Рўза – руҳ тарбияси
Аллоҳ таоло мўмин бандаларига ўта карамлидир. У инсонларнинг амалларини кенглиги осмонлару Ерча бўлган жаннат билан тақдирлади. Мўминлар жаннатга барчасидан киришлари учун ҳар бир дарвоза оралиғидаги масофани қирқ йиллик йўл қилиб қўйди. Ривоятларда зикр қилинишича, жаннатга кирувчилар шу қадар кўп бўладики, ҳатто бундай кенг дарвозаларда ҳам тиқилинч ҳосил бўлади.
Шундай бўлса-да, рўзадорлар жаннатга киришлари учун алоҳида дарвоза билан хосланди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қиладилар: «Жаннатда “Раййон” деб номланувчи дарвоза бор. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киради. (Қиёматда) “Рўзадорлар қаерда?” деб нидо қилинади. Бас, (рўзадорлар) ўрниларидан туришади. (Дарвозадан) улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. (Барчалари) кириб бўлгач, дарвоза беркитилади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Борий”да бундай дейди: «Ҳадисда “жаннатда” дейилди, “жаннат учун” дейилмади. Сабаби, жаннатдаги мазкур дарвозадан кирганларга роҳат-фароғат борлигини ҳис эттириш, унга нисбатан завқ-шавқни оширишдир».
“Раййон” лафзи ташналикнинг зидди – “чанқоқни қондириш” маъносини англатади. Демак, лафз билан маъно ўзаро уйғун. “Раййон” деб номланишига яна бир сабаб шуки, унда жуда кўп дарёларнинг мавжудлигидир. Яъни, дунёда ихлос билан тутилган рўза эвазига қиёматда рўзадорнинг чанқоғи қондирилади. Жаннатда эса, салқинлик бардавомдир. “Раййон” лафзи “чанқоқни қондириш”ни ифодаласа-да, тўқликка ҳам ишорадир. Зеро, чанқоқнинг бостирилиши тўқликка ҳам далолат қилади. Бундай гап бор: “Рўзадорни кўпроқ очлик қийнайди. Чунки кўпчилик сувсизликка чидаши мумкин, лекин очликка сабр қилиш қийин”.
Бу таъриф рўзадорнинг ҳолига муносибдир. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Дўзах эгалари жаннат эгаларига: “Бизга ҳам сувдан ёки Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан тўкинглар”, деб нидо қиладилар. Улар: “Албатта, Аллоҳ буларни кофирларга ҳаром қилган”» (Аъроф сураси, 50-оят).
Раййондан кириш учун рўзадор рўзасининг савоби камаймаслиги керак. Чунки рўзада таом, ичимлик ва бошқа ҳиссий нарсалардан тийилишгина эмас, балки ажрни камайтирувчи барча нарсалардан сақланиш вожибдир.
Эътибор берайлик, Раййондан кириш Рамазоннинг фарз рўзасини тутувчи рўзадорлар учун хосланаётгани йўқ. Боиси Рамазон рўзасини барча мусулмонлар тутади. Раййон дарвозасидан кирувчилар деб фарз рўзаларга нафл рўзаларни эргаштирувчилар айтиляпти.
Бу эса рўзанинг Парвардигор наздида қанчалик юксак мақомга эга эканини англатади. Набий алайҳиссалом ҳам буни янада ёрқинроқ ифодалаб: «“Рўзадорлар қаерда?” деб нидо қилинади. Бас, (рўзадорлар) ўрниларидан туришади. (Дарвозадан) улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. (Барчалари) кириб бўлишгач, дарвоза беркитилади», деб башорат бермоқдалар.
Баъзи олимларнинг фикрича, қиёматда рўзадорларга қилинадиган ушбу нидо уларни улуғлаш, ҳурматлаш, амалларининг савоби буюк эканини билдириш учундир.
Жаннат дарвозалари саккизтадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша дарвозаларни биринчи бўлиб очиб, уларга кирувчидирлар. Сўнгра барча мўминлар амалига мувофиқ дарвозадан киради. Чунки ҳамманинг ўзига яраша турли яхши амаллари бор, жаннатга кириш имтиёзларига эгадир. Лекин Раййон дарвозаси орқали киролмайди. Яхши амалларда пешқадамлар жаннатнинг барча эшикларидан чақирилишга ҳақли бўлади. Фикримизни Набий алайҳиссаломнинг башоратлари тасдиқлайди. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Қиёматда нидо қилинганлар фақат битта эшикдан киришадими ёки ҳамма эшикдан чақириладиган бирон киши ҳам бўладими?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Ҳа, бўлади. Сиз ўшалардан бўлишингизни умид қиламан”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Жаннат аҳли учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, башар хаёлига келмаган неъматлар бор. Жаннатда узундан-узоқ соялар, жило сочувчи нурлар, дарёлар мавжуд. Унинг тупроғи мушк ва заъфарондан. Тошлари ёқут ва маржондан. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳамда Ўзи уларга таърифлаб берган жаннатга киритар” (Муҳаммад сураси, 6-оят). Шунингдек, жаннатда хоналар, ишкомлар, қасрлар бўлиб, беҳишт аҳли ўз масканини танийди. Жаннатдаги уйлар тилладан бўлиб, бунга Пайғамбаримиз алайҳиссалом гувоҳ бўлганлар. Аллоҳ таоло у зотга жаннатни кўрсатган.
Ривоятда келишича, Набий алайҳиссалом жаннатдаги тилладан барпо этилган қасрнинг гўзаллигидан ажабландилар. Қаср ҳақида сўрадилар. У зот алайҳиссаломга: “Бу қурайшлик йигитга тегишли қаср”, дейилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ўша мен бўлсам керак”, деган ўйда қасрнинг эгаси ким эканини сўрадилар. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу экани айтилди. Набий алайҳиссалом Умар розийаллоҳу анҳуга бу ҳақда хабар берар эканлар: “Эй Абу Ҳафс, агар рашкчилигингни билмаганимда, у ерга кирган бўлардим”, дедилар. Умар розийаллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ушбу хабарни эшитиб йиғлади ва: “Ё Расулуллоҳ, сиздан рашк қилармидим”, деди (Имом Термизий ва Имом Насоий ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан жаннат уйларини тасвирлаб беришларини сўрашганда, бундай деганлар: “Жаннат биноларининг ғишти кумушдан ва тилладан. Сувоғи ҳиди кучли, ёқимли мушкдан” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти). Бундан ташқари, шундай хоналар борки, ташқаридан унинг ичи, ичкарисидан ташқари кўринади. Уйларни омонлик ва хотиржамлик қуршаган, сувларнинг майин жилдираши эшитилади. Уйлар атрофида гўзал ишкомлар бор. Жаннатда ғулом ва хизматчилар бўлади. Ликопчалари тилладан. Ҳуру ийнлар у ерда истиқомат қилишади, ташқарига чиқишмайди: “Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор” (Ар-Роҳман сураси, 72-оят). Жаннатда анҳорлар бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “...(дарахтлар) остидан анҳорлар оқиб турган жаннат бор” (Буруж сураси, 11-оят). Унда дарахтлар бор. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Жаннатда бир дарахт борки, отлиқ киши унинг соясида юз йил юриб ҳам, ундан ўтолмайди” (Имом Термизий ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Ихлос билан тутилган ҳар бир рўза – ибодат, солиҳларнинг одати, муттақийларнинг шиорларидир. У нафсни покловчи, хулқни гўзаллаштирувчи, тақво мадрасаси, ҳидоят манзилидир.
Барчамизга нафақат Раййон дарвозасидан, балки жаннатнинг барча дарвозаларидан чақирилиш насиб этсин. Раййон дарвозаси ҳамон очиқ.
Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари