Мақолалар

Юртга барака бўлиб келган ой

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Бизларга Рамазон ойини, рўза тутишликни фарз қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Бу амални умматга мукаммал ўргатган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллоллоҳу алайҳи ва салламга саловот-у дурудларимиз бўлсин.

Аллоҳга беҳад шукроналар бўлсинки, юртимиз мўмин-мусулмонлари бу йилги муборак Рамазон ойини тинч ва осуда, кўтаринки руҳда, кундузларини рўзадор ҳолда, кечаларини тоат ва ибодатда ўтказиб, масжидларда таровеҳ намозларида қориларимиз томонидан ўқилган ҳатми Қуръонларда иштирок этиб, иймон ва ихлосларини янада зиёда қилдилар. Албатта, бу Аллоҳнинг бизга берган энг катта неъмати ва юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг шарофатидир.

Шукрки, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда. Шу билан бирга, ҳар йили Рамазон ойи ҳамда иккала ҳайит – Рамазон ва Қурбон байрамлари арафасида давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилиниши динимизга, маънавий-маърифий соҳага қаратилаётган эътиборнинг амалдаги инъикосидир. Айниқса, бу айём кунлари дам олиш кунларининг кўпайтириб берилаётгани мўмин-мусулмонларни яна ҳам хурсанд қилиб, айёмни муносиб тарзда ўтказишга хизмат қилмоқда.

Жорий йил ҳам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда Рамазон ойини халқимизга хос меҳр-оқибат ва шукроналик туйғуларини юксалтириш, эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу берилгани барча мўмин-мусулмонларни мамнун этди. Қарор доирасида Республикамизнинг барча жоме масжиди ва идора бўлимларида Рамазон ойини муносиб ўтказишга ҳаракат қилинди. Хусусан, мўмин-мусулмонларнинг эркин ибодат қилиши учун масжидларда қулай шарт-шароитлар яратилиб, хатми Қуръонларга пухта тайёргарлик кўрилди. Шу билан бирга, ифторлик ўтказишда исрофга йўл қўймаслик ва муборак ой фазилатлари ҳақида имом-хатиблар томонидан мунтазам равишда тарғибот ишлари олиб борилди.

Қуръони карим хатмоналарини юқори савияда ташкил этиш учун юртимиз қорилари босқичма-босқич сараланди. Шунингдек, илк бора Тошкент шаҳри масжидларида таровеҳ намозларида ўқиладиган хатми Қуръоннинг кунлик жадвал тақсимоти ишлаб чиқилди. Унга кўра, хатми Қуръонлар рўзанинг биринчи кунидан бошлаб, 27 санаси – Қадр кечасида якунланиши белгиланди. Ушбу тартибнинг жорий қилишдан мақсад Қуръони карим тиловатидан кўпроқ баҳраманд бўлиш ва бир вақтнинг ўзида пойтахтдаги масжидларда муборак кечада жамланган Қуръон шайдоларининг дуолари барокатига сазовар бўлишдир.

Бундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ Рамазон ойи юртимизда ўзгача файзли ва шукуҳли кечиб, кечалари юртимиз нурга тўлди, десак янглишмаймиз. Чунки ҳар кеча мамлакатимиздаги бир ярим мингдан зиёд масжидларимизда 2400 нафардан зиёд қориларимиз таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилдилар.

Уларга соме бўлувчи, Илоҳий каломга муҳаббатли тингловчилар ҳам ҳар йилгидан кўпайиб, масжидларимиз намозхонлар билан тўлди. Қолаверса, 50 дан зиёд масжиддаги энг моҳир қорилар томонидан ўқилаётган хатми Қуръонлар ижтимоий тармоқларда жонли-онлайн тарзда узатилмоқда. Бу эса жаҳон афкор оммасининг юртимизда бўлаётган Қуръони карим хатмоналаридан баҳраманд бўлишига ҳамда хорижда юрган юртдошларимизнинг Қуръонга, Ватанларига муҳаббатлари янада зиёда бўлишига сабаб бўлди.

Шу ўринда бир ҳолатни эслаб ўтиш жоиз. Авваллари юртимизда саноқли масжидларда Қуръони карим хатм қилинар, қорилар Миср, Туркия, Саудия Арабистони каби давлатлардан таклиф этилар эди. Шукрки, бугун бизнинг олим-у қориларимиз дунёга чиқишмоқда.

Бир неча йилдан буён хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида уламо ва қориларимиз чет мамлакатлардаги диний-маърифий тадбирларда иштирок этиб, таровиҳ намозларини адо этиб бермоқдалар. Жорий йил ҳам юртимизнинг бир гуруҳ етук уламолари АҚШ ва Россия Федерациясининг турли жойларида Рамазон ойи якунига қадар хатми Қуръон ва таровиҳ намозларда қатнашиб, маърифий суҳбат қилиб бериш баробарида турли тадбирларда ҳам иштирок этиб, эътирофларга сазовор бўлишди. Бу ҳам ўз навбатида юртимизда илм-у маърифатга берилаётган эътиборнинг самараси десак, муболаға бўлмас.

Зеро, жорий йилнинг 8-апрел куни – муборак Памазон кунларида давлатимиз раҳбарининг пойтахтимиздаги Ислом цивилизация маркази мажмуасига ташриф буюриб, илм-у маърифат марказини кўркам ва сифатли қуриш билан бирга, унинг мазмунига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаганлари ҳам мамлакатимизда илмга берилаётган юксак эътибор намунасидир. Шунингдек, Президентимиз Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг маънавий қудрати қай даражада эканини кўрсатиши кераклигини ҳам қайд этиб, бу марказдан келгусида улуғ алломаларимиз каби етук уламо-ю олимлар етишиб чиқиб, ислом маърифатини кенг ёйишга хизмат қилишини таъкидладилар.

Албатта, юртимизда бўлаётган бундай ўзгаришлар дунё миқёсида ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 14–17-апрел – Рамазон кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг И йиғилишида иштирок этиб, салмоқли таклифларни илгари сурдилар. Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош амалий ва долзарб аҳамиятга эга бўлган мана шундай таклифлар учун миннатдорлик билдириб, уларни келгусида амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди. Шунингдек, мазкур сафар чоғида халқаро анжуман ташкилотчилари юртимиз делегациясига, Ўзбекистон мақомига мос ва хос тарзда эҳтиром кўрсатди.

Гапнинг индаллоси, Рамазон ойи бизга чин маънода баракали келди, дейишимиз мумкин. Чунки бу ойда тўхтовсиз хатми Қуръонлар, гўзал маърифий суҳтаблар, халқаро доирадаги эътирофлар бардавом бўлди. Шунингдек, халқимиз бу ойни тақво-ю ибодат, ўзаро меҳр-мурувват, хайр-у саховат улашиш билан ўтказиб, доим яхшиликлар пайидан бўлдилар. Иншааллоҳ, Аллоҳ таоло бу амаллар савобини, ҳадиси шарифларда марҳамат қилинганидек, ҳар бир қилинган амалнинг эвазига 70 тадан 700 тагача савобини беради.

Яна бир гап. Ўтган Рамазон ойи беҳад шукроналар айтиш ойи бўлди. Чунки айни кунда дунёнинг айрим жойларида урушлар, тўс-тўполон, табиий офатлар бир дам тўхтагани йўқ. Шукрки, Ватанимиз тинч, дастурхонларимиз тўкин-сочин, халқимиз ҳаёти кундан-кунга фаровон бўлиб бормоқда. Иншааллоҳ, бундай фаровонлик янада тўкис бўлади. Чунки Рамазон ойида юртдошларимиз кўнгиллар эриган, қалблар юмшаган дамларда Яратгандан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, дуо-ю илтижолар қилдилар.

Нуриддин Холиқназаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 2022-йил 29-апрел, 15-сон.

1957 марта ўқилди

Мақолалар

Top