Мақолалар

Кечаси Қуръон ўқишнинг фойдалари!

Қуръон ўқувчилар учун ихтиёр қилинган вақтларнинг энг афзали кечасидир. Аллоҳ таоло айтади: «Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар, яхши амалга буюриб, исён-гуноҳдан қайтарадилар ва яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардир» (Оли Имрон сураси, 113-114 оятлар).

Ҳадиси шарифларда тунги намоз ва қироат фазилати ҳақида етарлича маълумотлар келган.

Ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қуръон қиёмат куни ҳолдан тойган киши кўринишида келиб, «Сени тунлари бедор қилган ва кундузлари чанқатган менман», дейди» (Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят санади ҳасан*).

Ушбу ривоятда айтилишича, Қуръон қиёмат куни ўз соҳиби олдига келиб, «Сени дунёда кечалари уйқудан қўйган, кундузлари оч-наҳор юришингга сабабчи бўлган менман», дейди. Қуръон охиратда соҳибига унинг дунёдаги кўринишида намоён бўлади. Сабаби банда тунлари уйқусидан кечиб Қуръон ўқиган ва Аллоҳ йўлида чарчаган, хориганди. Қуръон айнан шу кўринишда соҳибига йўлиқади. Банда дунёда Қуръон йўлида хизмат қилган бўлса, энди Қуръон банда фойдаси учун хизмат қилади.

Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: «Мен Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларида ўтиргандим, у Зот: «Сизлар Бақара сурасини ўрганинглар! Зеро, уни олиш барака, тарк қилиш ҳасратдир. Унга сеҳргарлар қодир бўлолмайдилар», деб айтганларини эшитдим. Сўнг бир муддат турдилар ва: «Бақара ва Оли Имрон сураларини ўрганинглар! Зеро у иккиси икки ёритувчи нур бўлиб, қиёмат куни икки булут ёки икки соябон ёки бир гуруҳ саф тортган қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларига соя қилади. Қиёмат куни қабр очилиб, банда у ердан чиқиб келганида Қуръон уни чарчаган киши суратида кутиб олади ва унга: «Мени танидингми?» дейди. Банда: «Сени танимайман», дейди. Шунда у: «Мени танимайсанми?» деб сўрайди. Банда яна: «Мен сени танимайман», деб жавоб қайтаради. Шунда (Қуръон): «Мен сени иссиқ кунларда чарқатган, кечалари бедор қилган дўстинг Қуръонман. Ҳар бир савдогар тижорати орқасидан фойда кўради. Сен ҳам бугун тижоратинг орқасидан фойда кўрасан», дейди. Бас, унинг ўнг қўлига мулк, чап қўлига мангулик берилади. Унинг бошига виқор тожи кийдирилади. Унинг ота-онасига икки либос кидирилади. У иккисига дунё аҳли тенг келолмайди. Шунда улар (яъни ота-онаси): «Бу бизларга нима сабабдан кидирилди?!» деб сўрайдилар. Шунда: «Фарзандларингиз Қуръонни ўргангани учун», дейилади. Кейин унга (яъни Қуръон соҳибига): «Ўқи ва жаннат поғонаси ва хоналари томон кўтарил», дейилади. У хоҳ тез, хоҳ шошилмасдан қироат қилсин, аста-секин юқорилаб бораверади», дедилар” (Доримий, Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, «Эй Муҳаммад, хоҳлаганингизча яшанг. Зеро, сиз (вақти келиб) ўласиз. Хоҳлаган одамингизни яхши кўринг. (Бир кун) ундан айриласиз. Хоҳлаган ишингизни қилинг. Зеро, сиз бунинг учун ҳисоб қилинасиз», деди ва кейин: «Эй Муҳаммад, мўминнинг шарафи кечаси қоим бўлиш ва унинг ҳурмати одамлардан беҳожатлигидадир», деди» (Ҳоким «Мустадрак»да, Байҳақий «Шуабул-иймон»да ва Табароний «Авсат»да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Ушбу ривоятда Жаброил (алайҳиссалом) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб, баъзи насиҳатларни қилгани айтилмоқда. Улардан шу нарса маълум бўладики, банда қандай ҳолатда яшашидан қатъи назар, фурсат етганда у, албатта, вафот этади, ёруғ оламдан кўз юмади ва Аллоҳ даргоҳига риҳлат қилади. Банда кимни ёки нимани яхши кўрмасин, улардан вақти келиб айрилади. Банда яхши ёки ёмон ишлари учун ҳисоб қилиниши аниқ. Мўминнинг илоҳий даргоҳдаги обрўси тунда ибодат қилиш билан юксалади, одамлар қўлидаги нарсадан беҳожат бўлиш билан унинг дунёдаги мартабаси ошади. (Давоми бор).

Ҳабибуллоҳ Саидов,
Термиз шаҳар "Ҳаким-Термизий" жоме масжиди имом-ноиби

2071 марта ўқилди

Мақолалар

Top