кўра, Ҳазрат саккиз минг бутпарастни мусулмон қилишга муваффақ бўлган, тавба қилдириб, тўғри йўлга солган.

Маданий мерос агентлиги бошқарма бошлиғи Баҳодир Матчоновнинг таъкидлашича, мамлакатимизда тарихий ҳақиқатни тиклаш давлат сиёсати даражасида бўлиб, 8 минг 210 та тарихий ёдгорликлар рўйхатга олинган.

– Бу рақамлар мамлакатимизни нафақат Шарқда, балки бутун дунёда тарихий маданий ёдгорликларга бой ўлкалардан бири сифатида намоён этади. Юртимиздан етишиб чиққан алломалар, буюк зотлар наинки халқимиз, балки бутун инсоният илм-фани, маданият ва санъати ривожига дахлдор улкан маънавий, моддий мерос қолдирган. Уларни асраб, келгусига авлодга етказиш эса бугуннинг долзарб вазифасидир, – дейди Баҳодир Матчонов.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

2288 марта ўқилди

Мақолалар

Top