Мақолалар

Ёшлик – умр баҳори

30 июнь – “Ёшлар куни”

Маълумки, ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Албатта, бунда аввало ота-онанинг, устознинг ва жамиятнинг масъулияти катта. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Таҳрим” сураси 6-оятида бундай буюради: 

“Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)”.

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ушбу оят нозил бўлгандан сўнг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: Ё Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?”, – деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади”, – деб жавоб берганлар.

Ёшларни, фарзандларимизни гўдаклик чоғидан, аввало, уларга Яратган Зотни танитиш ва уларни имон-эътиқодли, динига, Ватанига хизмат қиладиган комил инсон бўлиб етишишларига жиддий аҳамият бериш лозим.

Инсон ёшлигидан имон-эътиқодли ҳамда тақволи бўлса, унинг бу дунёсини ҳам, охиратини ҳам Аллоҳ таоло баракотли қилиб қўяди. Аллоҳ таоло ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилган: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур” (Талоқ сураси 2-3 оятлар).

Ҳадиси шарифларда келишича, Қиёмат кунида одамлар ўзларини ҳимоя қиладиган ёки қуёш иссиғидан пана қилиб турадиган жой ахтариб қоладилар. У кунда Аллоҳ таолонинг Аршининг соясидан бошқа соя бўлмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам етти тоифа киши Аршнинг соясида бўлишини айтиб, шулар жумласида: “Аллоҳнинг тоати-ибодатида улғайган йигит (Аршнинг соясидан бошқа ҳеч қандай соя бўлмайдиган кунда соялантирилади),” – дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривоятлари).  

Одатда кекса одамда ўлим хавотири бўлади. Улардаги истаклар ёшларникидек бўлмайди. Аммо ёшларда истаклар кучли, орзу ҳаваслар кўп, куч-қувват етарли, юмушлари бисёр бўлиши баробарида, уларни йўлдан урувчи нарсалар ҳам кўп бўлади. Улар ўзларидаги гуноҳ, ҳою ҳаваслар истагини енгиб, ибодатга уринганлари, намозларини ўз вақтида адо этишга бел боғлаганлари учун Қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясидан жой оладилар. 

Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак. Ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги лозим. Жадидчи алломаларимиздан бирлари: “Фарзанд тарбиясига лоқайд қараган миллат инқирозга маҳкумдир”, – деб бежизга айтмаган.

Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу ёшларга насиҳат қилиб бундай деган:“Аллоҳ таоло кимга илм ато этган бўлса, унинг ёшлигида берган. Яхшиликнинг ҳаммаси ёшликда бўлади”, – деди ва қуйидаги оятларни тиловат қилди: “Улар айтишди: “Бут-санамларимизни айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик” (Анбиё сураси 60-оят).

Бошқа оятда бундай дейилади: “... Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига имон келтирган ва Биз уларга ҳидоятни зиёда қилган йигитлардир” (Каҳф сураси, 13-оят). Яна оятда эса: “Унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик”, дейилади (Марям сураси, 12-оят).  

Афсуски, аксарият болалар айни илм олиш пайти келганда ўйин-кулги ва бекорчи машғулотлар билан овора бўлиб юрадилар. Айрим ёшлар умрининг энг навқирон пайтини чойхоналарда, компютер ўйингоҳларида ўтказмоқда. Ота-оналари ҳам: “Ҳали фарзандимиз ёш, катта бўлгач ўқир”, – дея бунга бепарво қарайди. Аслида ёшлик пайтида хотираси энг яхши ишлайдиган давр бўлади. Ўша пайтдан бошлаб болани секин-аста илмга жалб қилиш яхши натижа беради.

Сўзимизни далили сифатида бир мисол келтирамиз. Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби қанчадан-қанча аллома боболаримиз 7-8 ёшларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олишган. Бундан ташқари, тарих, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа фанларни чуқур ўзлаштиришган. Ўн саккиз ёшигача ҳаётида керак бўладиган барча илмларни мукаммал ўрганиб, машҳур олим даражасига кўтарилган.

Бундан келиб чиқадики, ота-оналар фарзандларини ёшлик давридан унумли фойдаланиб, керакли илмларга йўналтириши лозим. Уламолар айтадиларки:“Ким ёшлик чоғида илм олмаса, катта бўлганида юксалмайди”.

Тарихдан бизга маълумки, қанчадан-қанча улуғларимиз, буюк аждодларимиз ёш йигитлик даврида бутун бир қўшинни ёки катта бир салтанатни бошқара олган. Масалан, Усома ибн Зайд разийаллоҳу анҳу Рим империясига қарши бўлган жангда Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонларидан қўшинга бошлиқ этиб таъйинланган. Ўшанда у зотнинг ёшлари 18 га ҳам тўлмаган эди. Аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур 12 ёшида отаси ўрнига Фарғона улусининг ҳокими бўлган ва ёш бўлишига қарамай кўплаб сиёсий ислоҳотлар қила олган. Амир Темурнинг  учинчи фарзанди Мироншоҳ Мирзо эса 14 ёшида Хуросон ҳокими бўлган. Ёки 1453 йили май ойида Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ Қустантиниянинг фатҳ қилганда 23 ёшда эди.

Аждодларимизнинг илм-фан, кашфиётлар, шеърият ва адабиётда эришган ютуқларига тўхталсак, бу мавзуда алоҳида китоб ёзиш мумкин. Биргина аждодимиз Мир Алишер Навоий ҳазратларини олсак, 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут-тайр” асарини ёддан билган ва буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг китобидаги олти мингдан зиёд ҳадиси шарифларни ёд олган. 7-8 ёшларидан бошлаб ғазаллар ёза бошлаб, ўн беш-ўн олти ёшларида ҳам туркий, ҳам форсийда ижод қиладиган “икки тилли” шоир сифатида танилган. Алишер Навоий ўсмирлик йилларида ўзлари севган шоирларнинг 50 минг байтдан ортиқ шеърларини ёд билган. Тарихдан бу каби мисолларни жуда кўп келтиришимиз мумкин. Ҳозирда ёшларимиз ҳам ёшлик даврларида ўз устиларида ишламаса, ўзларининг вақт ва иқтидорларини фойдали илм ва машғулотларга сарфлашмаса, эртага кеч бўлади. Зеро миллатимизнинг келажаги ёшлар ҳисобланади.

Ҳозирда юртимизда илм олиш учун барча шароитлар яратилган. Ёшларга, айниқса уларнинг замонавий билим олишига, эътибор кучайди. Ўтган сўнги тўрт йил вақт мобайнида ёш авлод камолотига қаратилган элликдан ортиқ ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, тўртта қонун, ўттиздан ортиқ Президент фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг қирқдан зиёд қарори қабул қилинди. Нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳозирги ёшларимизни имкон қадар чет тилларини, айниқса, ғарб ва шарқ тилларини мукаммал билишларига аҳамият беришимиз даркор. Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Сурёний (яҳудий тили)ни биласанми? Менга улардан мактублар келади” – дедилар. Мен: “Йўқ”, – деган  эдим, “ўрганинг!”, – деб буюрдилар. Мен ўша тилни ўн етти кунда ўргандим. Яҳудийлардан мактублар келса, уни ўқиб берар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мактуб юбормоқчи бўлсалар, мен ёзиб жўнатар эдим”.

Бошқа ривоятларда келишича, ўшанда Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳунинг ёшлари 16 да бўлган. Улкан ҳиммат билан қисқа муддатда ўзга тилни мукаммал ўрганишга муваффақ бўлганлар. 

Бизлар учун намуна ҳисобланган саодат асри кишилари ўз даврларининг ҳар соҳада пешқадами бўлганлар. Биз ҳам фарзандларимизни иқтидорига қараб ўзининг замонасидаги илмларни ўргатишимиз лозим ва ёшларимизни замонасининг олди ёшлари қилиб тарбиялашимиз зарур.

Ёшлар тарбиясида илм билан ҳусни хулқ – инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидур. Чунки ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик  кутилади: ўзига, оиласига, жамиятга, балки бутун атроф муҳитга ундан фақат манфаат етади. Шунинг учун фарзандларимизни  ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Ҳадиси шарифлардан бирида: “Ота фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, дейилган (Имом Термизий ривоятлари).

Умрнинг қадрига етишлик, хусусан ёшлик даврини ғанимат билиш нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам инсонни улкан масъулиятдан халос қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларида бундай деганлар:

“Банда Қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунича қадамлари силжимайди: умридан – уни нима билан ўтказгани; ёшлик давридан – уни нима билан машғул қилгани; мол-дунёсидан – уни қай йўсинда топгани ва қайси йўлди сарфлагани; илмидан – унга қандай амал қилгани”.

Демак, Қиёмат куни энг биринчи сўралиши керак бўлган тўрт нарсадан иккитаси вақт хусусида экан. Шунинг учун ҳам саҳоба ва тобеинлар вақтларининг қадрига етишган. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Шундай зотлар бор эдики, улар ўз вақтларига сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан ҳам кўра қаттиқроқ ҳарис эдилар”, деганлар.

Турли фитналар авж олган, тарафкашлик, фирқаларга бўлиниши кўпайган пайтда ёшлар ўз динларини, ақидаларини муҳофаза қилишлари лозим бўлади. Тобеинлардан Анас ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ ёшларга шундай насиҳат қилар эканлар: “Эй ёшлар жамоаси! Аллоҳга тақво қилинглар. Расулуллоҳнинг ҳадисларини кимдан таълим олаётганларизга эътиборли бўлинглар. Чунки бу ҳадислар сизларнинг динларингиздир!”

Бу жуда ҳам аҳамиятли насиҳатдир. Динимни ўрганаман, илм оламан ёки ҳадис ўрганаман, деб ёшлар учун энг муҳим нарса – шаръий илмларни аввало илмда мустаҳкам бўлган, замонасининг уламолари эътироф этган уламолардан олиши зарур. Дуч келган инсондан илм олавермаслиги керак. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан келаётган бу мерос илмда собит  бўлган уламолардан олинади. 

Ибн Шавзаб раҳматуллоҳи алайҳ: “Бир ўспирин йигитнинг суннат соҳиби бўлган кишини дўст тутиб, ундан илм олиши Аллоҳнинг неъматидир”, – деганлар.

Айниқса, интернетда, ижтимоий тармоқларида ёки хорижга борганда, бемазҳаблик ёки Ислом уламолари қоралайдиган “Ҳизбут-таҳрир” каби адашган оқимлар таъсирига тушиб қолишдан сақланишлари лозим. Хориждан туриб фейсбук ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали юртимизни динсизликда айблайдиган сохта даъватчилар, турли бидъатчи фирқаларнинг макридан эҳтиёт бўлишлари даркор. Амр ибн Қайс Малоий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Агар йигитни аҳли сунна вал жамоа аҳли билан бирга униб-ўсаётганини кўрсанг, келажакда ундан яхшилик кутавер. Аммо уни  бидаът аҳли билан ўсиб вояга етаётганини кўрсанг, ундан умидингни узавер. Чунки ўспирин бола биринчи таълим олган нарсасида бўлади”.

Аллоҳ таоло миллатимиз келажаги бўлган ёшларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Уларни дин-диёнатда, одоб-ахлоқда, инсофу тавфиқда улғайишларини, илм-маърифатда аждодларига муносиб авлод бўлишларини насиб этсин!

Ҳикматуллоҳ Тоштемиров, 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази бош мутахассиси

1707 марта ўқилди

Мақолалар

Top