Мақолалар

Мужодала ва тортишув

Маъруф Кархий айтадилар: "Аллоҳ қайси бандасига яхшиликни хоҳласа, унга амал эшигини очиб, жадал эшигини ёпиб қўяди. Бордию бандага ёмонликни ирода қилган бўлса, унинг юзига амал эшигини ёпиб, жадал эшигини очиб беради".

Жадал бу – мужодала ва тортишувни англатади. У илмий ва холисона баҳсдан фарқли ўлароқ ўзини рақибидан устун қўйган ҳолда нима қилиб бўлса ҳам уни енгиш учун талашиб-тортишишда кўзга ташланади. Одатда мужодала юритувчи киши рақибининг фикрини тарозуга солиб кўрмайди. Чунки мақсад ҳақиқатни топиш эмас, балки, ўз онгига ўрнашган "ҳақиқат"ни қарор топтириб, уни бошқалар онгига ҳам зўрлик билан сингдиришдан иборат бўлади. Мужодалага муккасидан кетган инсон кўпинча рақиб томонни очиқчасига ёки зимдан ҳақоратлаб, камситишга одатланиб қолади.

Мужодаланинг мунозарадан фарқи ҳам шундаки, мунозара ўз маъноси билан ҳам мушкил бўлиб қолган масалага "биргаликда назар солиш" орқали масаланинг тагига етишни англатади. Мунозаранинг асл маъно ва мақсади шундан иборат. Бу услуб илм ривожига ҳисса қўшиб, қалбларни бирлаштиришга хизмат қилади. Шу маънода Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: "Ким билан мунозара қилган бўлсам, ҳар сафар: "қанийди ҳақ унинг тарафида бўлса эди!", деб орзу қилганман", дер эдилар. Бу ҳам бўлса, ўтган улуғларимизнинг баҳс-мунозарадан асл мақсадлари ҳақни топиш ва масаланинг моҳиятига етишдан иборат бўлганлигидан дарак беради. Улар гарчи фиқҳнинг айрим иккинчи даражали масалаларида бир-биридан фарқ қилувчи ўринларни эгаллаган бўлсаларда биров-бировларининг номлари зикр қилинадиган бўлса, бир-бирларини доимо камоли эҳтиром билан тилга олганлар. Вафот этган бўлсалар “Аллоҳ раҳматига олсин!”, дея хайрли дуо билан зикр қилганлар. Чунки улар ҳамма нарсага ўз ҳажмига кўра ёндашар эдилар.

Фиқҳий ихтилофлар аслида зиддият эмас, балки, ранг-баранглик ихтилофи эканлигини ва бу ҳам ўз навбатида Аллоҳнинг раҳматидан бир кўриниш ҳисобланишини яхши идрок этганлар. Бундай турлилик мағиздан эмас, “пўстлоқ”дан жой олгани, бўлиб ҳам масаланинг аслида эмас, балки, баҳс мавзуси бўлган икки ишнинг қай бири афзаллиги ҳақидаги савол теварагида айланиши уларга яхши маълум эди. Шу боис ҳам улар ихтилоф одобига тўла-тўкис риоя қилганлар. Юқоридаги каби иккинчи даражали фиқҳий масалаларда ўз фикрларини ўзлари учун тўғри, рақибларининг фикрларини ҳам уларнинг ўзлари учун тўғри деб билганлар.

Мужодалага муккасидан кетган кишида эса қайси масала бўлишидан қатъий назар кўпинча ўз фикрини устун қўйиш хусусияти устуворлик касб этади. У ҳақиқатнинг бўйнини ўз томонига буриб бўлса ҳам фикрини исботлашга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам кўпинча ўзи сезмаган ҳолда адашади.

Тортишув ҳеч қачон кутилган ижобий натижага олиб келмайди, аксинча, ўртадаги зиддият жарлигини яна ҳам катталаштириб юборади. Жамият вакиллари ўртасида адоват ва нафрат пайдо қилади. Мусулмонлар орасига низо солади. Шунинг учун ҳам динда талашиб - тортишиш, кажбаҳслик қораланади.

Таассуфки, баъзан айрим ёшларда илмни талашиб-тортишиш ва ўз фазилати ва ортиқлигини кўз-кўз қилиш учун ўрганиш ҳолатлари кузатилиб қолади. Ҳакимлар айтадиларки, “Ақлли билан ҳам, аҳмоқ билан ҳам тортишма! Чунки ақлли сени енгиб қўяди, аҳмоқ эса озор етказади”.

Демак, талашиб-тортишувчи одам икки тоифанинг бири билан тортишаётган бўлар экан: Ақлли ёки аҳмоқ. Бошқачароқ қилиб айтсак: олим ёки жоҳил. Агар тортишиб мот қилишга уринаётган рақиби доно бўлса, уни енгиб қўяди ва натижада мулзам бўлиб қолади. Бордию, қаршисидаги нодон бўлса, унга турли хил кўринишда азият етказиб қўйиш эҳтимоли бор. Масалан, сўкиб, ҳақоратлаши мумкин ва ҳоказо. Ҳар иккала ҳолатда ҳам тортишувчи манфаат топмайди.

Қарангки, тортишув борасида юқоридаги ҳикматли ўгитда айтилган мазмун ундан-да гўзалроқ кўринишда жаноб пайғамбаримиз Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида ўз ифодасини топган экан. Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: “Кимки илмни олимлар билан рақобатлашиш, нодонлар билан тортишиш ёхуд ўша (илм) орқали одамларнинг юзини ўзи томонга оғдириш учун ўрганадиган бўлса, Аллоҳ уни дўзах оловига киритади” (Имом Термизий ривояти).

Эътибор беринг, бу ерда ҳам тортишиш икки тоифанинг бирига қаратилиши айтиляпти: олимлар ёки жоҳиллар. “Кимки илмни олимлар билан рақобатлашиш, нодонлар билан тортишиш ёхуд ўша (илм) орқали одамларнинг юзини ўзи томонга буриш учун ўрганадиган бўлса, Аллоҳ уни дўзах оловига киритади”.

Шу билан бир қаторда ҳадиси шарифда тортишувни яхши кўрадиган инсондаги яна бир иллат ҳам очиб берилган. У ҳам бўлса илмни холис эмас, балки, омма халқ ва илм аҳлининг юзларини ўзига қаратиш, обрў топиш, уни улуғлаб ҳурмат кўрсатишларини мақсад қилган ҳолда таҳсил қилишдир. Бу бориб-бориб риё ва ужуб каби нафс хасталикларига айланади. Бу хасталик инсонда шу қадар махфий ҳамда секинлик билан ривожланиб борадики, киши ўзини яхшилаб тафтиш қилмаса, уни сезмай ҳам қолади. Оқибатда эса ҳадиснинг сўнгида айтилган аянчли оқибатга дучор бўлиб қолиши ҳеч гап эмас: “Аллоҳ уни дўзах оловига киритади!”. Аллоҳ асрасин!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

1952 марта ўқилди

Мақолалар

Top