Мақолалар

Андалус

Андалус… Бу сўзга кўзингиз тушиши билан хаёлингизга нима келди? Ҳа, албатта, сиз “Андалус” супермаркетлар тизими ёки бирор-бир озиқ-овқат маҳсулоти деб ўйлагандирсиз?! Йўқ, адашасиз…

Андалус – бир пайтлар Европада Ислом динининг ёйилишига шароит ҳозирлаган ҳамда унинг ўчоғига айланган заминдир.

Андалус – аслида Испаниянинг жанубий қисмидаги мухтор вилоятдир. Араблар XIII аср аввалида Пиреней ярим оролининг катта қисмини фатҳ этишгач, ўша жойларни “Андалусия” деб атадилар.

“Бу жарангдор ном қай тарзда пайдо бўл­ган?” деган савол пайдо бўлиши мумкин. Ай­тишларича, мусулмонлар фатҳ этган ушбу мамлакатни Нуҳ алайҳиссаломнинг авлоди Андалус ибн Тубалнинг номи билан атаганлар. Манбаларда келтирилишича, араблар Мағрибда эканида маҳаллий барбарлардан денгиз ортида Вандаллар мамлакати (араб ти­лида «Биладул Ван­далус») борлигини эшит­ганлар. Чунки ван­даллар Гибралтар бў­ғози орқали Мағрибга ўтиб жанг қилишган.

Андалусдан бутун дунёга донғи кетган олимлару мутафаккирлар етишиб чиқди. Испаниянинг фатҳ этилиши тўғрисида таниқли фаранг файласуфи, саёҳатчи, ар­хеолог, табиб ва психология асосчиси Гюс­тав Лебон “Араблар маданияти” номли ки­тобида қуйидаги фикрни билдиради: “Ис­панияни забт этганидан сўнг Мусо То­риқ Шомга Гол ва Олмония орқали қайт­моқчи бўлди. Ортга қайтиш йўлида эса, Қунстантинияни ҳам фатҳ этиб, бутун Ев­­ропани Қуръонга бўйсундирмоқчи эди. Ушбу тадбирни амалга оширишида унга Дамашққа қай­тишни буюрган халифа ха­лал берди. Барчаси бошқача бўлиши мумкин эди. Бутун Европа Муҳаммад сол­лаллоҳу алайҳи ва салламнинг динига кирар ва барча ма­даниятли халқларнинг диний бирлиги таркиб топар эди. Бу эса, эҳтимол, бутун Европага, араблар туфайли номаълум бўлган ўрта асрлар даврини четлаб ўтиш имконини берарди”.

Лебоннинг ушбу китобидаги асосий фикрларидан бири қуйидагича: “Айнан мусулмонлар Европа фани, фалсафаси ва бутун маданий соҳасининг устозлари бўлишди. Бу жараёнда мусулмонларнинг маданияти ёрдамида ярим ёввойи ўрта асрлар Европаси Уйғониш даврининг маданий асрларига чиқиб олди”.

Мусулмонлар ٧١١ йилда илк бора кел­ганларидан то ٧٥٦ йилга қадар Андалус Дамашқ халифалари империясининг бир қисми сифатида амирлар томонидан бошқариб келинди. ٧٥٦ йилда эса аббо­сийлар халифалигидан ажралиб чиқди ва мустақил давлат ташкил қилди. У ўз пой­тахти номи билан Қуртуба халифалиги деб атай бошлади. Андалусиянинг биринчи амири умавийлар сулоласидан Абдураҳмон ибн Муовия ибн Ҳишом ибн Абдумалик эди. Андалус мамлакати нафақат Испания, балки Португалия ҳудудини ҳам эгаллади. IX асргача пойтахти Қуртуба бўлиб, кейин­роқ биринчи ўринга Севиля ва Гранада чиқди.

Андалус маданиятини шон-шуҳратга тўлдирган ажойиб ва ёрқин маданият, тил ва дин ягоналиги, иқтисодий ва инсоний алоқалар ёрдамида яқиндан боғланган араб ва испан маданиятининг бир қисми сифатида шаклланди.

Андалусия номи билан тарихга кирган мусулмонлар қўл остидаги Испания рав­нақ топди. Андалусиядан етишиб чиққан буюк олим, файласуф, ёзувчи, меъмор, рас­сом ва амалий санъат усталарининг исм­лари­нинг ўзигина бир неча жилд китоб бўлади...

«Аллоҳнинг нури Европани ёритур» китобининг 393-бетида бундай маълумот келтирилади: “IX, X, XI, XII асрларда Ғарб­нинг 95 фоиз аҳолиси ўқиш ва ёзишни билмасди. Европанинг подшоҳ ва амирла­ри ҳам ўқиш-ёзишни билишмасди. Маш­ҳур подшоҳ Буюк Шарл қариган чоғида ўқиш ва ёзишни бироз ўргангани ҳамма­га маълум”. Шундай бир шароитда му­сулмонлар Андалусияда илм чироғини ёқишди. Мусулмонларнинг турли ўқув юртларида бошқа динларга мансуб кишилар ҳам бемалол таълим олишди, илмий тажрибаларда иштирок этишди.

Андалус мусулмонлари наботот илми ри­вожига ҳам катта ҳисса қўшишди. Ҳо­зирги кунда Испания, Франция, Порту­галия, Ита­лия, Юнонистон каби Жанубий Европа дав­латларида ўсаётган хурмо, зайтун ва бошқа ўсимликлар Европага унинг жанубида ҳукм сурган Андалус ислом дав­лати­даги мусулмонлар ҳарака­ти ила VIII асрда кириб кел­ди. Жанубий Франциянинг ҳозирги кунда­ги энг му­ҳим маҳсулотларидан қора буғдой ҳам мусулмонларнинг уларга ҳадясидир.

950 йилга келиб, Андалусда қоғоз ишлаб чиқарадиган корхона очилди. Европада биринчи пайдо бўлган қоғоз “чарта дамаскаена” – “Дамашқ варағи” деб аталди. Илк қирол боғлари ҳам IX асрда айнан мусулмонлар Испанияси – Андалусда пайдо бўлган.

IX асрнинг иккинчи ярмида Қуртубада биллур ишлаб чиқаришнинг сирлари кашф этилди. X асрга келиб эса Қуртуба олтин ва кумушга ишлов бериш бўйича Византия билан рақобатлаша бошлади.

Қуртуба шаҳрида жаҳондаги йирик кутубхоналар бўлиб, у ерда ٨٠٠٠٠ дан ортиқ китоблар сақланган. Физика ва кимё бўйича етук олима ва шу икки фандан Нобель му­кофоти совриндори Мария Кюрининг турмуш ўртоғи машҳур олим Пьер Кюри бундай деган: “Андалусда мусулмонлардан ٢٠ га яқин китоб қолди. Биз уларни ўқиб, атомни парчалашни ўргандик. Агар барча китоблар сақланиб қолганида сайёралараро учиб юрган бўлардик…”

Андалус қулаганидан сўнг масжидлар черковларга айлантирилди. Қуртуба жоме­си­да азон айтиш ва намоз ўқиш ман этилди. Андалус маданияти Исломнинг порлоқ маданиятидир. Ҳатто инсофли испан та­рихчилари Андалус фатҳини илмий инқи­лоб ҳамда жаҳолат қоронғилигида ётган Ев­­ропанинг уйғониши дея эътироф этишади.

Бугунги кунда мусулмонлар қурган бир­гина “Ҳамро” қасри ҳар йили Испанияга 500 миллион доллар даромад келтирар экан.

Андалусия Колумб Американи очиши билан деярли бир вақтда йўқ бўлди. Тарих­дан маълумки, 1492 йилда испаниялик­лар Гранадани ишғол қилдилар. Бу бир пайтлар улуғвор бўлган Андалуснинг сўнгги амирлиги эди. Испан тилида араб тилидан ўзлаштирилган 4000 дан ортиқ сўз бор. Шунинг ўзиёқ ўзлаштирмалар доираси қанчалик кенг бўлганини ҳамда Испания ва Португалия маданияти Анда­лус маданиятидан қай даражада қарздор эканини кўрсатади.

Манбалар асосида

Тошкент давлат шарқшунослик

университети Шарқ филологияси ва

таржимашунослик факультети талабаси

Дилфуза МИРСАИДОВА

тайёрлади.

1344 марта ўқилди

Мақолалар

Top