Мақолалар

Ҳадисларни кўчириб ёзиш қачон бошланган?
 

Айрим тоифалар Расулуллоҳ соллалло­ҳу алайҳи ва саллам ҳадисларни ёзишдан қайтарганларига ушбу ҳадисни далил қиладилар: “Мендан (ҳадис) ёзиб олманг­лар. Ким мендан Қуръондан бошқани ёзса, уни ўчириб ташласин!”1

Чиндан ҳам, Набий алайҳиссалом Ислом динининг дастлабки даврида ҳадисларни кўчириб ёзишдан қайтарганлар. Чунки ҳадисни ёзувчилар озчиликни ташкил қи­либ, ҳадислар хурмо барглари, сопол буюмлар, дарахт пўстлоқлари ва бошқа нарсаларга битиларди.

Қолаверса, саҳобалар ҳали Қуръони каримнинг ўзига хос услубини, унинг матнини ажрата олмас эдилар. Агар ҳадислар ҳам ёзиб олинса, Қуръон билан аралашиб кетиш хавфи бор эди. Ушбу хатарнинг олдини олиш мақсадида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадис ёзишдан қайтарганлар.

Бироқ кейинчалик ҳадисларни ҳам кўчириб-ёзиб боришга ижозат берилган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ (631–676): “Ҳадисларни Қуръон оятлари билан бирга ёзиш ман этилган. Қуръон билан ҳадис алоҳида-алоҳида ёзилмагани­да, оятлар ва ҳадислар ўзаро аралашиб кет­ган бўларди”, деган.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ бундай мисол келтиради:

«Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо ўзла­рига кўчиртирилган Қуръони каримнинг Бақара сурасидагиوَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى – “ал-вусто” ояти­дан сўнг “солатул аср” изоҳини ёз­дирган. Аслида, “солатул аср” сўзи Қуръон­да йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шундан қайтар­ганлар».

Исломнинг бошланиш даврларида оят билан унинг тафсири бирга ёзилса, уларни ажратиб олиш қийин бўларди. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тафсир ва шарҳларни оятлар билан бирга ёзишдан қайтарганлар2. Қуръони каримдан ташқари ҳар қандай ёзувни ўчиришни амр қилганлар. Бу борада ўша замонларда ёзув қоғози қанчалик тақчил бўлганини ҳам унутмаслик керак. Ҳатто Қуръон оятлари ҳам тери парчалари, дарахт пўстлоқлари, ҳайвон суяклари ва баъзан тошларга ёзиларди. Уларни китоб ҳолида бир жойда тўплаш қийин эди. Агар ҳадислар ҳам айни шаклда ёзилса эди, Қуръон оятлари ва ҳадисларни бир-биридан фарқлаш янада қийин бўларди.

Бу тартибнинг барчаси пайғамбар­лик­нинг дастлабки йилларига оид эди. Са­ҳобалар Қуръоннинг услубига ошно бўл­ганларида ва ёзув қоғозига кўчириш имкон­лари пайдо бўлганида вақтинчалик бу эҳтиёт чораси бекор қилинди. Чунки энди Қуръон билан ҳадиснинг аралашиб кетиш хавфи қолмаганди.

Вақти келиб, Набий алайҳиссалом са­ҳо­бала­рига ҳадисларни кўчириб ёзишни шахсан ўзлари буюрдилар. У зот алай­ҳиссаломнинг бу мавзудаги таълимотларидан баъзилари қуйида келтирилади:

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтириб бир қанча ҳадисларни эшитди. Аммо уларни ёдлаб ололмади. Шунда Набий алайҳиссаломга: “Сиздан жуда ажойиб ҳадисларни эшитдим. Лекин ёдимда қолмади”, деди. Пайғамбаримиз: “Ўнг қўлингни ёрдамга чақир!” деб ўнг қўл билан ҳадисни ёзиб олишга ишора қилдилар»3.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийалло­ҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳар бир нарсани уни сақлаб қолиш мақсадида ёзиб олар эдим. Бундан мени қурайшликлар қайтардилар. “Эшитган ҳар бир нарсани ёзиб олаверасанми?! Ахир, инсон ғазабланиши, рози бўлиши мумкин”, дедилар. Мен ёзишдан тўхтаб қолдим. Сўнг бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сўзлаб бердим. У зот бармоқлари билан оғизларига ишора қилдилар ва: “Ёзавер, нафсим қўлида бўлган Зот – Ал­лоҳга қасамки, бу оғиздан фақатгина ҳақиқат юзага чиқади”, дедилар»4.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ро­зий­алло­ҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алай­ҳи ва саллам: “Илм­ни боғланглар!” дедиларМен: “Унинг боғлами нима?” дедим. У зот алайҳиссалом: “Уни кўчириб ёзиш”, дедилар»5.

Ушбу ҳадисга мувофиқ бир неча саҳо­балар розийаллоҳу анҳум ҳадисларини кўчириб-ёзиб борганлар ва ўзларининг ҳадис тўпламларини тузганлар. Улар сақ­лаган, жамлаган ҳадис тўпламлари ке­йин­ги давр муҳаддис олимлари учун илмий кашфиётлар эшигини очди ва бу асарлар бошқа турдаги ҳадис тўпламлари негизини ташкил этди.

Даврон НУРМУҲАММАД,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

таянч докторанти

1582 марта ўқилди

Мақолалар

Top