Динимиз инсонларни савдо-сотиқ ва тадбиркорлик билан шуғулланишда ҳалол бўлишга чақириб, ўзганинг молини ноҳақ йўл билан ейишдан қайтаради. Савдода рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда ошириш, ўғрилик, товламачилик кабиларни тақиқлайди. Қайси жамиятда бу иллатлар илдиз отса, ҳар хил келишмовчилик ва ихтилофлар пайдо бўлади.
Қуръони каримда бундай дейилади: «Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир» (Нисо сураси, 29-оят).
Бугун юртдошларимиз орасида тижорат, тадбиркорлик билан шуғулланадиганлар бисёр. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бу касбнинг нозик сирларини, айниқса, ўзгалар ҳақидан эҳтиёт бўлиш кераклигини билавермайди. Динимизга кўра, бу ишни касб тутганлар ҳалол-ҳаромни яхши билмоғи, ўзгалар ҳақи борасида адолатли бўлмоғи шарт.
Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳунинг бу борадаги сўзлари жуда машҳурдир: “Бозоримизда фақат (тижорат илмини) яхши билган кишигина тижорат қилсин, акс ҳолда, судхўрлик қилиб қўяди”.
Савдо илмидан бехабар кишилар ўзлари билмаган ҳолда рибога аралашиб қолиши ҳеч гап эмас. Натижада мол-дунёсига талафот етиши, касбидан барака кўтарилиши каби нохушликларга дуч келади. Айниқса, савдода тарозидан уриб қолса, катта гуноҳкор бўлади. Унинг жазосини нафақат қиёматда, балки шу ҳаётда ҳам олиши тайин. Бундай инсонлар хор-зор бўлганини кўрганмиз, кузатганмиз.
Аллоҳ таоло бу ҳақда огоҳлантириб: «(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кун-да?!» (Мутаффифун сураси, 1–6-оятлар), деган.
Қолаверса, савдо ишида ёлғон гапириш, ёлғон гувоҳлик бериш, қасам ичиш ҳам оғир гуноҳдир. Афсус, бугун бозорларда, турли савдо шохобчаларида айримлар молини ўтказиш учун ёлғон гапириб, пул топади. Бу иши билан, гарчи савдоси юришса-да, лекин бараканинг кўтарилиб кетишига сабаб бўлади. Шунинг учун бўлар-бўлмасга қасам ичиш, ёлғон сўзлаш жоиз эмас. Чунки бу билан охиратини куйдириши мумкин. Аслида, барака ростгўйликда. Агар савдо молининг айби бўлса, сотувчи уни айтиб сотиши лозим. Харидорни алдаши ҳаром иш ҳисобланади.
Абу Қатода розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Савдода кўп қасам ичишдан сақланинг, чунки у савдони юриштиради, сўнгра баракани кетказади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Аслида, тижорат билан шуғулланиш фазилатли касб ҳисобланади. Бу ҳақда Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадис ривоят қилинган: “Ростгўй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Киши бундай улуғ мақомга эришиши учун ушбу касбнинг шаръий қоидаларига амал қилиши лозим.
Аслида, намоз, рўза, закот, ҳаж ва шу каби амаллар ибодатимиз бўлганидек, ҳалол тижорат ҳам ибодат мақомидадир. Мазкур ибодатларнинг рукн, шарт, суннатлари ҳамда уларни бузадиган ҳолатлар бўлгани каби тижорат касбининг ҳам рукн ва шартлари, тақиқлари бор.
Бирор кимса тижорат билан шуғулланишни бошлар экан, илк қиладиган иши яхши ниятдир. Яъни: «Аллоҳ таоло биз бандаларни касб қилишга буюрган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам тижорат билан шуғулланганлар», деган ниятда касбга киришса, ундай киши фарзга ҳам, суннатга ҳам амал қилган бўлади. Шунингдек, ушбу улуғ амалларнинг савобини қўлга киритиш учун савдонинг шаръий қоидаларига риоя қилиши, доим тақвони муқаддам қўйиши керак. Агар шу билан мол-дунё топса, Аллоҳга ҳамд айтсинки, динида ҳам, дунёсида ҳам фойда кўрибди. Мол-дунё топмаса ҳам ҳамд айтсинки, тақвоси сабабли динини асрабди, дейилади муборак китобларда.
Зокиржон ШАРИФОВ,
Тошкент шаҳри Олмазор тумани
“Тўхтабой” жоме масжиди
имом-хатиби