Мақолалар

Бир дуо таржималари

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ифторликда – ذَهَبَ الظَّمَأُ وابْتَلَّتِ العُرُوقُ وَ ثَبَتَ الْأَجْرُ إِنْ شَاءَ اللهُ
Заҳабаз замау вабталлатил уруқу ва сабатал ажру, иншааллоҳ”, деб дуо қилганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Ушбу дуонинг таржималари бир хил эмас. Масалан:
1. “Cувсизлик тугади, томирлар намланди, ажр ва мукофотлар, иншоаллоҳ, берилади”.
2. “Чанқоқ кетди, томирлар ҳўл­ланди, иншоаллоҳ, ажр собит бўлди”.
3. “Чанқоқ кетди, томирлар нам­ланди, иншоаллоҳ, савоб ҳосил бўл­ди”, деб таржима қилинган.


Таржималарда сувсаган рўза­дорнинг ташналикдан, яъни чан­қоқликдан халос бўлгани баён этил­моқда. Уни “чанқов босилди” тарзида ифодалаш маъқулроқ кўринади.
Эътибор берайлик: чанқовбос­ди қовунлар,.. чанқовбосди ичимлик­лар ва шарбатлар... (“Ўзбек ти­лининг изоҳли луғати”. Ж. IV, 457-б.).
Таржима гапларнинг иккинчи қисмидаги “нам­ланди”, “ҳўлланди” сўзлари маънодош бўлиб, асос-негизлари “нам қилмоқ”, “нам бермоқ”; “ҳўл қилмоқ”, “сув тегизмоқ” маъноларини англатади. Рўзани очганда ичилган сувдан томирлар намиқади, яъни нам тортади (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, 15-б.) Демак, “томирлар намиқди” дейиш яхшироқ.
Гапларнинг учинчи қисми (“Ажр-мукофотлар ҳам, иншоаллоҳ, берилади. Иншоаллоҳ, ажр собит бўлди. Иншоаллоҳ, савоб ҳосил бўлди)да “Худо хоҳласа”, “насиб бўлса (ёки қилса, этса)” маъносидаги “иншоаллоҳ” сўзи мавжуд. Шу боис феъл-кесимнинг “берилади” шакли тўғри келади. “Собит бўлди”, “ҳосил бўлди” феъл-кесимларининг замони ўйлаб кўрилиши керак.


Сабатал ажру, иншааллоҳ”ни “Ажр-мукофот ҳам тайин, иншоаллоҳ” деса бўлади. “Тайин” сўзининг бир маъноси “аниқ”. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло: “Рўза Мен учун ва унинг мукофотини Ўзим бераман”, деб марҳа­мат қилган».
Мазкур дуонинг таржимаси қуйида­гича бўлса, мақсадга мувофиқ: “Чанқов босилди, томирлар намиқди ва ажр-мукофот ҳам тайин, иншоаллоҳ”.

Насруллоҳ ШУКРУЛЛОҲ ўғли,
педагогика фанлари номзоди, доцент
“Ҳидоят” журнали 3-сон

1955 марта ўқилди

Мақолалар

Top