Мақолалар

Шавкат Мирзиёев: Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 июль куни Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.

Маълумки, шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси давом этмоқда. 

Бу борада фуқароларга ўз фикри ва хоҳиш-иродасини эркин билдириш учун барча демократик шароитлар яратилган. Лекин айрим ғаразли кучлар конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида тажовузкорлик ва зўравонлик йўлини танлаб, вазиятни издан чиқармоқчи бўлди. 2022 йил 1 июль куни Нукус шаҳрида бир гуруҳ шахслар сохта шиорларни ўзига ниқоб қилиб олган ҳолда, фуқароларнинг фикрини чалғитиб, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, тартибсизликлар келтириб чиқарди, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини эгаллаб олишга уринди.

Жамоат тартибини сақлаш ҳақидаги талабларга қулоқ солмасдан, улар 2 июль куни ҳам бузғунчилик ишларини давом эттирган. Бу юриш мобайнида Нукусдаги инфратузилма объектларига сезиларли зарар етказилган. Биноларнинг ойналари синдирилиб, ёнғинлар содир этилган. Бир нечта гуруҳлар қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уринган. Сон жиҳатидан устунликдан фойдаланиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳужум қилган, уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳатлари етказган.

Афсуски, бунинг оқибатида тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонлар ҳам бўлди.

Шу боис давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат жорий этилди.

3 июль куни Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилиш аввалида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудининг коменданти фавқулодда ҳолат бўйича ахборот бериб, вазият тўлиқ назоратга олинганини таъкидлади.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари барча туманлар мутасаддилари билан мулоқот қилди. Улар фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича жойларда кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди. Президентнинг кечаги мурожаатидан кейин вазият барқарорлашгани, ҳаёт ўз маромига қайтаётганини айтишди.

Давлатимиз раҳбари Нукус шаҳридаги Жекетерак маҳалласида бўлиб, халқ билан ҳам мулоқот қилди.

Жекетераклик ёшуллилар кечаги кўнгилсиз воқеаларда баъзи ёшлар адашгани ва қонунга зид ҳаракатлар содир этгани, ташқи ғаразли кучлар таъсирига тушиб, ҳис-ҳаяжонга берилганини афсус билан қайд этишди. Ўзбеклар ва қорақалпоқлар икки тилли бир эл эканини, мамлакатимиз бирлиги ва тинчлигини қадрига етиш кераклигини таъкидлашди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, Вазирлар Кенгаши раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқимизнинг таклиф ва фикрлари асосида такомилга етказилиши яна бир таъкидланди. Ҳали бу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади ва фуқаролар эркин овоз бериш йўли билан ўз хоҳиш-иродасини билдиради.

Бундай ёндашув “Халқ – Конституциянинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи”, деган принципга тўла мос келади. Фақат шундагина ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – бу менинг Конституциям”, деб ғурур билан айта олади.

Қорақалпоғистон аҳолиси томонидан билдирилаётган фикрларни инобатга олиб, Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда, ўзгартирмасдан қолдиришни таклиф этган эди. Яқин кунларда бу масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўриб чиқади.

Учрашувда депутатлар, зиёлилар сўзга чиқиб, кейинги йилларда Қорақалпоғистонни ижтимоий, иқтисодий, маданий ва инновацион жиҳатдан ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар қилинаётганини айтишди.

Охирги беш йилда ҳудуднинг маҳаллий бюджетига қарийб 11 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Биргина 2020 йил якуни бўйича Қорақалпоғистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи даромад 3 баробарга ошган.

Сўнгги беш йилда қурилиш ишлари ҳажми 3,5 марта ўсган. Ўнлаб янги заводлар, замонавий агрокластерлар, қўшма корхоналар ишга туширилган. Кўплаб болалар боғчалари, мактаблар, олийгоҳлар, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт масканлари барпо этилган.

Аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича муҳим дастурлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “темир дафтар”га киритилган 65 мингга яқин оилага, болаликдан ногирон аъзоси бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган 17 минг оилага моддий ёрдам кўрсатилган. Болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси 2017 йилдаги 32 фоиздан 75 фоизга етган.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, аҳолини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви билан таъминлаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини яхшилаш бўйича ҳам кўп ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг натижаларини ҳудудда яшаётган инсонлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда.

Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, ҳудудни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам фаол иш олиб борилмоқда. Хусусан, бир пайтлар ночор аҳволга тушиб қолган Мўйноқ бугун бутунлай янгича қиёфа касб этиб, жадал ривожланиб бораётган замонавий туманлардан бирига айланди.

Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масаласи биринчи марта давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Денгизнинг қуриган қисмида 1 миллион 733 минг гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этилди. Ушбу ҳудуднинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш бўйича беш йиллик миллий дастур ишлаб чиқилмоқда.

– Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар бундан буён ҳам албатта давом эттирилади. Чунки Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун ўзбек халқининг бахти ва фаровонлигидир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Жўқорғи Кенгес депутатлари ёшларни ақл-идрок билан иш тутишга, турли хил ғаразли чорлов ва ҳаракатларга алданмаслик, уларнинг қурбонига айланмасликка чақирди. Сепаратизмга, оммавий тартибсизликларга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилиши, айбдорлар жазога тортилиши айтиб ўтилди.

Содир бўлган воқеалар халқимизни янада ҳушёр ва сезгир бўлишга ундайди. Бугунги таҳликали дунёда юртдошларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда барқарор ва бардавом тараққиётни таъминлаш, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини, унинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириш жуда муҳим. Фақат мана шу йўл билан бугунги таҳдид ва хавф-хатарларга муносиб жавоб бериш, турли бузғунчи ғояларга қарши жамиятимизда, аввало, ёшларимиз қалбида мустаҳкам иммунитет яратиш, демократик ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмасдан янада самарали натижаларга эришиш мумкин.

– Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигидир. Барчамиз биргаликда Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни албатта барпо этамиз, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Йиғилишдан сўнг, Шавкат Мирзиёев Нукус туманидаги “Саманбай” овул фуқаролар йиғинига бориб, ёшуллилар, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари билан учрашди.

Президентимиз Қорақалпоғистонда содир бўлган ташвишли воқеаларни бутун халқимиз чуқур дард ва изтироб билан қабул қилгани, бу синовни оғир-босиқлик, аҳиллик билан ортда қолдириш кераклигини таъкидлади.

Одамлар буни тасдиқлаб, Қорақалпоғистоннинг донишманд эли бундан буён ҳам ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг бирлигига, оғизбирчилигига асосланган муқаддас қадриятларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб яшашига ишонч билдирди.

ЎзА

1525 марта ўқилди

Мақолалар

Top