Мақолалар

Динда саволим бор: Динимизда муслима аёлнинг ўзга дин вакилига турмушга чиқиши борасида нима дейилган?

— Ҳозирги кунда мўмина қизларимиз бошқа дин, бошқа миллат йигитлари (масалан, хитой, корейс, рус ва бошқа)га турмушга чиқиб кетаётганини кўп эшитяпмиз. Динимизда муслима аёлнинг ўзга дин вакилига турмушга чиқиши борасида нима дейилган? Аксинча, муслима бўлмаган қизларнинг мусулмон йигит билан оила қуриши масаласида-чи?

Никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Никоҳдаги икки шахс бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланади. Бу ҳолга эришиш аввало, қалбларнинг бирлашмоғини, қалбларнинг бирлашмоғи эса ақийда бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаётий йўлини белгилайдиган ўлчов унинг диний нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан Ислом ақийдасида бузуқ аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман этилади.

Мусулмон эркак Ислом ақидасидан ўзга ақидадаги мушрика аёлга уйланиши мумкин эмас. Лекин у аёл ўз динини тарк этиб, Ислом динига кириб, мўмина бўлса, шундан кейин уйланса бўлади. Бу ҳукмдан яҳудий ва масиҳий динидаги аёллар мустасно. Улар ўз динларида турсалар ҳам, мусулмон эркак уларга уйланса бўлади.

Шунингдек, мўмина аёлларнинг мушрик эркакларга турмушга чиқишлари, уларга никоҳланишлари қатъиян ман қилинади: “Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг”.

Яъни мўминаларни уларнинг никоҳига берманг. Муслима-мўмина аёллар мусулмон динидаги эркакдан бошқа эркакка турмушга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркак Исломга кириб, мўмин бўлсагина, рухсат бўлади. Ҳатто, эркак яҳудий ёки масиҳий динида бўлса ҳам, муслима аёлнинг унга никоҳланиши ҳаром. Фақат мусулмон эркак бўлиши шарт.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз аҳли китобнинг аёлларига уйланамиз, улар бизнинг аёлларимизга уйланмайдилар”, деганлар. Худди аёлларга ўхшаб, эркаклар фазлининг ўлчови ҳам иймондир: “Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир”. Яъни эркак киши қул бўлса ҳам, мўмин бўлса, бас, бошқа иймонсиз эркаклардан яхшидир.

Эркак бўлсин, аёл бўлсин, иймонсизлиги, мушриклиги жуда ёмон, ким улар билан алоқада бўлса, хусусан, никоҳ каби муқаддас ва нозик алоқада бўлса, касофати уради. Урганда ҳам, энг ҳассос нуқтада – ақийда бобида уради ва инсон ўз турмуш ўртоғига эргашиб, динидан чиқиб кетиши хавфи бор. Шунинг учун оятда: “Анавилар ўт-оловга чақирарлар”, – дейилади. Анавилар (мушриклар) ўзлари билан бирга бўлганларни мушрикликка, бу дегани, дўзах ўтига чақирадилар. “Аллоҳ эса Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эслатма олсалар”. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг баён қилиб берган оятларига амал қилиб яшаш керак.

 

Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов

 

 

2285 марта ўқилди

Мақолалар

Top