Мақолалар

Динда саволим бор: Ҳижрий йил қандай ҳисобланади?

— Ҳижрий йил қандай ҳисобланади ва ой номлари кетма-кетликда қандай келади? Имкони бўлса, ҳамма ой номларини маъноларини ҳам айтсангиз?

— Биз ишлатаётган ҳижрий ойларнинг номланиш тарихи мелодий бешинчи асрга, тўғрироғи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бешинчи боболари Килобнинг даврига бориб тақалади. Чунки Килобнинг даврига қадар араблар қамарий номларни бошқа номлар билан номлаб юришган. Килоб даврига келиб араблар Қамарий номларни ўзгартириб чиққан. Ўша номлар ҳозирги кунга қадар ишлатиб келинмоқда. Ойларнинг номланишига келсак, уларнинг ҳар бирининг номланиш сабаблари бор. Уламолар ойларнинг номланиш сабабларини турлича баён қилишган. Қуйида ўша фикрларнинг энг тўғрироғини келтиришга ҳаракат қиламиз. Бу борада ким янада кенгроқ илмга эга бўлишни истаса, Имом Саховий “Ал-машҳур фи асмаи аййами ваш шуҳур” номли китобларини мутолаа қилиши мумкин:

Муҳаррам — маъноси ҳаром қилинган. Қамарий йилнинг биринчи ойини бундай аташларига сабаб, арабларда илгари Ислом дини келмасидан олдин ҳам бу ой уруш ҳаром қилинган ой ҳисобланган, ушбу маънони такидлаш учун айнан шу ном билан аташган.

Софар — бўш, холий деган маънони англатади. Иккинчи ойга бундай ном берилишининг сабаби, араблар бу ойда тижорат ва бошқа мақсадларда сафарга чиқиб уйлари бўшаб қолган. Шунинг учун бу ойни шу ном билан аташган.

Робиул аввал — Робиул ахир учинчи ва тўртинчи ойнинг маъноси баҳор кўкаламлик, дегани. Араблар ушбу ойда кўкаламзорликдан баҳраманд бўлгани учун шу номни 3-4 ойга беришган.

Жумодул аввал — Жумодул ахир — жумод дегани музлаш, қотиб қолиш дегани. 5-6 ойнинг бундай номланишига сабаб, айнан ушбу икки ойда сувлар музлаган.

Ражаб — улуғлаш дегани. Араблар ушбу ойни улуғ санашгани учун шу номни беришган.

Шаъбон — бўлиниш дегани. Араблар ушбу ойда бўлиниб сув излашган. Бир қийлда бошқа ойларга нисбаттан ушбу ойда кўп бўлинишгани учун шу номни олган.

Рамазон — иссиқ дегани. Айнан ушбу ой бошқа ойларга нисбатан жуда иссиқ бўлгани учун шу номни олган.

Шаввол — тугаб, тўхтаб қолиш дегани. Ушбу ойда туялар ҳомиладор бўлиб сути тўхтаб қолган. Шунинг учун ушбу номни олган.

Зул қаъда — ўтириб қолиш, деган маънони англатади. Ушбу ойда уруш ҳаром қилинган ой бўлгани учун барча ҳаракатлардан тўхтаб, уйда ўтиришган. Шунинг учун шу ном билан аталган.

Зул ҳижжа — ҳажли дегани. Исломдан олдин араблар айнан мана шу ойда ҳаж зиёратига сафарга чиққанлари учун шу ном билан аталган.

Эслатма: Бу ойларнинг номланишидан келиб чиқиб, демак ўша ойда ойнинг маъносини ифодаловчи ҳодиса бўлиши керак. Мисол учун, Жумодул улода сувлар музлаб, ҳаво совуқ бўлиши, керак деган хаёлга борманг. Бу ҳодисалар Килоб даврида ойларни номлаётганда содир бўлгани учун араблар шу номларни беришган. Валлоҳу аълам!

1644 марта ўқилди

Мақолалар

Top