Мақолалар

Аёллар эркак сартарошга соч олдириши мумкинми?

918-CАВОЛ: Эркаклар аёл сартарошга соч олдириши ёки аёллар эркак сартарошга соч олдириши мумкинми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу иш жоиз эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган.

قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ (30)وَقُلْ لِلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَلْيَضْرِبْنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَى جُيُوبِهِنَّ..... (31)

“(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир. (30) Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар!.... (31)” (Нур сурасининг 30, 31 оятлар).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада эркакларни ҳам, аёлларни ҳам ўзгаларнинг қараш ҳаром бўлган аъзоларидан кўзларини тийишга буюрмоқда.

عن حذيفة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وآله وسلم : النظرة سهم من سهام إبليس مسمومة فمن تركها من خوف الله أثابه جل وعز إيمانا يجد حلاوته في قلبه.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : Назар шайтоннинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Ким Аллоҳдан қўрқиб уни тарк этса, Аллоҳ таоло унинг мукофотига қалбида ҳаловатини топадиган иймонни ато қилади” (Ҳоким ривояти).

Эркаклар эркак сартарошга соч олдириши ёки аёллар аёл сартарошга бориши мумкин. Номаҳрамларга назар солиш, уларнинг сочини ёки баданини ушлаш инсон қалбига фитна ва ёмон хаёлларни солади. Бу эса кишини зино каби ҳаром ишга олиб боради. Шариатнинг умумий қоидасига кўра, гуноҳ ишга олиб борадиган ишлар ҳам гуноҳ саналади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

2005 марта ўқилди

Мақолалар

Top