Мақолалар

Шариатда зарурат тақозоси

Пайғамбаримиз алайҳисса­лом бундай марҳамат қилганлар: “Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир. Улар орасида кўп одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаъни учун ўзини пок тутибди. Ким шубҳали нарсаларга тушса, худди қў­риқхона атрофида чўпонлик қилиб, унга ўтиб кетай деган чўпонга ўхшайди. Огоҳ бўлинг! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бордир. Огоҳ бў­линг! Албатта, Аллоҳнинг ер­даги қўриқхонаси – ҳаром қил­ган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғ­лом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир” (Имом Бухо­рий ва Имом Муслим ривояти).

Шариатда ҳалол ва ҳаром нозик, мураккаб масала ҳисоб­ланади. Қилни қирқ ёрган фа­қиҳлар ушбу масалани ҳам энг нозик нуқталаригача ўргандилар. Улар бу масалага бағишланган машҳур фиқҳий қоида:الضرورات تبيح المحظورات – “Заруратлар ман этил­ганларни ҳам жоиз қилади”ни ишлаб чиқдилар.

“Заруратлар ман этилганларни ҳам жоиз қилади” – ҳожат, эҳтиёж ва машаққатларни қамраб олиб, одамларга енгиллик ва осонлик туғдирилиши учун шариатга киритилган аҳамиятли фиқҳий қои­далардан биридир. Ушбу қоида бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотган эмас. Чунки ҳозир ҳожатлар ҳар қачонгидан кўра кўпайган, табиий эҳтиёжлар ортган даврдир. Ана шу қоиданинг моҳиятини тўлиқ англамасдан, уни нотўғри талқин қилиш ҳоллари кузатилмоқда. Ма­салан, замонавий фотосуратлар ва видеолавҳалар оммалашиб кетди. Лекин аксарият инсонлар улардан тўғри фойдаланиш ўрнига, фаҳш ишларни тарқатиш билан овора.

Беҳуда суратга тушиб, тарқатишнинг оқибатлари ҳақида тўхталмоқчимиз.

Назарланиш. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитоб қилади: «Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва, албатта, у жиннидур, дерлар» (Қалам сураси, 51-оят). Оятдаги “Кўз билан тойдириш”нинг икки хил маъноси бор. Бири – адоват ва душманлик назари билан ҳақ йўлдан тойдириш, адаштириш. Иккинчиси, назар орқали жисмоний зарар етказиш, йиқитиш, ҳалок қилиш.
Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоят­ларда мушриклар Қурайш қабиласидан “кўзи” бор бир кишини олиб келиб, Пайғамбаримиз алай­ҳиссаломга ёмон назар билан қаратиб, зарар етказ­моқчи бўлишгани айтилади.

“Кўзли” одамлар Бани Асад қа­биласида кўп бўлар экан. Агар улардан бири семиз туяни кўрганда ёмон кўз билан қараб: “Ҳой қиз, идишни олиб бориб, манавининг гўштидан олиб кел” деса, туя тезда касал бўлиб йиқилар, эгаси уни сўйиб юборишга мажбур бўлар экан.

Демак, тармоқларга жойлаштирилган суратдаги шахсларга кўз тегиши, сеҳр қилиниши, ундан баъзи кишилар зарарла­ниб, хаста бўлиши мумкин.

Мақтанчоқлик. Қуръони каримда Аллоҳ таоло мақтан­чоқ ва мутакаббир кимсани ёқтир­маслигини бундай баён қилади: «Одамларга (кибр­ланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ ким­са­ларни суймас» (Луқмон сураси, 18-­оят). Кибр – улкан гуноҳ. Мў­мин-мусулмон кибрланишга мут­лақо йўл қўймаслиги, ўзини ҳа­миша хокисор, камтар тутиши лозим. Ҳаётни Аллоҳга чин бан­далик қилиш билан безаши керак. Мақтанчоқлик ҳамда кибр бир-бирига жуда яқин, таъбир жоиз бўлса, эгизак тушунчалар ҳисобланади. Агар бирор киши мақтанчоқ бўлса, демак, унда кибр бор, шунингдек, кибрли кимса, албатта, мақтанчоқ бўлади.

Кўнгил синдириш. Халқимиз­да “Беш қўл баробар эмас” деган ибора бор. Синовли дунё­­да Аллоҳ таоло кимнидир мол-­дунё, кимнидир фақирлик, ким­нидир фар­занд­сизлик ва яна кимнидир бе­­­тоб­лик билан синайди. Умри қи­­йин­чиликда ўтаётганлар ҳам йўқ эмас.

Аллоҳ таоло барчамизга фаросат, инсофи тав­фиқ берсин!

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

 

"Ҳидоят" журнали 2022 йил 1-сонидан

1826 марта ўқилди

Мақолалар

Top