Мақолалар

Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятига бир назар...

Академия фаолияти...

Ўзбекистон халқаро ислом академияси давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил қилинган. Биламиз, муассаса дастлаб Тошкент ислом университети, кейинчалик бир муддат Ўзбекистон ислом академияси сифатида фаолият юритган. Айни пайт мазкур олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот марказига халқаро академия мақоми берилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан ҳар жиҳатдан ўз мақомига муносиб бўлиш ҳамда халқаро миқёсда етакчи ўринларни эгаллаш учун муҳим қадамлар қўйилди. Хусусан, нуфузли хорижий олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик кўлами сезиларли даражада кенгайди.

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан эълон қилинган олий таълим муассасалари миллий рейтингида муносиб эътироф этилди. Яъни, академия мавқеидаги таълим муассасалари илмий салоҳияти бўйича тўртинчи, ижтимоий-гуманитар соҳага ихтисослашган ОТМлар орасида бешинчи, умумий кўрсаткичлар асосида эса 7-ўринда қайд қилинди. 

Талабалар қамрови...

Академия матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, бугунги кунда мазкур таълим даргоҳи 1670 ўғил-қизни жамлаган. Бакалавр йўналишида 1 430, магистратура босқичида 240 талаба ўқийди.

Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Афғонистон давлатларидан жами 39 (33 бакалавр, 2 магистрант, 4 докторант) нафар хорижий фуқаро таҳсил олмоқда.

Муассасадаги 82 докторантнинг 71 нафари PhD (4 киши хорижлик - Тожикистон, Қозоғистон ва Россия фуқаролари), 4 нафари DcS даражаси олиш учун, 7 нафари эса стажер-тадқиқотчи сифатида илмий изланиш олиб боряпти.

– Талабаларимиз халқаро таълим стандарти асосида илм олишади, – таъкидлади Ўзбекистон халқаро ислом академияси ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи Ҳасан Усмонов. – Уларга олимлар, соҳанинг етук мутахассислари сабоқ беради. Жаҳон ҳамжамиятида юқори нуфузга эга бўлиб бораётган мажмуамизда мунтазам равишда моддий-техник база ривожлантирилади. Ёшлар замонавий талабга мос таълим олиши учун барча шароит муҳайё.

Халқаро ҳамкорлик тўғрисида...

Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Европа, Африка ва Осиёдаги 14 мамлакатнинг 37 нуфузли олий таълим, илмий-тадқиқот муассасаси ва халқаро ташкилоти билан изчил алоқанийўлга қўйган. Келишув ҳужжатларининг 32 таси академия халқаро мақомга эга бўлгач, имзоланган. Эътиборлиси, хорижий ҳамкорларимиз орасида Миср, Саудия Арабистони, Индонезия, Малайзия, Туркия сингари Ислом илми юксак тараққий этган, шунингдек Германия, Буюк Британия, Россия, Япония каби жаҳоннинг етакчи давлатлари таълим масканлари бор. Мазкур олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот марказларининг аксарияти дунё рейтингида эътироф этилган етакчи олий таълим масканларидир. Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази (IRCICA), Ислом тараққиёт банки, ICESCO, UNESCO, TIKA, KOICA, JICA каби халқаро ташкилотлар билан шериклик ҳаммунтазамлик касб этган. Халқаро майдондаги илмий-педагогик, назарий ва амалий алоқаларимиз тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Диёримиз қадимдан илм, маърифат, таълим, тарбия маркази сифатида танилган, – дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломов. – Ўрта асрларда мамлакатимизда олий мадрасалар жуда кўп бўлган. Бугунги кунда ҳам, айнан, диний, дунёвий билимларни чуқур эгаллаган юксак малакали кадрларга эҳтиёж кучли. Табиийки, шундай мутахассисларни тайёрлаш даврнинг энг долзарб, муҳим вазифаларидан бири.

Лойиҳалар ва келишувлар

Ҳозир академия ходимлари бир неча лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Хусусан, ислом дини ва дунёвий фанларни ўқитиш бўйича дунёда ўз нуфузига эга Миср, Қатар давлатларининг университетлари, музей, кутубхоналари билан меморандум, келишув лойиҳалари тайёрланди ва мувофиқлаштирилмоқда.

Мажмуага 2018-2021 йиллар давомида барча қитъаларнинг 20 дан ортиқ давлатидан 110 га яқин ташриф, мурожаат бўлди. Ушбу жараёнда бир неча университет, илмий-тадқиқот маркази ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Академиянинг хорижга ташрифлари...

Академия профессор-ўқитувчилари, докторант, талабалари дунёнинг ўндан зиёд мамлакатидаги нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот марказига сафар уюштирган. Шундай ташрифлар давомида академияни хорижда танитиш мақсадида турли тақдимотлар ўтказиш, конференция ва семинарларда қатнашиш, профессор-ўқитувчилар хорижда малака ошириши, магистр ва докторантлар илмий-тадқиқот ўтказиши учун замин яратиш анъанага айланган.

Хусусан, академия илмий тадқиқотчилари Туркиянинг Ислом тадқиқоти маркази, Буюк Британиянинг NILE (Norwich Institute for Language Education) тил ўқитиш институти ҳамда Малайзия ислом илми университети билан тузилган ўзаро англашув меморандуми асосида юртимизга тааллуқли ноёб қўлёзмаларни тадқиқ қилиш билан бирга хорижлик талабаларга маҳорат дарси ўтиб, амалий тажриба алмашинуви йўлга қўйилган.

Мажмуанинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида мунтазам равишда хорижлик профессор-ўқитувчилар ўқув жараёнига жалб этилмоқда.

2018-2021 йилларда исломшунослик фани бўйича етакчи олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларининг жами 100 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчиси, мутахассиси таълим жараёнига жалб қилинди.

Даргоҳда ахборот-ресурс марказининг ягона электрон кутубхона тизими ишга туширилгани ҳам эътиборга молик. Ахборот-ресурс марказидаги мавжуд электрон ресурслар тизимга кетма-кетлик асосида жойлаштирилмоқда. 2021 йил апрель ойидан марказда book.iiau.uz веб-сайти ишга туширилган.

Дарсликлар тўғрисида...

“Library”дастурига ҳозирги кунга қадар ауди ошаклидаги 5731 электрон ва 1540 адабиёт жойлаштирилган. 4 минг 200 электрон китоб махсус фондда сақланяпти. Мавжуд адабиётга эҳтиёж ўрганилиб, талаб юқори бўлган дарсликлар сканер қилинмоқда.

“Book.iiau.uz” дастури орқали электрон аъзолик тизимли амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 1605 талаба кутубхонага электрон тарзда аъзо бўлган. Марказ томонидан 60 070 нусхадаги адабиёт махсус штрих код билан таъминланган.

Шунингдек, имконияти чекланган талабалар учун 52 номдаги аудио дарслик, 56 номда, 738 нусхада брайл алифбосидаги дарслик, 47 номда, 700 нусхада илмий адабиёт ҳамда 9 номда, 38 нусхада бадиий адабиёт жорий қилинган.

 

Иқтидорли талабалар...

Академияда энг иқтидорли талабалар учун Ўзбекистон Президенти давлат стипендияси, ҳамда Имом ал-Бухорий давлат стипендияси, шунингдек Ислом Каримов, Убайдулла Уватов, Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги ва Алоқа банк стипендиялари таъсис этилган. Ҳозиргача 14 нафар ўғил-қиз ушбу стипендияларга муносиб кўрилган. 4 талаба Республика фан олимпиадаси ғолиби.

“Учинчи ренессанс – ёшлар нигоҳида” танловининг 3 йўналишида таянч докторант ва магистрлардан ташкил топган академия жамоаси мусобақанинг республика босқичига чиқиб, “Аждодлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга инновацион ёндашув” йўналиши бўйича креатив жамоа номинацияси ғолиби бўлди.

– Академияда биз учун барча шароит яратилган, – дейди Исломшунослик факультети 3-курс талабаси, “Маҳмудхўжа Беҳбудий” номидаги махсус ҳамда “Имом ал-Бухорий” номидаги давлат стипендияси соҳиби Анвар Мустафоев. – 30 дан зиёд спорт, санъат, китобхонлик, хорижий тилни ўрганиш тўгараклари очилган. Машғулотлар юқори малакали мутахассислар томонидан ўтилади.

Республика ва халқаро миқёсдаги кўрик-танлов, мусобақа, илмий-амалий конференцияларга устозларимиз билан бирга тайёрланамиз. АҚШ, Германия, Англия, Польша, Чехия, Россия, Туркия, Испания каби мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари томонидан ташкил этилган анжуманларда иштирок этдим. 20 дан кўп мақолам рус, инглиз тилларида чоп этилди. Ҳозир талаба-ёшлар илмий салоҳиятини янада оширишга қаратилган бир қатор лойиҳаларда қатнашяпман.

Дарҳақиқат, академия профессор-ўқитувчилари, ёш илмий тадқиқотчиларининг халқаро конференция, илмий семинар ҳамда хорижий грант лойиҳаларидаги иштироки фаоллашяпти. Чет эллик эксперт, талаба, докторант ва илмий-тадқиқотчиларнинг ўқув жараёнига жалб этилиши юртимизда илмий-тадқиқот самарадорлиги кўрсаткичи йилдан-йилга ўсишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Times Нigher Education” (THE) халқаро рейтинг агентлиги томонидан 2021 йил натижалари асосида тузилган “Impact Rankings” рейтингида дунёнинг етакчи мингта олий таълим муассасаси рўйхатидан жой олди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Халқаро ислом академияси 

матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

ЎзА

2326 марта ўқилди

Мақолалар

Top