Мақолалар

Динда саволим бор: Мени тез-тез ёмон ўй-хаёллар, ширк чулғаб олади, нега шундай бўлишини тушуна олмаяпман...

— Мени тез-тез ёмон ўй-хаёллар, ширк чулғаб олади. Ортидан дарров калима қайтариб, истиғфор айтиб юбораман. Лекин бу ҳол яна такрорланади, нега шундай бўлишини тушунолмаяпман...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ умматимнинг хаёлларидан ўтган нарсаларни, агар уни гапирмасалар ёки унга (таяниб) иш тутмасалар, кечириб юборади” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).

Кунларнинг бирида саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Бизнинг хаёлимизга шундай фикрлар келадики, уларни гапиришдан қўрқамиз. (Бундай ҳолатда нима қилиш керак)?” деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шу нарса сизларда ҳақиқатан ҳам пайдо бўлади-ми?” деб сўрадилар. Улар: “Ҳа”, дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу (яъни ўша ҳолатга тушишларингиз) очиқ имондир”, дедилар.

Яъни инсон қалбига келган ёмон фикрларни тилига чиқаришдан қўрқиши, уни айтишга уялиши, уни яшириши, бундай хаёлларни кўнглидан чиқариб ташлашга ҳаракат қилиши ҳақиқий имон аломати экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам банда хаёлига ёмон фикрлар келганида “таъаввуз” (аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм)ни айтишга, Аллоҳдан ёрдам сўрашга ва бемаъни хаёлларни бас қилишга буюрганлар.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

4574 марта ўқилди

Мақолалар

Top