Мақолалар

Нонни исроф қилманг, унинг ҳам уволи бор

Коронавирус офати жаҳон иқти­содиётига катта зарба бериб, мил­лиардлаб зарар келтирган бўлса, айни кунда бўлаётган воқеалар ҳам кишини жиддий ташвишга солади. Бу фожиалар ортидан дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи кун тартибига чиқмоқда.

Халқаро экспертлар фикрига кў­ра, пандемия оқибатида очарчи­ликдан қийналаётган аҳоли сони икки баробар ошиб, 1 миллиард миллионга етди. Бир қатор мам­лакатларда, хусусан, Сурия, Афғонистон, Ироқ, Ливия, Яман, Судан, Эфиопия, Нигерия каби дав­латларда озиқ-овқат, нон етишмов­чилиги кузатиляпти. Оқибат­да аҳоли егулик излаб аянчли ишларга ҳам қўл урмоқда.

Шукрки, юртимизда давлатимиз­нинг ғамхўрлиги, озиқ-овқат хавф­сизлигини таъминлашга қаратил­ган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли қорнимиз тўқ, устимиз бут. Тинч-хотиржам, ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам истаган егуликни тановул қиляпмиз. Аммо бундай шароитларнинг қадрига етиб, шукрона айтиш ўрнига ис­рофгарчиликка ҳам йўл қўяётга­нимиз ачинарлидир.

Яқинда пойтахтимиз бўйича минг­та чиқинди шохобчасининг ҳар биридан кунига ўртача 3 ки­лограммдан, умумий ҳисобда 2 тонна­га яқин нон чиқиндига чиқа­риб таш­ланаётгани ҳақидаги маъ­лумот­га кўзим тушди. Агар бирги­на шаҳри­мизда вазият шундай бўл­са, мамлакатимиз бўйича бу рақам­нинг салмоғи янада ошиши тайин.

Аслида, қорнимиз бир бурда нонга тўяди. Лекин дастурхонда нон бўлаклари бўлса-да, бирор киши келиб ўтирса, яна янгисини синдириш одат тусига кирган. Хуллас, есак-емасак, синдираверамиз. Ов­қатлангач эса, баъзан ортган нонлар ташлаб юбори­лади. Ресторан, ошхона, тўйхоналардан ортган қоп-қоп нон бўлакларини кўриб, юрагингиз увишади. Чиқинди шохобчаларида ҳам ахлат ва пўчоққа ара­лаш ташланаётган нон қолдиқларини кўриб тааж­жубланасиз, “Бунинг уволи тегмасмикин?” дея ўйга толасиз.

Атрофимизга назар ташласак, нафақат ёшлар, бал­ки катталар орасида ҳам нон қадрини унутаётган­лар, уни исроф қилаётганларни учратамиз. Афсус, бундай кишилар бугун кимлардир бир бурда нонга, ҳатто ушоққа зор эканини англамайди. Улар нонни қадрламаётганининг сабаби дастурхони тўкинлиги, “Доим шундай ҳаёт кечираман” деган ишонч ҳаддан зиёдалигидир. Бу эса тўқликка шўхликдан бошқа нарса эмас.

Бугунги тўйлар ва турли маросимларда исроф­гарчиликка йўл қўйилаётгани, нон қадрини ҳис қил­май қўйганимиз, ачинарлиси, фарзандларимиз ҳам айнан шу йўлдан кетаётгани оғриқлидир. Бу қанчалик фаровон, дастурхонимиз тўкин бўлгани сари маънавий қашшоқлашиб бораётганимиздан далолат эмасми?

Узоққа бормайлик, мустақилликнинг илк йилла­рида нон қадри қанчалар баланд бўлгани, одамлар соатлаб, кунлаб нонга, унга навбатда тургани, қиш­лоқларда аҳоли бошоқ тергани чиққанлари ҳали кўз ўнгимизда турибди. Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам ота-боболаримиз бир бурда нонга қанчалар зор бўлишган. Оталаримиз, оналаримиз бизни ҳозирги фараҳли кунларга етказиш учун оч-наҳор тер тўкиб, меҳнат қилганлар. Бугунги омон-омон тўкинлик замони аждодларимизнинг орзуси эмасмиди?! Уларнинг дуолари, ниятлари амалга ошиб, фаровон ҳаёт кечиряпмиз. Бунга шукр қилиш ўрнига исрофгарчиликка йўл қўйишимиз қанчалар тўғри?!

Зеро, муқаддас динимизда исроф қаттиқ қора­ланади. Аллоҳ таоло Ўз каломида: “Енглар, ичинг­лар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қил­гувчиларни севмас”, деган (Аъроф сураси, 31-оят). Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларнинг қадрига етмаслик катта гуноҳдир. Шу боис жонимиз соғ, ейишга бир бурда нонимиз борми, шукрона айтайлик. Чунки бугунги таҳликали замонда дунёда миллионлаб кишилар тинчликнинг, ноннинг нақадар қадрли неъмат эканини ўз кўзлари билан, жонлари билан ҳис этишмоқда.

Ҳадиси қудсийда бун­дай дейи­лади: “Эй Одам фарзан­ди! Ҳами­ша овқатланишга ўтир­ганингда қорни оч бечоралар ҳам эсингда бўлсин. Шунда Аллоҳнинг неъматларига шукр қили­шинг осонроқ бўлади”.

Дарҳақиқат, ҳозир дунёда мил­лион-миллион одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Худо дастурхонимизни тўкин қил­ди, неъматларни истеъмол қилиши­миз учун саломатлик берди. Бунга шукр қилиш ўрнига нима учун бу неъматларни исроф қилишимиз керак?!

Ёшлигимизда, “Нон ушоғини бо­ссанг, кўр бўласан”, дея таъ­кид­лашарди. Бу гапларни ота-она­миз­дан ташқари маҳалладаги­лар ҳам айтишарди. Кўчада ушоқ­ни кўр­сак, олиб, чангини пуфлаб, кўзга суртиб, четга қўярдик. Ҳозир кўплаб хонадонларда дастурхондан бир бўлак нон пастга тушиб кетса, олиб ейилмайди, аксинча, пўчоққа ёки ахлат челакка ташланмоқ­да. Нонга шу зайлда муносабатда бўлсак, Ху­до кўрсатмасин, эрта­га афсусла­ниб қолмайлик. Ахир, “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан”, деган ҳикмат бежиз айтилмаган-ку!

Шундай экан, қаттиқ меҳнат эва­зига етиштирилаётган ноннинг ва бошқа нозу неъматларнинг қад­рига етиш, исрофгар­чиликка йўл қўймаслик сизу бизнинг асосий вазифамиз бўлиши зарур.

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси ўринбосари

"Ҳидоят" журнали 2022 йил 4-сонидан олинди

1473 марта ўқилди

Мақолалар

Top