Мақолалар

ШАМОЛ БЎЛГАНДА ВА ЁМҒИР ЁҚҚАНДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

Ёмғир раҳмат ёки бало бўлиб келиши мумкин бўлгани сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шамол бошланса, (ёмғир яқинлашиб келаётганининг аломати бўлгани учун) кайфиятлари ўзгариб, безовта бўла бошлардилар. «Нега хавотирга тушдингиз» деб сўрашса, ул зоти бобаракот: «Умматимга жазо келмадимикин деб қўрқаман», дея жавоб берардилар.

? Ёмғир ёға бошлаганда ул зот қуйидаги дуони ўқир эдилар:

«Аллоҳумма, инний ас-алука хойроҳаа ва хойро маа фииҳаа, ва хойро маа урсилат биҳ, ва аъуузу бика мин шарриҳаа ва шарри маа фииҳаа ва шарри маа урсилат биҳ».

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, Сендан бунинг (шамолнинг) яхшисини, ундаги яхшиликни ва у билан юборилган нарсанинг (ёмғирнинг) яхшисини сўрайман. Сендан унинг ёмонидан, ундаги ёмонликдан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонидан паноҳ сўрайман».

Шундан сўнг, агар ёмғир сокин бўлса, ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам енгил тортиб қолар эдилар, ёмғир остига чиқиб, кўкракларини очардилар. Шу тарзда ёмғир олиб келаётган раҳматдан баҳраманд бўлардилар. Бунинг сабаби ҳақида сўралганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ёмғир ҳозиргина Роббимнинг ҳузуридан (даргоҳидан) келди», деб жавоб берардилар («Саҳиҳи Муслим»).

? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир пайтида мана бу дуони ҳам ўқирдилар: «Аллоҳумма, ҳаваалайнаа ва лаа 'алайнаа».

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, бу ёмғир атрофимизга ёғсин, устимизга ёғмасин» («Саҳиҳи Бухорий», «Саҳиҳи Муслим»).

? Момоқалдироқ гумбурласа, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма, лаа тақтулна би ғодобик, ва лаа туҳликнаа би 'азаабик, ва 'аафинаа қобла заалик» деб ҳам дуо қилардилар.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, бизларни ғазабинг ила ўлдирма, азобинг билан ҳалок қилма ва бундан аввал бизни авф қилгин» («Сунани Термизий», «Муснад Аҳмад» ва «Адабул муфрад». Имом Ҳаким, Заҳабий ( Мустадрак, 2-жилд, 286-саҳифа) ҳамда Ҳофиз Ибн Ҳажар ва аллома Жазарийлар ( Ал-Футуҳат ур-Раббония, 4- жилд, 284-саҳифа) бу ҳадисни саҳиҳ дейишган).

? Шунингдек, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «...Агар ёмғир ёғса:
اللَّهمَّ صَيِّبًا نافِعًا
«Аллоҳим! Фойдали ва нафли қилгин», дер эдилар».
(Дуонинг ўқилиши: «Аллоҳумма соййибан наафиъан»)
(«Саҳиҳи Бухорий»).

? Ёмғир тингандан сўнг ўқиладиган дуо

«Мутирнаа бифазлил-лааҳи ва роҳматиҳ».

Дуонинг маъноси: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила ёмғир ёғди» («Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим»).

❗️Келтириб ўтилган ушбу дуолар ёмғир ёғаётганда ўқиладиган кўплаб дуолардан баъзилари, холос.

#ШАМОЛ #ЁМҒИР #ДУО
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

3296 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top