Мақолалар

Нонни исроф қилманг унинг ҳам уволи бор

Коронавирус офати жаҳон иқтисодиётига катта зарба бериб, миллиардлаб зарар келтирди. Айниқса, дунёнинг озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таъсир ўтказди. Натижада жаҳон бозорларида шафқатсиз рақобат, “савдо урушлари”, қарама-қаршиликлар кучайиб бормоқда.

Халқаро экспертлар фикрига кўра, пан­демия оқибатида очарчиликдан қийналаётган аҳоли сони икки баробар ошиб, 1 мил­лиард 600 миллионга етди. Бир қатор мамлакатларда, хусусан, Сурия, Афғонистон, Ироқ, Ливия, Яман, Судан, Эфиопия, Ни­герия каби давлатларда озиқ-овқат, нон етишмовчилиги кузатилмоқда. Оқибатда аҳоли егулик излаб ҳар қандай ишга қўл урмоқда, ёш гўдаклар эса ахлат қутиларини титкилашга мажбур бўлмоқда.

Шукрки, юртимизда давлатимизнинг ғамхўрлиги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли қорнимиз тўқ, устимиз бут. Тинч-хотиржам, ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам истаган егуликни тановул қиляпмиз. Аммо бундай шароитларнинг қадрига етиб, шукрона айтиш ўрнига исрофгарчиликка ҳам ўтиб кетганимиз ачинарлидир.

Яқинда пойтахтимиз бўйича мингта чиқинди шохобчасининг ҳар биридан кунига ўртача 2-3 килограммдан, умумий ҳисобда 2 тоннага яқин нон чиқиндига чиқариб ташланаётгани ҳақидаги маълумотга кўзим тушди. Агар биргина шаҳримизда шунча миқдорда бўлса, мамлакатимиз бўйича бу рақамнинг салмоғи янада ошиши тайин.

Аслида, қорнимиз бир бурда нонга тўяди. Лекин дастурхонда нон бўлаклари бўлса-да, бирор киши келиб ўтирса, яна янгисини синдириш одат тусига кирган. Хуллас, есак-емасак, синдираверамиз. Овқатлангач эса баъзан ортган нонлар ташлаб юборилади. Ресторан, ошхона, тўйхоналардан ортган қоп-қоп нон бўлакларини кўринг, юрагингиз увишади. Чиқинди шохобчаларида ҳам ахлат ва пўчоққа аралаш ташланаётган нон қолдиқларини кўриб таажжубланасиз, “Бунинг уволи тегмасмикин?” дея ўйга толасиз.

Атрофимизга назар ташласак, нафақат ёшлар, балки катталар орасида ҳам нон қадрини унутаётганлар, уни исроф қилаётганларни учратамиз. Афсуски, бундай кишилар бугун кимлардир бир бурда нонга, ҳатто ушоққа зор эканлигини англамайди. Уларнинг нонни қадрламаётганининг сабаби дастурхонининг тўкинлиги, “Доим шундай ҳаёт кечираман”, деган ишончнинг ҳаддан зиёдалигидир. Бу эса тўқликка шўхликдан бошқа нарса эмас. Бундай кишилар бир бошоқ буғдой нон бўлгунча қанчалар меҳнату заҳмат кетганини ҳис қилмайди. Майли, нон учун хизмат қилаётганлар меҳ­натига ҳақ олар, тақдирланар, лекин унинг қадр-қиммати сизу биз билан, яъни нонни исроф қилмасликда намоён бўлади.

Бугунги кунда юртимизда ҳар қадамда нон дўконлари ишлаб турибди. Исталган вақтда, ҳатто тун ярмида ҳам, новвойхоналарда обинон, патир нон, жиззали нон дейсизми, хоҳлаганимизни саралаб еймиз. Лекин тўкинлик исрофгарчилик дегани эмас. Бир-биридан ўзар тўйлар ва турли маросимларда исрофгарчиликка йўл қўйилаётганлиги, нон қадрини ҳис қилмай қўйганимиз, энг ачинарлиси, фарзандларимиз ҳам айнан шу йўлдан кетаётганлиги бугунги кунда жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан бирига айланиб улгурди. Жамиятимиз қанчалик фаровон, дастурхонимиз тўкин бўлган сари, маънавий қашшоқлашиб кетмоқдамиз. Фарзандларимизга нима яхши-ю, нима ёмонлиги, уволу савобнинг фарқини тушунтиришга вақтимиз йўқ. Улар эса ноннинг қадрига етиш, увол қилмаслик ҳақида ўйламай ҳам қўйган.

Узоққа бормайлик, мустақилликнинг илк йилларида нон қадри қанчалар баланд бўлгани, одамлар соатлаб, кунлаб нонга, унга навбатда тургани, қишлоқларда аҳолининг бошоқ тергани чиққанлари ҳали кўз ўнгимизда турибди. Иккинчи жаҳон уруши даврларида ҳам ота-боболаримиз бир бур­да нонга қанчалар зор бўлишган. Оталаримиз, оналаримиз бизни ҳозирги фараҳли кунларга етказиш учун оч-наҳор тер тўкиб, меҳнат қилганлар. Бугунги омон-омон тўкинлик замони аждодларимизнинг орзуси эмасмиди?! Уларнинг дуолари, ниятлари амалга ошиб, фаровон ҳаёт кечиряпмиз. Бунга шукр қилиш ўрнига исрофгарчиликка йўл қўйишимиз қанчалар тўғри иш?!

Зеро, муқаддас динимизда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз каломида: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб айтган (Аъроф су-раси 31-оят). Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларнинг қадрига етмаслик катта гуноҳдир. Шу боис жонимиз соғ, ейишга бир бурда нонимиз борми, шукрона айтайлик. Чунки бугунги таҳликали замонда дунёда миллионлаб кишилар тинчликнинг, ноннинг нақадар қадрли неъмат эканини ўз кўзлари билан, жонлари билан ҳис этишмоқда.

Ҳадиси Қудсийда бу ҳақда шундай дейилади: “Эй Одам фарзанди! Ҳамиша овқатланишга ўтирганингда қорни оч бечоралар ҳам эсингда бўлсин. Шунда Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишинг осонроқ бўлади”.

Дарҳақиқат, ҳозир дунёда миллион-мил­лион одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Биз шуни ўйлаймизми? Ёки уйи нон ва бошқа неъматлар билан тўкин оиладаги хаста одам бир тишлам нонни чайнаб юта олмайди. Буничи, буни кўз олдимизга келтира оламизми? Худо дастурхонимизни тўкин қилди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунга шукр қилиш ўрнига бу неъматларни нима учун исроф қилишимиз керак?!

Ёшлигимизда “Нон ушоғини босиб ўтсанг, кўр бўласан”, дея таъкидлашарди. Бу гапларни ота-онамиздан ташқари маҳалладагилар ҳам айтишарди. Кўчада ушоқни кўрсак, олиб, чангини пуфлаб, кўзга суртиб, четга қўярдик. Ҳозир кўплаб хонадонларда дастурхондан бир бўлак нон пастга тушиб кетса, олиб ейилмайди, аксинча, пўчоққа ёки ахлат челакка ташланмоқда. Нонга шу зайлда муносабатда бўлсак, Худо кўрсатмасин, эртага афсусланиб қолмайлик. Ахир “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан”, деган ҳикмат бежиз айтилмаган-ку!

Мамлакатимизда аҳолининг дон ва ғаллага, озиқ-овқатга бўлган талабини, эҳтиёжини қондириш давлатимизнинг доимий эътиборидаги масала. Шу боис пандемия ва карантин вақтларида ҳам аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилди. Бир дам узилиш бўлгани йўқ. Президентимиз иштирокидаги видеоселек­тор йиғилишларида ҳам жуда кўп бор ғаллачилик, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини янада ошириш вазифалари қўйилади ва катта-катта режалар қилинади. Бу ишларни амалга ошириш учун эса минглаб ҳамюртларимиз меҳнат қилиб, тер тўкади. Шундай экан, қаттиқ меҳнат эвазига етиштирилаётган ноннинг ва бошқа нозу неъматларнинг қадрига етиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик сизу бизнинг асосий вазифамиз бўлиши зарур.

Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Манба: Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 18 февраль, № 37 (8099)
2456 марта ўқилди

Мақолалар

Top