Мақолалар

Яхшилик ва тинчлик йўлида бирлашиб, дадил одимлаётган тузилма

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Буюк мутафаккир ва азиз авлиёлар ҳоки қўним топган, осори атиқалар файз бағишлаб турадиган Самарқанд бугун яна дунё нигоҳида. Сайёрамизнинг энг нуфузли тузилмаларидан бири – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари мезбонлик қилмоқда.

Миллий давлатчилигимиз тарихида муҳим ўрин тутадиган ва бугун халқаро мулоқот майдонига айланиб бораётган Самарқандда илк бор бундай йирик халқаро тадбирнинг ўтказилаётгани, албатта, бутун диёримиз аҳли учун фахр ва ифтихордир. Унда 15 давлат етакчиси, ўндан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари, дунёнинг кўзга кўринган эксперт ва таҳлилчилари, сиёсатшунослар мазкур саммитда иштирок этиши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак даражада эътироф этилаётган ушбу мақолага кўплаб хорижий нашрлар муносабат билдирмоқда. Хусусан, Кувайтнинг етакчи "Ал-Анба", “Ал-Наҳор”, “Таймс Кувейт” газеталарида давлатимиз раҳбарининг фикрларига оид ижобий чиқишлар эълон қилинди.

Мақолада қайд этилганидек, ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим.

Аниқ далилларга асосланган ушбу мақолада “Бундай мураккаб шароитда бир ҳақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас”, деб таъкидлаган Давлатимиз Раҳбари.

 

Ҳамкорликнинг янгича руҳи ва мулоқотнинг ўзгача қиёфаси

Тарихдан маълумки, ҳеч бир давлат ҳамкорларсиз тинчлик неъматини асраб-авайлашга тўлақонли эриша олмайди. Халқлар учун хавф-хатар солаётган бугунги даврда ҳамжиҳатлик ёрдамидагина тинч-осуда, фаровон ҳаёт кечириш мумкин.

Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга рахна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ҳамда имкониятларни сафарбар этиш барча учун бирдек муҳимдир.

 Шу маънода, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даврида саъй-ҳаракатларга эришилганини алоҳида таъкидлаш баробарида Самарқандда Ташкилот фаолиятининг янги босқичи бошланишига, ишончли ҳамкорликнинг янги амалий кўринишларига тамал тоши бўлишига ишончимиз комил.

ШҲТ саммити олдидан матбуотда эълон қилинган мақолада азал-азалдан Самарқанд инсониятнинг тинч ва фаровон яшаш, ўз куч ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бахтли ҳаёт кечириш каби муштарак мақсадлари мужассам бўлгани алоҳида қайд этилди.

“Бу табаррук заминда яшайдиган ҳар бир одам, яхши қўшни – бу Худо инсонга ато этган бахтнинг бир бўлаги эканини, тинч-тотув қўшничилик эса баракот манбаи эканини чуқур англаган, деб ёзади Давлатимиз Раҳбари.

Зеро, ҳамкорлик, савдо, ижод, илм-фан ва санъат, инсоний ғоялар устувор бўлган жойда эзгуликлар кўпаяди, халқлар фаровон ва ўзаро аҳил яшайди. Бугун замонавий ва жадал ривожланаётган инфратузилмаларга эга бўлган Самарқанднинг бундай ноёб жиҳатлари уни минтақавий ва глобал хатарларни биргаликда муҳокама қилиш, бу борада зарур ечимларни излаб топиш учун энг қулай ва мақбул майдонга айлантирмоқда”

Давлатимиз раҳбари мақоласида дунёнинг турли жойларида давом этаётган қуролли можаролар савдо-инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасида муаммолар янада кескинлашиб бораётгани ҳақида долзарб фикр билдирилган.

Бу каби муаммоларни ҳеч бир давлатнинг якка ўзи ҳал этолмаслиги, бунинг учун бирдамликда ўзаро келишиб, жипслашиш кераклиги қайд этилган. Чунки ҳар қандай муаммо ва масалани биргаликда, жипслашиб ҳал қилиш лозим. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида кузатилган пандемия пайтидаги ҳолат ҳам ҳаммага маълум. Мамлакатлар  ёрдам қўлини чўзиши, айниқса, давлатлар бир-бирига инсонпарварлик ёрдамлари ила аҳолини қўллаб-қувватлашлари янада каттароқ кулфатлардан сақлашга омил бўлди.

Президентимизнинг мазкур мақоласини диққат билан ўқиб, давлатлараро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга катта урғу қаратилганига амин бўлдим.

Дарҳақиқат, Ислом динида ҳам минг йиллардан бери қоида бўлиб келаётган яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш, ёмонлик ва гуноҳда бир-бирига ёрдам бермаслик диннинг асосий ғояларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..” (“Моида” сураси 2-оят).

Демакки, яхши ва эзгу ишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳамда гуноҳ ва адоватга сабаб бўладиган ишларда бошқаларга ёрдам бермасдан, балки уларни тўғри йўлга бошлаш – динимиз талабидир.

Ҳазрати Расул алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар: “Яхшиликка йўлловчи киши ўша яхшиликни қилувчи кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Ислом наздидаги ҳамкорлик инсониятга фақат саодат келтириш йўлидаги ҳамкорлик тушунилади. Агар инсонлар шу ҳамкорликни амалга оширсалар, ўзлари орзу қилаётган тараққиёт ва бахт-саодатга эришадилар. Мўмин-мусулмонлар ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъй-ҳаракат қилади.

Улуғ саҳоба Жобир разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул зот: «Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир. Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик — эҳсон. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшилик, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшилик, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади”, деганлар.

Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлмоғи керак. Айниқса, мусулмон киши ўзига севимли бўлган нарсани бошқа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириш ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилиши лозимдир.

Таъкидлаш жоизки, инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар асосий эътиборни ҳамжиҳатликка қаратишлари лозим. Зеро, бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омили самарали ҳамкорликдир. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мана шундай кенг қамровли ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида дунё майдонига чиқди. 

Тинчликни тарғиб қилувчи, айирмачиликдан сақловчи

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, шунингдек, хавфсизлик, энергетика, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Ўзбекистон минтақада тинчликни сақлаш борасидаги ташаббусларнинг доим олдинги сафда бўлиб келган. Айниқса, бугунги замонавий дунёда қўшни Афғон муаммоси давлатимизнинг доимий эътиборида. Бинобарин, мазкур мақолада ҳам муҳтарам Президентимиз ушбу муаммога тўхталар экан, «бугун ШҲТ доирасида шаклланган мана шундай ижобий ва муваффақиятли тажрибадан Афғонистонни ривожлантириш масаласида ҳам фойдаланиш ўта муҳим ва долзарбдир», дея таъкидлади.

Айтиш ўринлики, ушбу давлатда тинчлик ўрнатиш ШҲТнинг барча аъзолари учун долзарб масаладир. Афғонистон билан ўзаро муносабатлар, жафокаш афғон халқига ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришни кучайтириш билан боғлиқ барча масалалар ҳамон долзароб бўлиб турибди.

Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъматларидан бири бу – тинчликдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар кўпроқ нимани дуо қилиб сўрашни савол қилишган-да, Ул зот: “Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик)ни сўранглар”, деб айтган сўзлари бу неъматлар нечоғлик муҳим эканига далолат қилади. Яна бир ҳадиси шарифда Расули Акрам алайҳиссалом шундай деганлар: “Ким оиласи тинч, тани саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривояти).  

Осойишталик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим.

Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).

Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш масаласи ШҲТ олдида доимо муҳим вазифа бўлиб турибди. Ушбу ташкилотнинг Самарқанд саммити тинч, эркин ва фаровон ҳаётни таъминлаш йўлида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади, инша Аллоҳ.

Таъкидлаш керакки, мазкур саммитни ўтказиш учун Самарқандни танланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Шубҳасиз, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд Шанхай ҳамкорлик ташкилоти иш фаолияти самарадорлигини ошириш билан янги тарихга киради.

Президентимиз «Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган» деганларида айни шу омилларни назарда тутди.

Яхши қўшничилик, дўстлик ва очиқлик муҳитида минтақавий ҳамда глобал ривожланишнинг долзарб масалалари муҳокамасини кўзда тутадиган «Самарқанд руҳи»да ўзининг яққол ифодасини топган.

ШҲТ саммити арафасида буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий номи билан боғлиқ меъморий мажмуа улуғ зотнинг Ислом оламида тутган мавқеи ва салоҳиятига мос тарзда қайтадан бунёд этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ушбу нуфузли саммитга тайёргарлик жараёнларини кўздан кечириш чоғида дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишлари, Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилиниши халқимизнинг азалий қадриятларининг амалдаги яққол ифодасидир.

Аллоҳ таоло мана шундай савоби улуғ ишлар ва эзгу дуолар баракотидан мазкур нуфузли саммитни бутун дунё халқлари учун муваффақиятли ўтишини насиб этсин.

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

1834 марта ўқилди

Мақолалар

Top