Мақолалар

Инсон қадрланган ўлкага Аллоҳнинг раҳмати ёғилади

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Яхшиликлар, хайрли ишлар бардавом бўлиб, инсон қадри улуғланган юрт доимо тараққий этади. Халқи ҳамжиҳатликда, меҳр-муруватда умргузаронлик қилади. Шу боис ҳам мамлакатимиздаги бош ислоҳотларда инсон шаъни, унинг қадр-қимматига катта эътибор берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 26 январь куни Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни амалга ошириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2022 йилда юртимизда инсон қадри улуғланишига катта урғу қаратишга оид вазифалар белгиланди. Боиси инсон қадрини улуғлаш энг олий фазилат бўлиб, Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз, деб таъкидлади Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда сўзлаган нутқларида.

Тараққиётимизнинг янги даврида аҳолимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида инсон қадрига бўлган эътиборнинг амалий ифодаси шаклланмоқда, ушбу фазилатлар халқимиз турмуш-тарзида тобора мустаҳкам қарор топиб бормоқда.

Ҳақиқат қиёсда билинади. Ўтган йилда 25 та янги масжид очилгани жуда катта тарихий натижа, 96 та жоме янгидан қурилгани эса мўмин-мусулмонлар учун қувончли воқеа бўлди. Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига қабул квоталари ўтган йилларга нисбатан оширилди. Ўқиш сифатини тубдан яхшилаш бўйича фан дастурлари ишлаб чиқилди. Икки нафар уламо Фалсафа фанлари доктори (PhD) илмий унвонини олгани, яна кўплаб диний соҳа ходимлари илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётгани соҳадаги эришилаётган ютуқларнинг тотли меваларидир.

Ўлкамизда ташкил этилган “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари сони 21 тага етгани Аллоҳнинг каломига муҳаббатли халқимизни чексиз мамнун этмоқда. Шу кунга қадар 25 минг нафар кишига қироат бўйича бошланғич илмлар берилгани ва айни кунларда ушбу ўқув курсларда 2,5 минг киши таҳсил олаётгани хайрли ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир.

Аҳолининг диний саводхонлиги ва маърифатини ошириш мақсадида, “Ҳидоят сари” кўрсатуви негизида “Муфтий минбари” рукни, “Маданият ва маърифат” телеканалида “Маърифий суҳбатлар” ва “Зикр аҳлидан сўранг” номли янги телекўрсатувлар эфирга узатилаётгани бу борадаги хайрли ишларнинг янги босқичга чиққанидан дарак бериб турибди.

Мазкур улуғвор ишлардан кўзланган асосий мақсад инсон қадр-қимматини улуғлашга қаратилгани билан янада аҳамиятли бўлди. Кўзимиз билан кўриб, баҳра олиб турган бундай эзгу амаллар жорий йилда ҳам давом этади, иншо Аллоҳ.

Давлатимиз раҳбари Тараққиёт стратегиясининг 7 та устувор йўналишининг ҳар бирига алоҳида тўхталиб, энг муҳим жиҳатларини айтиб ўтдилар. Жорий йилда инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, одамларни рози қилиш борадасиги ислоҳотлар кўлами янада кенг қулоч ёзишига ишонч ҳосил қилдим.

Ушбу дастурий ҳужжатда яқин ва ўрта истиқболда мамлакатимизнинг ривожланиш босқичлари қандай бўлиши, бу борадаги устувор вазифалар белгиланган. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жорий йилги “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” бўйича давлат дастури лойиҳаси ҳам мана шу ҳужжатдан келиб чиқиб тайёрланган.

Хусусан, маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш зарурлиги таъкидланди. Учинчи Ренессансга пойдевор яратиш жараёни кечаётган бугунги кунда халқимизнинг диний-миллий қадриятлари, урф-одатлари мужассам топган маънавият бешиги бўлган маҳалланинг ўрни ниҳоятда муҳим. Оила жамиятнинг асосий бўғини бўлса, маҳалла қадимдан тарбия ўчоғи, одамларни уюшқоқлик асосида аҳилликда турмуш кечиришларини таъминлаб келган. Айниқса, ўзбек халқининг яхши ва ёмон куни, дард ва ташвиши, муаммоларию кечинмалари ана шу қўрғонда кечади.

Таъкидлаш жоизки, ҳар биримиз маҳаллада улғайганмиз, беғубор ёшлигимиз, ёдда қоладиган яхши кунларимиз ушбу гўшада ўтган. Мўйсафид отахонлар, нуроний онахонларнинг панду ўгитлари тарбиямизда тамал тоши бўлган, дўстлар билан хурсандчиликларимиз бир умр хотирамизга муҳрланган. Бежизга бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она дейилмаган. Маҳалла – оилалар жипслилигини таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этадиган табаррук даргоҳдир.

Янгиланаётган мамлакатимизда фуқароларимиз тинчлик ва хотиржамликда муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда маҳалланинг ўрни ва аҳамияти кун сайин ортиб бормоқда. Шу мақсадда, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолияти йўлга қўйилди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонига кўра, 2022 йил 1 январдан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари иш бошлади.

Демакки, бугун маҳалла ислоҳот, маърифат ва тарбия масканига айланиб, ваколатлари кенгаймоқда. Айниқса, маҳаллаларда йигит ва қизларга оилавий ҳаёт ҳақидаги, шунингдек, маънавият, одоб-аҳлоқ ва руҳий тарбия борасидаги билим ва тушунчаларни болалигидан сингдириб бориш жуда фойдали бўлади.

Мана шундай савобли ишларда диний соҳа ходимлари, уламолар ва имом-хатиблар фаол иштирок этмоқдалар. Имом-хатиб жамиятда одамларнинг қадр-қимматини ўз ўрнига қўйиш ва барча инсоний фазилатлар ила зийнатланишида асосий тарбиячидир. Имом бор вужуди, ихлоси билан кишиларни икки дунёда саодат аҳлидан бўлиши йўлида одамларни юксак одоб-ахлоқ, солиҳ амалларни қилишга, адолатли ишларга, фойдали илм-маърифат ўрганишга, маданият ютуқларидан ижобий суратда истифода этишга, ҳар бир кишини ота-она, оила, фарзанд, қавм-қариндошлар ўртасида тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва муҳаббат руҳида яшашга чорлайди.

Ислом инсон қадрини ҳамма вақт, ҳар ерда улуғлашга буюрган, унинг шарафини олий даражага кўтарган. Динимизда инсонни азиз ва мукаррам зот сифатида улуғланади ҳамда киши ҳаётининг руҳий ва маънавий жиҳатдан комилликка етишишига катта эътибор беради.  

Ҳақ таоло инсонни Ўзи яратган барча жонзотлардан афзал қилган. Яратган Парвардигор одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйган. Фаришталар ҳам инсон Аллоҳ томонидан яратилгани учун унга ҳурмат бажо келтириб, таъзим саждасини адо қилди. Мана шу нарса инсонни олий мақомга кўтарди. Раббоний жон ато этилиши инсон шарафини улуғлади. У энди Ҳақ таолонинг Ер юзидаги ўринбосари, деган муборак номга мушарраф бўлди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” .

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир” – деб марҳамат қилганлар. Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида бундай дейдилар: “Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бору, лекин нафсу шаҳват йўқ. Ҳайвонотда эса нафсу шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, нафсу шаҳват фақат нафсни қондириш ва бунинг учун ҳар қандай гуноҳу маъсият ишларга бошлайди. Бинобарин, агар инсоннинг ақли нафсу шаҳватидан ғолиб келиб, унинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у фаришталардан ҳам улуғ мақомда юрган бўлади”.

Юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло: “Инсонни азиз ва мукаррам қилдик” – деб марҳамат қилади. Тафсир китобларида инсоннинг қайси неъматлар туфайли мукаррам экани тўғрисида кўп мисоллар келтирилган. Баъзи муфассирлар мазкур оятни шарҳлаб, инсонга ато этилган неъматларни иккига тақсим қилганлар. Биринчиси, жисмоний неъматлар. Бунга мисол сиҳат-саломатлик, тинч-фаровон турмуш кабилар. Иккинчиси, руҳоний ёки маънавий неъматлар бўлиб, унга имон, ислом, ҳидоят, ахлоқ, инсофу тавфиқ сингари ижобий сифатларни мисол қилиш мумкин.  

Аллоҳ таоло Ўзининг бу неъматларини зикр қилишидан мақсади – ҳар бир инсон ўзига ато этилган беҳисоб неъматларга шукр қилсин, бу нарсаларнинг қадрига етиб, уларни фақат хайрли ва фойдали ишларга сарф этсин, деган маънодадир.

Демак, инсоннинг  руҳий-маънавий олами бой бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча имонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина унинг даражаси юқори бўлади.

Аллоҳ инсонни ақл ва идрокда бутун махлуқларидан мукаррам айлаб,  унга Ердаги ҳамма нарсани бўйсундириб қўйди. Ҳақ таоло юқоридаги ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда: «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик».

Ҳақ таоло инсониятни азиз жисмини гўзал, беқиёс ва мукаммал яратган. Бу ҳақда Қуръони карим “Тин” сурасининг 4-ояти каримасида  “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик”, деб марҳамат қилади.

Мазкур йиғилишда муҳокама қилинган долзарб масалаларидан яна бири йўлларда хавфсиз шароит яратиш, транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш учун ҳаракатларни бошқаришни рақамлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқитиш кучайтиришга урғу қаратилди. Ҳақиқатан, сўнгги вақтларда атрофимизда йўл-транспорт ҳодисалари шунчалик кўпайдики, айримларини эшитиб, қалбимиз жуда ҳам маҳзун бўлмоқда. Минг афсуски, бунинг ортидан юзлаб инсонлар вафот этаётгани ёки бир умрга ногирон бўлиб қолаётгани ҳам ҳар биримизни зийракликка чорлаши керак. Биргина Тошкент шаҳрида 2021 йил 11 ойида пиёдалар иштирокида 524 йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 32 киши олган тан жароҳатлари туфайли ҳалок бўлган. Яна 487 кишига турли оғирликдаги бадан шикастлари етган.

Таъкидлаш керакки, Исломда йўл ҳаракати қоидалари Қуръон ва ҳадис, уламоларнинг ушбу манбалардаги умумий қоидалар асосида чиқарган ҳукмлари билан тартибга чақиради. Шунингдек, Ислом фуқаҳолари тақдим қилган ҳужжатлар асосида пиёда бўлсин ёки уловда бўлсин, ҳар бир мусулмон йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши шаръий жиҳатдан вожиб эканига иттифоқ қилинган. Шу боис, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш борасида фатвоси ҳам эълон қилган. Унда, мазкур қоидалар Ислом шариатига мос экани, мусулмонлар ушбу қоидаларга эътиқодан амал қилиши лозимлиги каби масалалар батафсил баён этилган.

Барча йўл қоидалари аслида инсоннинг жони ва молини асраш мақсадида тузилган. Бу эса Исломнинг аҳкомларида ҳимоя қилиш кўзда тутилган ҳамда шариат мақсадларига мувофиқ ҳисобланади. Мусулмон киши йўл қоидалари, одоб ва маданиятига амал қилиши кимдир назорат қилаётгани учун эмас, балки Ислом шариати талаби, деб эътиқоддан бажариши керак. Шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади ва савобга эришади, нохушликларнинг олди олинади, инша Аллоҳ.

Сўзимнинг ниҳоясида шуни қайд этмоқчиманки, Давлатимиз раҳбари айтганларидек: “Ишонтириб айтаманки, халқимизнинг ҳаёти янада фаровон ва мазмунли бўлиши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз”, деган қимматли сўзлари замирида юқорида баён этилган эзгу мақсад ва муддаолар мужассамдир.

Аллоҳ таолодан халқимизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадон-ларига тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилайман.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ ҳазратлари

 

 

2331 марта ўқилди

Мақолалар

Top