Мақолалар

Динда саволим бор: Баъзилар ўлими олдидан фарзандларига мерос қолмаслиги учун аёлини уч талоқ қилар экан...

— Баъзи эркаклар ўлим олдидан фарзандларига мерос қолмаслиги учун аёлини уч талоқ қилар экан. Бунда эр-хотин ажралган ҳисобланиб, аёли ҳам ва уларнинг фарзандлари ҳам мол-мулкка эгалик қилолмайди, дейишади. Бундай қилиш жоизми?


— Ўлим тўшагида ётган кишининг талоғи инобатга олиниши ва бу талоқнинг дуруст бўлиши хусусида фуқаҳолар иттифоқ қилишган. Фақат бу ҳолатда боин талоқ қилинган аёл идда асносида вафот этган эридан мерос оладими ёки йўқми деган масалада уламолар ихтилоф қилишган. Ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳабларидан иборат жумҳур уламолар мазкур ҳолатда аёл эридан мерос олади, дейишган.
Шунга қарамай, уламолар аёлнинг мерос олиш вақти хусусида ихтилоф қилишган. Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрича, боин талоқ қилинган аёл модомики идда сақлаётган бўлса, мерос олади. Бироқ эр вафот этганда иддаси тугаб бўлган бўлса, мерос олмайди.
Аммо уларнинг фарзандларига келсак, агар фарзандлар аёлнинг олдинги эридан бўлса, улар ўгай оталаридан мерос ололмайдилар. Агар фарзандлар шу отадан бўлган бўлса, у ҳолда улар меросдан тўсилмайдилар.

Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов

2293 марта ўқилди

Мақолалар

Top