Мақолалар

Ҳаж ихлосдир! (5 қисм)

“Ихлос” луғатда “тозалаш” деган маънони англатади. Унинг шаръий истилоҳи борасида турли таърифлар айтилган. Энг чиройли таърифни Муновий раҳматуллоҳи алайҳ айтган: “Ихлос қалб софлигини кирлантирган амаллардан халос бўлишдир. Кир қилувчи ҳар ҳар қандай амалдан халос бўлган соф амални холис бажарилган дейилади”.

Ихлос мўмин инсон ҳаётида жуда катта аҳамият касб этадиган фазилат ҳисобланади. Зеро, улуғ зотлардан бири: “Амал икки нарса билан қабул бўлади: холис ва солиҳ бўлса”, деган.

Холис ихлос солиҳ шариатда мавжуд бўлган амал демакдир. Ихлос Аллоҳ таоло томонидан бандага бериладиган улкан мукофот ва неъматдир. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг илк оятларида бундай марҳамат қилади: “Бас, Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт. Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир”.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийлардан бирида: “Ихлос Менинг сирларимдан бир сирдир. Ўз бандаларимдан кимни яхши кўрган бўлсам, ўшанинг қалбига ихлосни жойлаганман. Унга фаришта таниш бўлиб, ёза олмайди ҳам, шайтон таниш бўлиб, буза олмайди ҳам” деган.

Маъруф Кархий раҳматуллоҳи алайҳ нафсини койиб: “Эй нафс! Холис бўл, халос бўласан”, дер эди.

Бир солиҳ инсон ўз биродарига бундай деб ёзган экан: “Амалингда ниятингни холис қил, шунда сенга оз амал ҳам кифоя қилади”.

Ўтган улуғлар: “Ким ўз ихлосида ихлосни кўрса, ихлоси ихлосга муҳтож бўлади”, дердилар.

Ихлос ҳақида гап кетар экан, ҳаж зиёрати ҳам ушбу фазилат билан чамбарчас боғлиқдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай марҳамат қилади: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тугал адо этинг (Бақара сураси, 196-оят).

“...тугал адо этинг”. Бир ишни тугал қилиш уни барча шартлари билан бузувчи ва нуқсонга учратувчи нарсалардан сақлашдир. Яъни, ҳажни фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб ва одобларига амал қилган ҳолда ҳаром, макруҳ ва беадабликлардан холи қилиб бажаринг, деганидир.

Мазкур оятга кўра, уламоларимиз ҳаж ёки умра амалини қилишга киришган кишига ушбу ҳаракатни охирига етказиб, тўлиқ бажариши вожиб эканига ижмо қилганлар.

“...Аллоҳ учун...” ояти “Тафсири Насафий”да қуйидагича шарҳланган: “Ҳаж ва умранинг шарт ва фарзларини тўлиқ бажарган ҳолда, кечиктирмай, камчиликсиз Aллоҳ таолонинг розилиги учун бажаринглар”.

Ҳажни ихлос билан бажариш лозимлиги ҳақида ҳадислар бор. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилг андек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Муҳаддислар бу ҳадис ихлосга тарғиб бўлиб, ҳаж ёки умрани қасд қилган киши, аввало, ниятини гўзал, холис Аллоҳ учун қилиши керак бўлади, дейдилар.

Амални холис қилгандан кейин ибодатнинг савобини кетказиб қўядиган ишлардан сақланиши лозим. Амалларини риё, сумъа ва ужбдан эҳтиёт қилиши керак. Бу иллатлар шайтоннинг энг кучли қуроллари бўлиб, мисқоллаб йиғилган барча савобларни бир лаҳзада йўққа чиқариб юборади.

Аллома Муҳаммад Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг истилоҳлар ҳақида ёзган машҳур асарида риёни қуйидагича таърифлайди: “Риё яхшиликни бошқалар кўрсин учун қилишдир. Унда холис ният ва ихлос бўлмайди”.

Дарҳақиқат, ҳар бир ишимизда ихлос бўлиши керак. Усиз иш битмайди. Ихлос қилсак, мақсадлар ҳосил бўлади. Ихлос сабаб Аллоҳ таоло ёмонликлардан халос этади. Зеро, улуғ зотлар: “Ихлос – халос” деб бежизга айтмаганлар.

“Ва амалларингизни ботил қилмангиз” (Муҳаммад сураси, 33-оят). Юсуф ибн Ҳусайн раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Инсон зоти учун дунёда ихлосдан кўра қийинроқ иш йўқдир. Риёни қалбимдан таг-туги билан қўпориб ташлашга ҳарчанд ҳаракат қилмайин, у ҳар сафар янги-янги кўринишда ўсиб чиқаётганга ўхшарди”.

 

Давоми бор...

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг

"Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.

 

1578 марта ўқилди

Мақолалар

Top