Мақолалар

“Мафкуравий бўшлиқ бўлмайди”

Муносабат

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида яшовчи 80 ёшли бир отахон бир вақтлар диний оқим аъзоси сифатида рўйхатга олинган экан. Шу киши юртбошимизнинг экстремистик оқимларга адашиб кириб қолганларининг тавба қилганларини кечириб, оқим аъзоларининг рўйхатидан чиқарилиши бўйича берган топшириғини эшитиб: “Яратганга шукр, бундай тамға билан кетишдан қутилдим” деб, кўзида ёш билан ўз хурсандчилигини изҳор қилибди.

Ўша чолга тенгдош бўлган Қашқадарёлик бир чол ҳам шундай рўйхатга тиркаб қўйилган экан. Бангладешдами, Лотин Америкасидами  бир тўполон бўлса, уни ички ишларга чақиради. Мункиллаб қолган чол бечора бир амаллаб 30 чақирим йўл босиб боради-да “катта”ларнинг қабул қилишини кечгача кутиб ўтиради. Кечга яқин йўлакдан ўтаётган бирови “кетаверинг” деб ўтиб кетади, мадорсиз оёқлари чалишиб ортга қайтади. Бир куни сабр косаси тўлиб: “Болам, қариб қолган бир чол бўлсам, шу рўйхатдан энди ўчириб қўйсангиз бўлмасмикан?” дея илтижо қилибди. “Бу рўйхатдан ўлсангиз қутуласиз”, деб жавоб беришибди унга. Ўша чол ўтган йили ўлди-ю, қутулди. Лекин умри вафо қилиб турганида ўлмасдан ҳам қутулар экан.

Ана шу чоллар ўша кезларда нега адашганининг сабаби аён. Динимизга эркинлик берилган, аммо уларда етарлича илм бўлмагани оқибатида бир бузғунчининг суҳбатига маҳлиё бўлиб ўтирган. Унинг айтган гапларининг фаҳмига бориб-бормай  бир жойларда гапирган ҳам...

Ана шу ҳолат Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида айтган мафкуравий бўшлиқ ҳеч қачон бўлмаслигининг яққол исботидир.

Энди эса замон ўзгарди. Ниҳоятда кучли олимларимиз халқимиз орасида юриб соф динимиз табиатини тушунтирди, диний нашрлар мунтазам нашр этилмоқда, кўрсатувлар, эшиттиришлар, интернет сайтлари ва бошқа-бошқа қулайликлар таъсирида одамларимизнинг диний билими бойиди. Ҳозир, айтайлик, бирор даврада баҳсли савол туғилиб қолса, “телеграм”, “инстаграм” ёки шуларга ўхшаш менежерлар орқали энг нуфузли олимларимиздан ўша саволнинг энг тўғри жавобини бир зумда олиши мумкин.

Имом-хатибларимизнинг ҳам истиқлолнинг дастлабки йилларидаги домлаларимиздан хийла фарқи бор. Шунинг учун ҳам Президентимиз ёшлар билан ишлаш борасида уларга жуда катта ишонч билдирди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, инсон зоти ҳар доим изланишда, мудом онгини машғул қилган саволларга жавоблар топиш истагида юради. Агар ўша саволларга жавобни имом-хатибларимиздан тополмаса, бошқа жойлардан қидиради. Юртбошимиз сўз – амал бирлигига риоя қилишга алоҳида урғу бергани бежиз эмас. “Ё аслинг каби кўрингил, ё кўринганинг каби бўл”, деган эди буюк мутафаккир Жалолиддин Румий ҳазратлари. Модомики, имом-хатиблар ҳам, бошқа олимлар ҳам асли каби кўринишга эришмас экан – ўзининг амали, ҳаёт йўли, тутумлари билан ибрат бўлмас экан, Унинг чиройли сўзлари ҳеч кимнинг қалбига етиб бормайди. Фақат унинг ўзи “Мулланинг айтганини қил, қилганини қилма” қабилидаги мазах нишонига айланади, холос.

Нафсиламри, Президентимиз таъкидлаб айтганидек, айрим ёшларимиз хорижга бориб бошқа фирқаларга аъзо бўлиб келиб бу ердагиларнинг бошини қотираётир. Хорижда ҳам улар ўзлари уриб бориб, бирор фирқага аъзо бўлиб олмайди. Улар овланади: уларга хўрак қўйилади, моддий ёрдам қилинади, руҳий босим ўтказилади ва узлуксиз тарғибот ишлари олиб борилади...

Тажрибали овчилар қурбонига айланган ана шундай содда ва гўл ёшларга элимиз орқа ўгирмаса, имом-хатибларимиз уларнинг онгини зарарли ғоялардан поклашга жидду жаҳд этса, ҳеч шубҳасиз, тўғри йўлга тушиб олади.

Давлатимиз раҳбари талаб қилаётган нарса шу ўзи – жаҳолатга қарши маърифат. Зеро, аждодларимиз ҳамиша жаҳолатни маърифат билан мағлуб этиб келган. Хусусан, буюк мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ бир неча бор хорижийлар, рофизийлар ва бошқа фирқа вакиллари билан музокараларга киришган ва уларни бой илми, кучли мантиқи ва вазминлиги билан адашган йўлларидан қайтишга мажбур қилган.

Муҳтарам президентимизнинг жон куйдириб айтган гаплари йиғилиш иштирокчилари ва юртдошларимизни тўлқинлантириб юборди. Бу маслаҳатлар, кўрсатмалар ва талаблар, албатта, жамиятимизни соғломлаштиришга хизмат қилади; юртимизга суқилиб кирмоқчи бўлган ёт кучларни ва уларнинг ғайриинсоний ғояларини бартараф этишда дастурул амал вазифасини ўтайди, иншаАллоҳ!

              

Дамин ЖУМАҚУЛ

5527 марта ўқилди

Мақолалар

Top