Мақолалар

Иймон ҳақиқати

Барча ҳамд, шукур Оламларнинг Роббиси Аллоҳгадирки, у биз ожиз бандаларини мусулмон диёрида яратди ва шарийъат илмини кўнглимизга жорий қилди. У Барча айб ва нуқсонлардан покдирки, унинг ҳеч кимга хожати йўқдир, балки, бутун мавжудот Унга хожатманддир, ўхшаши йўқ ва тенгги йўқдир. У бирор кимдан туғулган эмас ва бирор кимни туғмаган ҳам. Унинг аввалига ибтидо ва охирига интиҳо йўқдир. Ҳамиша ҳозир ва нозирдир. У Зот хоҳлаган бандаларини ҳидоят қилади ва хоҳлаганларини залолатга кетказади. Лекин бандаларини залолатга кетишига ҳеч рози бўлмайди. Балки, бандаларга берилган жузъий ихтиёрдан улар залолатни танлайдими ёки ҳидоятними Ўзининг азалий бўлган илми билан билади. Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигига далиллар жуда кўпдир. Аллоҳ таоло биз бандаларига ҳайвондан фарқ қилувчи ақлни Ўзини танитиш учун, Аллоҳнинг бирлиги тўғрисида тафаккур қилишимиз учун берди. Бу ҳақида Росулимиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Аллоҳнинг қудратига фикр қилинглар, аммо, зотига фикр қилманглар”. Аллоҳ таолога Ўзи билдирган ва Расулимиз ўргатгандай эътиқод қилишимиз лозимдир. Чунончи, Аллоҳга мана шундай илм билан иймон билан қилган эътиқодимиз Аллоҳнинг ҳузурида даражаси улуғ ва мақбулдир ва Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мутаносибдир.

Иймон исломнинг асосий рукнларидан бири бўлиб, ҳар бир мукаллаф банданинг қатъий ишониши, қалбига мустаҳкам қилиб боғлаб олиши, эътиқод қилиниши керак бўлган ҳар бир нарсани қалби билан тасдиқ этиши иймон дейилади.

Уламоларимиз Иймонни та`рифлаб: тил билан нутқ қилиш, дил билан тасдиқ қилиш ва жисм билан татбиқ қилиш, дейдилар. Демак, Аллоҳга Иймон келтириш ма`носида “Лаа илаҳа иллаллоҳ” ни тил билан айтиб қўйишнинг ўзи кифоя қилмас экан. Балки, унинг ма`носини тушуниб, дил билан тасдиқламоқ лозим. Энг муҳими эса, ҳаётда ушбу ҳақиқатга амал қилиб яшамоқ зарур. Тили билан “Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ” деб айтиб, иқрор бўлиб, ўзининг Аллоҳга банда эканлигини э`лон қилса – ю, амалда Аллоҳдан ўзгага бўйсуниб, ўшанинг розилигини топишга урунса, бутун умри зое кетган бўлади.

Бу масала ҳақида “Шарҳи Ақидатут таҳовия” китобида қуйидагилар айтилади:

“Имон – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқ қилишдир”.

Шарҳ: Бу, Иймонни изҳор қилиш э`тиборидан тасдиқлашдир. Чунки, тасдиқлаш ички иш бўлиб,у беркилган бўлади. У фақат иқрор ёки тасдиққа далолат қилувчи ишлар билангина билинади. Аммо, мавжудлик ва ҳақиқатга айланиш жиҳатидан эса Иймон дил билан тасдиқ қилшдир. Тил билан иқрор бўлиш, унинг аломати ва изҳоридир.

Ҳар қандай инсон фе`лида қандайдир мутлоқ қодир куч борлигига ишонч туйғуси мавжуд. Бу ақлнинг самараларидан биридир. Борлиққа назар солинса ва коинотдаги нарсалар синчиклаб ўрганилса, барча нарсалар ўз -ўзидан пайдо бўлиб қолмаганининг, балки улар бир яратувчи томонидан яратилганининг гувоҳи бўламиз. Исломнинг асоси бўлган мана шу иймон калимаси, Аллоҳнинг тавҳидининг асоси, унинг пойдеворидир. Ҳар бир банданинг “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганда, “ла илаҳа” деб, бутун борлиқдаги сохта илоҳларни йўқлигини ва “иллаллоҳ” деганда эса, фақатгина У яъни Аллоҳ бор эканини бутун вужуди билан ҳис қилиб айтишининг ўзи жуда муҳим ва энг асл ҳақиқатга ҳақиқий таслимиятдир.

Инсоният тарихи ва тафаккур тараққиёти тарихи диний бўлмаган манбалардан ўрганилса ҳам яратувчи кучга эга бўлган э`тиқод ўша яратувчининг борлигига кўрсатиладиган далиллардан олдин вужудга келгани аён бўлади. Умуман, диний билимларга таянмай туриб яратувчига нисбатан ақийданинг пайдо бўлган вақтини аниқлаш қийин. Зеро, ҳаммадан қудратли ҳамда мангу барҳаёт Зот ҳақидаги фикр ва мушоҳада, бошқа билимлар қатори, ўзимиз сезмаган ҳолда пайдо бўлади.

Инсоннинг Аллоҳга бўлган э`тиқоди ривожлана боргандан сўнг, Аллоҳ пайғамбарларини одамларга тўғри йўлни кўрсатиш учун да`ват этиб, уларни мўжизалар билан қўллаб-қувватлади. Мўжиза инсоннинг қудрати етмайдиган одатдан ташқари амал бўлиб, уни кўргандан сўнггина одамлар пайғамбарларни Аллоҳнинг ҳақиқий элчилари эканлигига ишонганлар. Исломда эса, инсонларни Аллоҳга ишонтириш учун ақлни ишга солиш услуби қўлланган. Бу ҳолат бошқа динларда учрамайди. Қур`он оятлари ҳам Аллоҳга Иймон келтириш учун ақлий далилларга суянишга чақиради. Шу эътибордан, иймон келтириш керак бўлган барча нарсалар Аллоҳнинг борлигига ва бирлигига далолат қилади.

Имоннинг шартлари.

Шариат истилоҳида Имоннинг шартлари еттитадир. Бу ҳақда Росулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар:

Бу ҳадис Умар ибн Хаттоб (р.а.) дан ривоят қилинади: 1ъъБир куни биз Расулуллоҳ ( с.а.в.)ни ҳузурларида эдик. Шу пайтда оппоқ кийимлик, қопқора сочлик бир киши келди. Унда сафар аломати кўринмас эди. Бизлардан бирортамиз у кишини танимадик. Ҳаттоки Росулуллоҳнинг тиззаларига тиззаларини теккизган ҳолда ўтирди ва икки қўлини икки сонлари устига қўйди. Ҳалиги киши айтди: " Эй Муҳаммад менга исломдан хабар беринг", Расулуллоҳ ( с.а.в.): "Ислом –Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик бермоқлигинг, намозни қоим қилмоқлигинг, (молинг нисобига етганда) закотни адо қилмоқлигинг, рамазон рўзасини тутмоқлигинг ва йўлга қодир бўлганингда Байтуллоҳни ҳаж қилмоқлигинг" –дедилар. Ҳалиги киши яна айтди:" Менга Имондан хабар беринг". Расулуллоҳ ( с.а.в.): "Имон –Аллоҳга , унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхшилик ва ёмонлик тақдирдан эканлигига ишонмоқлигингдир", дедилар". Имоми Муслим бу ҳадисни охиригача ривоят қилганлар.

Имон калимаси ва унинг шарҳи.

أمنت بالله وملا ئكته وكتبه ورسوله واليوم الاخر و بالقدر خيره وشره من الله تعالى والبعث بعد الموت

Мен, Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, тақдирга, я`ни яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг иродаси билан бўлишлигига, ўлгандан кейин қайта тирилмоққа, буларнинг ҳаммаси ҳақ эканлигига ишондим ва Имон келтирдим.

Шу ўринда айтиш лозимки, Иймоннинг асли биттадир яъни, иймон асли яхлит, бир бутундир. Унинг аслида иймон аҳлининг ҳаммаси тенгдир. Иймон жузлардан иборат эмас, катталашиб ёки кичиклашмайди ҳам. Унинг орасида афзаллик тақвода, иймоннинг қувватидадир. Яъни, осмон аҳлининг иймони, ер аҳлининг иймони, фаришталарнинг иймони, пайғамбарларнинг иймони, инсонлар ва жинларнинг иймони – Аллоҳнинг тавҳидида, зотий, феълий сифатларида ва жамики иймон келтириш вожиб бўлган нарсаларда тенгдирлар.

Юқорида зикр қилинган нарсаларга низбатан соф ақидаси бўлган кишигина дунёдаги энг ҳур, эркин ва бахтиёр инсон бўлади. У барчанинг тарбиячиси бўлмиш Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайди, ҳеч кимга бўйсунмайди, ўзини хор тутмайди. Аллоҳга бўлган соф Иймони уни барча ёмонликлардан қайтаради, яхшиликларга чорлайди. Бундай инсон ўзига, оиласига, қариндошларига, жамиятга,башариятга ва борлиқдаги ҳамма нарсаларга яхшилик келтиради. Аллоҳ ҳаммамизни ўзига иймони содиқ бандалардан қилган бўлсин!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси Олимжонова Зироат

2017 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Дўстимга насиҳат Кийиниш одоблари »

Мақолалар

Top