Мақолалар

Хотира: Самимий ва камтар инсон эдилар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Бугун, 15 август куни марҳум муфтий Усмонхон домла Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат этганларига роппа-роса бир йил бўлди.

Ислом дини инсон қадрини шу даража юқори кўтарганки, у ҳаётлиги даврида ҳам, оламдан ўтгандан кейин ҳам ҳурмати бирдек қадрланади. Албатта, биз марҳумларимизни ҳамиша ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни бажарамиз, Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, руҳларига бағишлаймиз.

Раҳматли муфтий ҳазратларининг янги масжид ва мадрасаларни очиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлаш, Қуръони карим ўқитиш курсларини ташкил қилиш, диний адабиётларни чоп этиш, илмий-маърифий марказлар фаолиятини ривожлантириш, мусулмон мамлакатлари ва хорижий ҳамкорлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш каби хайрли ишларда хизматлари катта бўлди.

Мўмин инсон шундай бахтли инсонки у вафотидан кейин ҳам қилган хайрли ишларидан ажр-савобга эга бўлади, унинг гўзал хулқи ва ибратли амаллари то Қиёматга қадар ёдга олиниб, ҳаққига дуолар қилинади. Натижада унинг охиратдаги даража ва мақоми янада кўтарилаверади. Марҳум Усмонхон домла Алимов ҳам ана шундай ҳамиша одамларнинг ёдида намунали хулқи ва қилган солиҳ амаллари билан хотираланадиган инсонлардан эдилар.

Олижаноб инсоний фазилатлари билан халқимизнинг чексиз ҳурматига муносиб бўлган Усмонхон домла Темирхон ўғли нафақат юртимизда, балки бутун Ислом оламида ҳам тан олинган олимлардан эди. Жумладан, ҳазрат 2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайландилар. Иорданиянинг Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган “Жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан доимий равишда муносиб ўрин эгаллаб келаётгандилар.

Муфтий вазифасида у киши халқаро миқёсда ҳам кенг фаолият юритиб, кўплаб Ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришдилар. Ислом дини маърифатини тарқатиш ва ўзаро ҳамкорликдаги кенг кўламли ишлари муносиб тақдирланди.

Ҳазрат ҳаётини динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний-маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади. У кишининг “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби ўнлаб китоблари, юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалари эл-юртимиз ўртасида маълум ва машҳур бўлди.

Бугунги кунда ҳам олимнинг қолдирган илмий-маънавий меросидан халқимиз кенг фойдаланмоқда. Хусусан, марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари томонидан нашр этилган “Тафсири Ирфон” китобининг мухтасар шаклда таълиф этилган – “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби чоп этилиб, мадрасалар устозлари, талабалари, имом-домлалар, диний соҳа ходимларига хайрия тариқасида кенг тарқатилди.

Марҳум Усмонхон домла Алимовнинг Ислом дини маърифатини кенг тарқатиш йўлидаги хизматлари, жамиятимизда бағрикенглик ва динлараро тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига қўшган муносиб ҳиссаслари учун “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва бир қатор медаллар билан тақдирланган эди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳум Усмонхон домла Темирхон ўғли ҳазратларини дини мубинимиз йўлидаги беқиёс хизматлари, илм-маърифат, зиё тарқатиш йўлидаги меҳнатларини ҳусни қабул айлаб, эзгу ишларининг ажрларини ўзларига ҳамроҳ қилсин, Ўз мағфирати билан сийласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

1730 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Шом вақти Дуонинг ижобат бўлиш вақтлари »

Мақолалар

Top