Мақолалар

Нега Имом Бухорий каби эслаб қололмаймиз?

Талаба бўлганимдан сўнг хотирани кучайтириш, маълумотларни мияда сақлаш ҳақида фикр юритар, дарслар кўпайиб кетган вақтда устозларга зеҳним пастлигидан шикоят қилардим. Кейин билсам бу муаммо кўп талабада бор экан. Қуйида дарс ё маълумотларни инсонлар нега яхши эслаб қололмаслиги ҳақида мулоҳаза юритамиз.

Ўтган уламолар ҳаётини ўрганарканмиз, бу борадаги ҳайратланарли натижаларини эшитиб лол қоламан. Аллоҳ таоло уларга фазилатлар инъом этган. Қолаверса, улар тақвода ҳам пешқадам бўлишган.

Имом Бухорий бобомиз жуда кўп ҳадисларни санади билан ёд олган, у кишини синаш учун қилинган ишлар бесамар кетган. Улуғ аллома умрининг кўп қисмини ҳадис илмига бағишлаган. Шу ўринда табиий савол туғилади: биз қизиқиш ва вақтимизни нималарга сарфлаяпмиз?

Баъзи кишилар куннинг аксар қисмини кино кўриш билан ўтказади. Ҳатто улар кўплаб сериалларнинг кадрларини адашмасдан айтиб бера олади. Шунингдек, компьютер ўйинларида ҳам шундай. Энди тасаввур қилинг, миямиздаги маълумотларнинг қанчаси ҳадис ё бошқа илмларга тўғри келади?
Яна юзлаб қўшиқларни ёддан билган кишилар оддий карра жадвалини билмайди. Ён-атрофимиздаги кишилардан сўрасак, машҳур футболчи ва санъаткорларнинг исми ва уларнинг ҳаёти ҳақида кўплаб маълумотларни билади. Аммо ҳадис ривоят қилувчи ровийнинг исмини билиши даргумон.

Энди ўзимизга савол берайлик, зеҳнимиз ўтмасми ёки биз уни беҳуда нарсалар билан банд қиляпмизми? Ҳақ таолога бунинг ҳисобини бермаймизми? Ҳатто зарра миқдоридаги нарсалардан сўралимизу, зеҳнимизга нимани жойланаётганимиздан сўралмаймизми?
Беҳуда нарсаларга сарфлаган қизиқиш ва шавқимизни манфаатли машғулотларга қаратсак, биздан яна Бухорий ва Термизийлар каби бутун дунёни лол қолдирган олимлар чиқармиди?

Азизлар, қачонгача зеҳним паст деган даъво билан ўзимизни алдаб юрамиз?

Аллоҳ таоло барчамизга тўғри фойдаланиладиган умр, манфаат берадиган илм берсин.

Мухтарали САМАТОВ,
Тошкент ислом институти талабаси

1681 марта ўқилди

Мақолалар

Top