Мақолалар

Йўллардаги ўйлар ёхуд кўча одоби нима?

Кейинги пайтларда республикамизда кўча-кўйда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарларга кўп дуч келяпмиз. Йўлларда эътиборли ва сергак бўлиш ҳақида бош қотиряпмиз. Барча масалада бўлганидек йўлнинг ҳам одоби, тартиби бор. Йўл ҳаракати қоидаларидан ташқари одоби масаласига ҳам эътибор қаратсак, яхши бўлар эди. Автомобилга ўтириб, йўлга тушар эканмиз, ҳайдовчи машинани техник жиҳатдан йўлга лойиқлигидан хабардор бўлмоғи шарт. Аввало, ёнилғи кейинги шохобчагача етадими, тормоз ва бошқа қурилмалар созлиги муҳим аҳамиятга эга. Йўл бепарволикни ёқтирмайди. Балки ишлаб кетар, балки ёнилғи етиб қолар деган ўй билан ҳеч қачон йўловчи олиб кўчада юрмаслик лозим. Бу юк ташувчи, йўловчи ташувчи техника ҳайдовчиларига ҳам тегишли.

– Яқинда эски машинамни сотишга тўғри келди, – дейди бир таниш такси ҳайдовчиси. – Битта кичкина чироқчасининг сими тегмай қолган экан. Техник кўрикдан ўтмади, сота олмадик. Шунда бир ўртоғим вилоятлардан бирига бориб, бемалол сота олишимни, ҳамма эски машиналарни вилоятларга сотиб юборишини, техник кўрик қўл учида амалга оширилишини айтди. Мен виждним, имоним олдида бундай қила олмаслигимни тушунтириб, Қибрайга устага олиб бориб машинани тузатиб, кейин сотдим.

Бу мутлақо бир кишининг фикри бўлса ҳам ундаги техник кўрик масаласи диққатимни тортди. Мана шунақа камчиликлардан кўз юмушлар кейин баъзи инсонларнинг ҳаётдан кўз юмишига олиб келмайдими? Нега фақат пойтахт машина бозорларида машина олди-сотдисида техник кўрик талаб қилинади?

Яқинда вилоятлардан бирида газ баллон қўйилган янги машинанинг портлаб кетгани ҳақида хабарни эшитиб қолдим. Кейин шу соҳадан хабари борларнинг айтишларича, кўпчилик узоққа қатнайдиган таксичилар кўпроқ пул эвазига газ баллонига кўпроқ газ қуйдириб олишар экан. Натижада баллон босимни кўтара олмай портлаб кетади. Хайриятки, бу ҳолатда ҳеч ким жабрланмаган. Ўша ҳайдовчига балки мисқоллаб топган пулига олган машинаси-ю ўзининг жони ҳам азиз эмасдир. Бироқ қолган йўловчиларчи? Уларни кутиб турган оила аъзоларичи?

Кўпчилик магистрал йўллар ва умуман йўлларнинг сифатсизлиги аварияларга кўпроқ сабабчи бўлаётганини, айланиб ўтсанг, жарима белгиланишини таъкидламоқда. Тўғри, йўлларда муаммолар кўп. Лекин эътибор қилсак, содир бўлаётган йўл транспорт ҳодисалари текис йўлларда кўп учраяпти. Айниқса, чорраҳалар, магистрал йўллар. Бу жойда ҳайдовчилар тезроқ олдинга ўтиб, тезроқ манзилга етишни мақсад қилади. Оқибатда...

Машиналар карвони орасидан пилдираб, ўзига йўл топиб, учириб юрадиган ҳайдовчилардан қўрқаман. Менга хотиржам ҳайдовчилар керак. Ҳали бу чизиққа, ҳали бу чизиққа ўзини уриб, бор-йўғи икки дақиқа вақтдан ютиши мумкин. Лекин шу икки дақиқа учун ҳаётини, ўзгалар ҳаётини хавфга солиш мумкинми?

Йўл одобларининг яна бир томони бор. Машина бошқараётганда ҳайдовчилар ойнадан қўл чиқариб юриши, чекиши, телефонда гаплашиши мумкинми? Ҳозирги кунда кўчага чиқиб кўринг, бундай ҳолларга ўнлаб дуч келасиз. Баъзида бемалол машина ҳаракати жараёнида эшик очилиб, туфланади ва яна давом этилади. Бу йўл қоидасидан ташқари одобга, тарбияга тўғри келадими? Туфлашнинг ҳам ўз тартиби бор аслида. Бирор четга чиқиб, ҳеч ким кўрмайдиган жойга чап оёқ томонга тупуриш керак. Йўлнинг ўртасида бошқарилаётган машинадан бош чиқариш яна бошқа ҳодисаларни келтириб чиқармайди деб ким кафолат беради?

Кўчага чиққач, машина меники, йўл меники дейдиганлар эҳтиёт бўлсин. Кўза кунида синади. Аввало йўлларда барчани Аллоҳ асрасин. Лекин кундан кун ортиб бораётган авариялар сони, ҳалок бўлаётган одамлар юракни қайғуга тўлдиради. Ангрен шаҳрида бўлган йўл-транспорт ҳодисасида бир оиладан уч одам вафот этибди. Тўртинчиси касалхонага тушган. Энг ачинарлиси, бир оила бўлиб, ҳарбий хизматдаги ўғлининг қасамёд маросимига бориб қайтаётган бахтиёр оила бир лаҳзада... қолганини ёза олмайман. Кучим етмайди...

Вилоятларни бир-бирига улайдиган магистрал йўлларда ҳайдовчилар бир-бирларига телефон қилиб, қаерда радар бор, кузатув қаерга ўрнатилган айтиб кетишади. Бу кузатувдан ташқи жойларда тезликни ошириш дегани. Шунда йўловчилар ҳайдовчидан секин юришни талаб қилишлари лозим. Телеграм каналларида баъзилар қаерда "01" яъни спиртли ичимлик ичганини текшириш рейдлари бўлаётганини сўрашади. Унга кимдир "яхшилик" қилиб айтадиям. Бу ўйламай қилинган огоҳлантириш ортидан кимдир жароҳат олиши , ва ҳатто ҳаёт билан видолашиши ҳам мумкин. Муқаддас динимизда ичкилик ичиш қаттиқ қораланади. Ичкилик таъсиридаги одам ақлининг измида бўлмайди. Энди уни машина бошқаришини тасаввур қилаверинг! Шундай одамга қаерда рейд бўлаётганини айтгандан кўра, нафсингга рейд ўтказ, деб танбеҳ берган яхши эмасми?

Аслида ҳайдовчини тергашга йўловчиларнинг ҳам ҳақи бор. Бир-икки йил олдин оилавий Самарқанд вилоятига кетаётган эдик. Кечаси йўлга тушганимиз учун ҳайдовчидан секин юришни илтимос қилдик. Ҳайдовчи бир ерда тўхтади. Машина рақамига нимадир ёпиштираётганини пайқаб қолдик. Шунда турмуш ўртоғим ҳайдовчининг ёнига тушиб борди ва бу иши яхши эмаслигини огоҳлантирди. Ҳайдовчи норози қиёфада жойига ўтирди ва машинани ҳайдаб кетди. Камераларни, патрул хизматчиларини алдаш мумкиндир. Аллоҳни қандай алдайди, ўз виждониничи?

Туркияда яшаб келган жияним айтиб берган эди. Агар Туркияда икки машина тўқнашиб кетса, ҳайдовчилар бир-бирларига кечиринг, биздан ўтибди, деб узрхоҳлик қилишади, деб. Техника – темир. Инсон умри азиз. Тўғри, бизда машинага етишиш осон эмас. Йиллаб қилинган заҳматлар эвазига машина олиш мумкин. Мол аччиғи – жон аччиғи. Одам бу ҳолатда ўзини бошқариши қийин. Лекин ҳеч нарсани ортга қайтаришнинг иложи йўқ. Шунинг учун олдиндан сокинроқ машина бошқарган маъқул.

Биз фарзандларимизга тарбия бераётганда йўл одоблари, машина бошқариш одобларини ҳам ўргатиб борайлик. Токи, йўлларда битта бўлса ҳам авариянинг олди олинсин. Биров озроқ қувиб ўтса, етиб олиб кимлигимизни кўрсатиб қўйишдан тийилайлик. Озгина хато қилган одамни кечирайлик. Йўлдан одамларга зарар етказадиган арзимас нарсани олиб ташлашнинг савоби улуғлиги ҳақида жуда кўп эшитганмиз. Йўлларда одамлар ҳаётига хавф туғдирадиган зарарлардан эҳтиёт бўлиш билан ҳам савоб олайлик.

Манзура Шамс

1542 марта ўқилди

Мақолалар

Top