Мақолалар

Нақадар гўзал ҳамроҳлар!

«Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир! Бу Аллоҳдан (бўлган) фазлдир. Аллоҳ етарли (даражада) билимдондир» (Нисо сураси, 69–70-оятлар).

Аллоҳ айтади: “Ким Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат этса ва Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва салламга эргашса, Аллоҳ­нинг инъомига эришган анбиёлар, сиддиқ­лар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан жаннатда бирга бўладилар. Улар жаннатда ҳамроҳ сифатида нақадар гўзал­дирлар!

Бу Аллоҳ таолодан бўлган буюк мукофот бўлиб, бандаларнинг қилган солиҳ амаллари учун улуғ инъомлар берилажагини билиб олишларига кифоя қилади.

Ояти каримада итоатни ва солиҳ амал­ларнинг натижаларини баён этиб, мўмин­ларга башорат берилмоқда.

Айнан ўшалар Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган муқаддас динни тас­диқлайдилар. Тасдиқлари ҳам дилда, ҳам сўзда, ҳам амалда давомли бўлади.

Улар жаннатда Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларига эришган зотлар – анбиёлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ мўминлар билан қўшни бўладилар. Бу каби аҳли жаннатларнинг ҳамроҳлиги нақадар гўзалдир.

Набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар мусулмон оламининг охиратда фазлу марҳамат учун танланган азизлари бўладилар.

Имом Қуртубий “Ал-Жомеъ ли-аҳкамил Қуръон” китобида қуйидаги ривоятни келтиради. Калбий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озод қилган қул­лари Савбон ҳақида нозил бўлган. У киши Набий алай­ҳиссаломни жуда яхши кўрарди. У зот кўринмай қолсалар, хавотирга тушиб, бунга тоқат қилолмасди. Бир куни у киши ранги ўзгариб, ҳолсизланиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келдилар. Юзида маҳзунлик билиниб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Савбон! Нима сабабдан рангинг ўзгариб, хафа бўлдинг?” дедилар. У: “Ё Расулуллоҳ! Менга бирор зарар ҳам, касаллик ҳам, мусибат ҳам етгани йўқ. Лекин мен сизни кўрмасам, ўзимни жуда ёлғиз ҳис қиламан. То сизни топмагунимча, сизга интилавераман. Охиратни эслаб, қиёматда сизни кўрмай қолишдан қўрқяпман. Чунки биламан, сиз анбиёлар билан юқори мартабада бўласиз. Мен эса, агар жаннатга кира олсам ҳам, манзилим сизнинг манзилингиздан пастда бўлади. Агар жаннатга киролмасам, унда сизни ҳеч қачон кўролмаслигим аниқ”, деди. Шунда Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди».

Воҳидийнинг “Асбобун нузул” китобида келтирилади. Ойша розийаллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ! Сиз менга ўзимдан ҳам, аҳлимдан ҳам, болаларимдан ҳам се­вимлироқсиз. Мен уйда ўтириб сизни эслаб қоламан-да, олдингизга келиб, сизни кўрмагунимча, сабр қилолмай қоламан.

Охиратни эсласам, биламанки, сиз жаннатда анбиёлар билан бирга юқори мартабада бўласиз. Мен эса жаннатга кирсам ҳам, сизни кўролмай қолишдан қўрқаман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб қайтармасларидан бурун мазкур оят нозил бўлди».

Ойша розийаллоҳу анҳо айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим. У зот алайҳиссалом: “Бирор-бир набий касал бўлса, унга дунё ёки охират ихтиёри берилади”, дедилар». Ойша розийаллоҳу анҳо сўзларини давом эттириб: «У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида ётган вақтларида нафас олишлари қийинлашди. Шу пайтда у зотнинг: “Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар” деяётганларини эшитдим. Ихтиёр берилганини билдим», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло итоат қилувчи ки­ши шундай улуғ зотлар билан бирга бўлишининг хабарини бериб, уларнинг улуғликларини тушунтириш билан бир қаторда, мақомларини зиёда қилиб: “Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гў­залдир”, деди. Сўнг уни адо қи­ладиган нарсага қизиқтириб, уларга берган неъматларининг буюклигига ишора қилди: “Бу Аллоҳдан (бўлган) фазлдир. Аллоҳ етарли (даражада) билимдондир”. Бу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ фазли – зоҳирий ва ботиний илми ҳақида хабар бермоқда.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Наманган вилояти бош имом-хатиби

"Ҳидоят" журнали 2022 йил 1-сон

1631 марта ўқилди

Мақолалар

Top