Мақолалар

Ҳақиқий ишқ

“Муҳаббат” сўзи “ ҳубб” созининг ўзагидан олинган бўлиб, лозим тутиш ва сабот маъноларини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим тутади ва унда собит туради.

Муҳаббатнинг истеълоҳий маъноси ҳақида уломолар бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:

Роғиб: “Муҳаббат нафснинг ўзи яхши деб билган ва гумон қилган нарсага мойил бўлишидир. У икки хил бўлади. Бири табиий бўлиб, у инсонда, ҳайвонда ва гоҳида жонсиз нарсада ҳам бўлади. Бошқаси ихтиёрий бўлиб у фақат инсонга хос бўлади “, деган.

Кафавий: “Муҳаббат ҳаддан ошган розиликдир. У икки қиимдан иборатдир. Биринчиси ҳар бир мукаллафда бўлади. У иймонда лозим ва лобуд нарсадир. Унинг ҳақиқати Аллоҳ таоладан келган нарсанинг ҳукмига ва тақдирига бўйсунган ҳолда, ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилишдир. Иккинчиси фақатгина мақомат эгаларида бўлади. Унинг ҳақиқати қазо қилинган нарсадан қалбнинг қувонч ва сурурга тўлиши ва розилигидир”, деган.

Жалолиддин Румий шундай дейди: “Тўғри, муҳаббат олам гардишини айлантирмайди. Муҳаббат шу гардиш айланишига маъно бағишлайди”.

Инсон ҳар бир аъзосининг алоҳида вазифаси бор. Масалан, кўзнинг вазифаси кўриш, қулоқники эшитиш, тилга сўзлаш вазифаси юклатилган, қалбнинг иши эса севишдир. Қалб ё Аллоҳ таолони севади ёки У зотнинг маҳлуқларини яхши кўради. Банданинг қалбида ё охират ё дунё муҳаббати бўлади. Охиратнинг муҳаббати билан қалб яхшиликларга шошади. Дунё муҳаббати борасида эса, ҳадиси шарифда бундай таърифланади: “Дунё муҳаббати барча ёмонликларнинг бошидир”.

Муҳаббат - бу инсон табиатини завқлантирувчи туйғудир. Муҳаббат энг олий даражаси ИШҚ дейилади.

Илоҳий ишқ сувга ўхшайди. Агар сув бўлмаса, дарахт ям - яшил бўлиб ўсмайди. Унга сув қуйилсагина у гуллайди, мева беради. Инсондаги илоҳий ишқ ҳам дарахтнинг суви кабидир. Агар инсонда илоҳий ишқ бўлса, унинг иймони гуллай бошлайди ва ундан мўминлик ифори таралади ва ён - атрофни ҳам ўраб олади.

Аллоҳ таоло: “Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур”, деган. Марям сураси 96-оят

“Аллоҳ сизни севадир” Оли Имрон 31-оят

Мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам улуғроқ бахт, саодат борми!

Айтадиларки, ҳақиқий муҳаббат 3 нарсада билинади:

- Севган суйганининг сўзини бошқаларнинг сўзидан устун қўяди;

- Севган суйганининг суҳбатини бошқаларнинг суҳбатидан устун қўяди;

- Севган суйганини мамнун этишни бошқаларни мамнун этишдан устун қўяди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон Аллоҳ бир бандасига муҳаббат қилса, Жаброилни чақириб: “Мен фалончига муҳаббат қилдим. Сен ҳам унга муҳаббат қил”, дейди. Бас, Жаброил унга муҳаббат қилади ва осмонга нидо қилиб:“ Аллоҳ фалончига муҳаббат қиладир. Сен унга муҳаббат қил!” дейди. Шунда аҳли осмон унга муҳаббат қилади. Сўнгра унинг учун ер аҳлида қабул йўлга қўйилади. Қачон Аллоҳ бир бандани ёмон кўриб қолса, Жаброилни чақириб: “Мен фалончини ёмон кўрдим. Сен ҳам уни ёмон кўр”, дейди. Бас , Жаброил уни ёмон кўради ва осмонга нидо қилиб: “Албатта, Аллоҳ фалончини ёмон кўради. Сен уни ёмон кўр !” дейди. Шунда аҳли осмон уни ёмон кўради. Сўнгра унинг учун ерда ёмон кўриш йўлга қўйилади.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий шундай деган:” Аллоҳ севгисининг аломати Қуръон севгисидир. Қуръон севгисининг аломати Пайғамбар севгисидир. Пайғамбар севгисининг аломати унинг суннатига ва гўзал аҳлоқига тобе бўлмоқдир. Суннатга тобе бўлишликнинг аломати охират ҳаётини унутмаслик. Охират ҳаётини унутмасликнинг аломати дунёга ҳирс қўйишдан , ҳаромдан қочишдир.

Муҳаббатнинг зидди – ғазаб, нафрат, ёмон кўришдир. Ғазаб араб тилида “шиддатли”, “қаттиқ” деган маъноларни англатади.

Уламоларимиз ғазабни шундай таърифлайди: “Ғазаб – бу озор етказган томондан интиқом ҳосил қилиш”. Ғазаб Аллоҳ таолонинг феълий сифатларидан бири бўлиб, У Зотнинг жалолига мувофиқ бўлади.

“ … Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.

Аллоҳга нисбатан содир этилган илк гуноҳ нима эканини биласизми? Кибр! Ҳа, Иблисни Аллоҳнинг буйруғига қарши чиқишига ундаган нарса кибр эди: “Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга : “Одамга сажда қилингиз!- деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди” ( Бақара сураси, 34-оят). Шунинг учун Аллоҳ ушбу шайтоний хулқни ва бу разил иллат билан хулқланганларни суймайди.

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ “Нисо” сурасидаги 34-оятни шарҳлаб, шундай ёзган. “ Кибрли” сўзи “ Ихтияалун” ўзгидан олинган бўлиб, бир нечта маъноларни англатади:

- Мутакаббир;

- Ўта ёлғончи, фирибгар;

- Гердайиб юрувчи;

- Ёмон сўзни ошкора айтувчилар

“Аллоҳ ёмон гапни ошкор қилишни хуш кўрмайди. Магар мазлумдан бўлса, майли. Аллоҳ эшитувчи ва билгувчи Зотдир. Нисо сураси, 148-оят

Ушбу оятда Аллоҳ суймаган бандаларнинг яна бир сифати баён қилинган.У ҳам бўлса, ёмон сўзни ошкора айтиш. Аллоҳни севган итоаткор банда бундай номақбул сўзларни айтмайди,бировларни ғийбат қилмайди,ҳатто бу каби сўзларни ҳаёлига ҳам келтирмайди.

Мулла Али Қори айтади: ”Агар банда Аллоҳнинг ҳамма нарсани эшитиб билиб туришини билганида эди, нафс тарғиб қилган кўп сўзларни айтишдан ҳаё қилган бўлар эди. Ҳикматли нақлда айтилганидек, ҳақни мақташни одамларни ёмонлашдан устун билмаган инсон комиллик даражасига ета олмайди”.

Мужоҳид айтади: Ёмон сўзни ошкор қилиш – бир одам меҳмонга борса-ю, мезбон уни яхши зиёфат қилмаса, у у ердан чиқиб, фалончи мени ҳурматимни жойига қўймади, яхши зиёфат қилмади”, деб гапиришидир.

Бугун Аллоҳ таолодан мол-дунё сўрайдиганлар кўп. Обрў-мартаба сўрайдиганлар ҳам етарлича топилади.Лекин У зотдан Ўзини сўрайдиганлар афсуски жуда оз.Икки кафтини очиб: Ё Роббим! Мен Сенинг розилигингни сўрайман.Мен Сенинг муҳаббатингни сўрайман”деб дуо қиладиганлар кам учрайди.Агар киши обрў-мартаба,хотин,бола-чақа,борди-ю ҳатто бутун дунёнинг молини сўрасалар ҳам аслида улар Аллоҳ таоладан ҳеч нарса сўрамабдилар. Дунё матоҳларининг барчаси Аллоҳнинг ишқи олдида арзимас нарсадир. Шунинг учун бутун вужудимиз билан Ундан томиримиздан гуноҳ илдизларини суғуриб ташлайдиган Ишқини сўрайлик!

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

4- курс талабаси Алимова Одина

2540 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top