Мақолалар

Намоз гуноҳдан сақлайди

Намоз – инсоннинг қалбини поклаб жисмига саломатлик улашувчи ибодат. У ҳар бир мусулмонга фарз амал. Аллоҳ таолонинг бу раҳматини киши тоқати етганича ғайрат қилиши айтилган. Шунинг учун ибодатининг қай даражада ажру мукофотга эга эканини билмоқчи бўлган инсон ўзининг ушбу амалга қачондан киришганига эътибор қилсин.

Ёшликда киришган бўлса, ибодати ва савобининг сурати ҳам ёш ва чиройли бўлади. Қарилик чоғида берилган бўлса, унинг ҳам сурати шунга ярашадир. Аммо инсон қачон ҳидоятга етса, ўшандан буён ҳамду сано айтиши ва қолган умрига барака тилаб, ғафлатда ўтган умрига истиғфор билан ўрнинг қопламоғи керак. Шунинг учун ибодатни ҳар қачон ғанимат билмоқ зарур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрнинг сўнгги дақиқаларида ҳам намозни маҳкам ушлашни қайта-қайта тайинлаганлар.           .

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин касал бўлганларида: “Намозни (маҳкам ушланглар), қўл остингиздагилар (риоясини қилинглар)”, дедилар, тиллари ҳаракатланмай қолгунича шу сўзларни қайтаравердилар (Ибн Можа, Аҳмад, Абу Яъло ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Намоз Исломнинг асосий устунларидандир. Қуръони каримни эътибор билан ўқиган инсон намоз бошқа ибодатлардан кўра кўпроқ зикр этилганини, уни комил суратда ўқиш бот-бот эслатилганини билади. Намозни қоим қилган инсон бошқа амалларни ҳам тўкис бажаради. Намозга эътиборсиз одам бошқа ишларга ҳам лоқайд қарайди. Ҳаётда кўриб турганимиздек, намози чиройли, тартибли одамнинг қолган амаллариям кўнгилдагидек бажарилади. Ибодати чала кишининг дунёвий ишлари ҳам ўлда-жўлда бўлади.

Намозга эътиборсизлик ортидан шаҳватларга мутелик, дунёга кўнгил қўйиш каби иллатлар эргашиб келади. Зеро, намоз инсонни гуноҳ-маъсиятдан қайтаради, бандага Аллоҳни, охиратни эслатиб туради. Намозда ажиб бир куч-қувват бор. Мўмин киши шундан ҳамиша куч олади. Натижада қалби мустаҳкам, имони бақувват бўлади. Инсон ибодатга эътибори, ташналиги билан Аллоҳга севимли бандага айланади. Намозга бепарво кимса илоҳий раҳматдан бебаҳра қолади.

 

Зиёвуддин Раҳимнинг “Намозда хушуъ” китоби асосида Марҳамат туманидаги “Обиджон Ботиров” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадсодиқ Каримов тайёрлади.

 

6900 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top