Мақолалар

Китоб – энг яхши ҳайитлик

Рамазон ойининг файзи бўлакча. Рўза кунларида бир ой давом этадиган саҳарлик ва ифторликлар бирдамлик ва ҳамжиҳатлик туйғусини янада юксалтиради. Айниқса, Рамазон ҳайитини хушнудликда кутиб олиш динимиз кўрсатмаси ҳамда аждодларимиздан мерос ажойиб анъанадир. Ҳайит намозини масжидда адо этиб қайтаётган юртдошларимиз оила аҳлини байрам билан муборакбод этиб, фарзандларини севинтириш ниятида ширинликлар харид қилади. Ана шунга “ҳайитлик” деб аталади. Йўл-йўлакай савдо расталаридан олинган турли ширинликлар ва ўйинчоқлар оила аҳлини, айниқса, кичкинтойларни беҳад қувонтиради. Ушбу бу байрам шукуҳи уларнинг ёдида муҳрланиб қолади.

Шундай муборак байрамда фарзандларимизга фақат ширинликлар олиб бориш билан кифояланмасдан ана ўша ширинликлар қаторига чиройли бир китоб ҳам қўшиб тақдим этсак, уларнинг руҳияти ва маънавияти юксалишига катта хизмат қилган бўламиз.

Аллоҳга шукрки, юртимизда китоб ва китобхонлик давлатимизнинг диққат-эътиборида турибди ва бу борада, ҳатто президент қарори чиқиб унинг ижроси юзасидан кўплаб чора-тадбир амалга оширилмоқда. Ота-оналар ҳайит кунлари болаларига китоб совға қилишни одат қилиб олса, бундан китоб жавонимиз бойийди ҳамда оила аҳлимизнинг ҳам маънавий дунёси юксалади. Тўғри, ёш болалар кўпроқ ширинлик ва ўйинчоқларга ўч бўлади. Лекин байрам кунларида бола ёқтирган нарсалар ёнига бир донагина рангли-тасвирли китоб қўшиб қўйилса, уларда шунга аста-секин кўникма ҳосил бўлади. Кейинги ҳайитларда қандай китоб совға қилишар экан деб кутишни одат қилади.

Китобдан яхши дўст йўқ. Ширинлик ёки ўйинчоқни кўрган боланинг кўнгли кўтарилса ҳам бир оз вақт ўтгандан кейин эсдан чиқади. Лекин китобнинг шодлиги ва ўрни бўлакча. Мутафаккирлардан бири: “Агар уйингизда китоб жавони бўлмаса, сиз билан суҳбатлашиш бефойда”, деган экан. Бошқа бири эса: “Китоб тўла уйнинг файзи шу қадарки, уларни варақламай турибоқ, ўзингизни улардаги донолик шарбатини симираётгандек ҳис қиласиз”, деган.

Ҳайит байрамларида болаларга совға тариқасида берилган китоблар бошқа ҳадялар қаторидан ўрин олса, ажр-савоби ҳам, фойдаси ҳам ниҳоятда улуғ бўлиши аниқ. Зеро, китоб маънавиятимизни бойитади, руҳиятимизни озиқлантиради, ақлимиз кўзини очиб, унга чироқ каби нур таратади. Ҳар бир хонадонда ана шу ақл чироғи порлаб турса, ҳаётимиз янада нурафшон бўлади, иншааллоҳ.

Бобомурод Эрали

7729 марта ўқилди

Мақолалар

Top