Мақолалар

Қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди

Турмушнинг барча жабҳаларида инсонларни ўзаро тинч ва ахилликда ҳаёт кечиришларини таъминловчи таълимот ва қонунларини Аллоҳ таоло энг сўнги юборган самовий дини бўлмиш покиза ислом орқали инсониятга тақдим этди. Бу таълимотлар ўзлаштирилса ва бу қонунлар ҳаётга татбиқ этилса ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаётида бўлсин ёки жамият ҳаётида бўлсин ҳеч қанақа муаммога ўрин қолдирмаслигини, бунинг акси бўлган тақдирда эса боши берк кўчага кириб қолиш ҳолларини кундалик ҳаётда кўп бор гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ҳар бир инсон кишилар жамиятидан айрилиб, ўзи якка яшай олмайди. Демак инсон бошқа одамлар билан тўғри муносабат ўрнатиш, улар билан хисоблашиш билангина ўзаро ахил ва тотув яшашга эришади. Ислом дини бу муносабатларни ҳар бирини ҳикмат билан ўз ўрнига қўйган. Жумладан жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларини, ришталарини маҳкам боғлашни яъни силаи раҳмни ибодат даражасига кўтаради ва ота онага яхшилик қилиш билан тенг қўяди.

Бу мақолани ёзишга мени ундаган воқеа ҳам айни шу таълимотлардан бехабарлик сабаблими ёки билса ҳам бепарволикданми силаи раҳмни узган оила қисмати бўлди.

Ёшлари олтмиш атрофида бўлган опа ука юз кўрмас бўлиб кетди. Аслида опа ука бир-бири билан сан-манга борган эмас. Уларни шу балога гирифтор қилган уларнинг фарзандлари орасидаги жанжал. Одатда кичиклар орасидаги низони катталар бартараф қиларди. Бу оилада эса акси бўлди. Кичиклар катталарни ўз томонларига оғдирдилар. Натижада бу жанжалга ҳеч қанақа алоқаси йўқ опани ўз туғишган жигари, жондай азиз укаси билан барча алоқаларни узишга, кечирим сўраб келса ҳам укаси билан ярашмасликка  кўндирдилар. Бу воқеага қавми қариндошлари томашабин бўлгани йўқ. Улар опа укани яраштириш, ўрталаридаги муқаддас риштани яна боғлаш учун ҳамма чораларни қўлладилар. Лекин ижобий натижага эришмадилар. Уларга насиҳат қилганларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Бу каби воқеалар минг афсуски жамиятимизда тез -тез кузатилмоқда. Ака-ука, опа-сингил, қавму- қариндош ўртасида келишмовчилик  бўлиб туриши табиъий. Муқаддас Ислом динида  аразлашиш уч кундан ўтиб кетмаслиги бекорга таъкидланмаган. Агар зудлик билан уларнинг ораси ислоҳ қилинса ортиқча гап-сўз кўпаймайди. Эшитганлар ҳам буни тўғри қабул қилади. Аммо бир неча йиллаб улар ўртасини яраштириб бўлмаса, ошиқча деди-дедилар кўпаяди. Шу орада баъзи шайтоннусха одамлар оловга ёғ сепиб “кечирим сўраб паст кетасизми” ёки “улар сизнинг кечиришингизга лойиқ эмас” каби “маслаҳат”лар беради. Муддат чўзилган сари ўрталаридаги жарлик ҳам табора катталашиб, меҳр нафратга айланиб бораверади. Ҳатто шу даражага келиб қоладики бир-бирларини бошига тушган мусибатдан хурсанд, акси бўлса хафа бўладилар. Бу ҳолатни ўзи энг катта мусибат эмасми? 

Пайғамбаримиз Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Силаи раҳм қилган деганда ўз қариндошлари кўрсатган меҳр оқибатини қабул қилган кишини тушунмаймиз. Силаи раҳм қилган деб  қарши тараф қариндошлик алоқаларини узганда бунга жавобан эски алоқаларни давом эттирган кишини айтамиз.дедилар (Имом Бухорий ривояти)

Силаи раҳм қилиш қай даражасидаги амал эканлигини унга берилажак мукофотнинг салмоғидан ҳам билса бўлади.               

Абу Аюб Ал ансорий айтдилар: Сафарларининг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир аъробий йўлиқиб: Эй Аллоҳнинг элчиси! Мени жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган нарса тўғрисида хабар беринг” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Аллоҳгагина ибодат қиласан ва Унга ибодатда ҳеч нарсани шерик қилмайсан, намоз ўқийсан, закот берасан, силаи раҳм қиласан. дедилар. Яъни мана шулар сени жаннатга киришинга ва дўзахдан омон қолишинга сабаб бўладиган амаллардир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ризқи кенг ва умри узун бўлишини истаса силаи раҳм қилсин. дедилар (Имом Бухорий  ривояти)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар: “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда уч хислат бўлса, Аллоҳ қиёматда унинг савол жавобини осонлаштиради ва уни Ўз раҳмати билан жаннатга киритади дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули! Бу уч нарса нима? деб сўрадилар . Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени маҳрум қилганга сен илтифот кўрсатасан. Сен билан қариндошлик риштасини ўзганларга силаи раҳм қиласан. Сенга зулм қилганларни кечирасан. Агар мана шуларни қилсанг, Аллоҳ сени жаннатга киритар”дедилар. (Баззор, Табароний ва Ҳокимлар ривоят қилганлар)                 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхшилик ва силаи раҳмни мустаҳкамлаш қиёмат кунида ҳисоб китобни енгиллатадиган амаллардир” дедиларда ушбу оятни тиловат қилдилар:    “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар”.(Раъд сураси 21 оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мискинга берилган садақага битта савоб. Агар садақа қариндошга берилса иккита савоб. Ҳам силаи раҳмнинг ҳам садақанинг савоби бўлади»- дедилар

Аксинча қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағрлик ва хиссиётсизлик деб баҳоланади. Ўз яқинларига яхшилик қилмайдиган, қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлган кимсалар бегоналарга қандай муносабатда бўлишини тасаввур қилаверинг. Бундай кимсалардан яхшилик, раҳм-шафқат кутмаса ҳам бўлади. Силаи раҳмни узиш энг оғир жиноятлардан эканини унга берилажак жазонинг оғирлигидан ҳам билса бўлади.

Аллоҳ таоло шундай дейди: Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир (Муҳаммад сураси 21-22- оятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”-дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти) 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қариндошлик алоқаларини узган бўлса ёки гуноҳ ишни қилишга қасам ичган бўлса, бу ишларининг балосини шу дунёда кўрмасдан ўлмайди.(яъни албатта шу дунёнинг ўзидаёқ жазосини олади)- дедилар (Имом Байҳақий ўзининг “Саҳиҳ”ларида келтирганлар)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: Ҳар Пайшанба Жумъа кечасида одамларнинг қилган амаллари тўғрисида Аллоҳга хабар берилади. Шунда силаи раҳмни узганларнинг яхши амаллари Аллоҳ тамонидан қабул этилмайдидеганларини эшитдим.( Имом  Аҳмад ривояти)

Юқоридаги воқеани бежиз келтирмадик. Чунки бугунги кунда силаи раҳмни узиб, бундан заррача афсусланмай бемалол ичимизда юрган одамларни кўраяпмиз. Бу ҳол ҳаммани хушёрликка чақирмоғи лозим. Зеро Абдуллоҳ ибн Абу Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “-Ораларида қариндошлик алоқасини узувчиси бор қавмга Аллоҳнинг раҳмати тушмайди!” деганлар”.

Табароний қайд этади:

-Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бомдод намозидан кейин бир жамоат ичида ўтирарди. Дедики: “Ҳудо ҳаққи, қон-қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлса, орамиздан туриб кетсин! Биз Роббимизга дуо ўқимоқчимиз. Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлган жойда осмон эшиклари ёпиқ бўлади, дуолар қабул бўлмайди”. Демак бу гуноҳни содир этганларнинг касри  бошқаларга ҳам урар экан.

Бу каби инсонларга чин дилдан ачинганимиздан, уларни оят ва ҳадисларда огоҳлантирилган кулфатларга мубтало бўлмасликларини ҳамда бир-бирларини авф этиб, қариндошлик ришталарини қайта боғлашларини хоҳлаганимиздан шу масалани кўтардик. Чунки жамиятни бир бинога, ундаги оилаларни уни ташкил этиб турган ғиштларга ўхшатишади. Жамиятимиз биноси мустаҳкам бўлиши ҳар бир оилани мустаҳкам бўлишидан ташқари бошқа оилалар билан ўзаро тотув, ахил ва иноқ бўлишини талаб қилади. Бу талаб қўни-қўшнилик, қавму- қариндошлик ришталарини маҳкам тутиш билангина бажарилади.  

 

Тошкент вилояти Бекобод тумани

 бош имом-хатиби Рисбоев Анвар 

2321 марта ўқилди

Мақолалар

Top