Мақолалар

Сулаймон Боқирғоний

Сулаймон Боқирғоний (Хоразм вилояти Хазорасп тумани Боқирғон қишлоғи) тасаввуфнинг йирик намояндаси, шоир. Аҳмад Яссавий тариқатининг давомчиси. Халқ орасида “Ҳаким ота” номи билан ҳам машҳур. Яссавийга мурид (шогирд) бўлган, ўз иқтидори ва шеърий истеъдоди билан пирининг эътиборини қозонган.

Сулаймон Боқирғоний устозининг тариқати қоидаларини янада чуқурлаштириб кенг халқ оммасига етказган. Содда, равон услубда ижод қилган. Ўз асарларида шариат ва тариқат қоидаларини тарғиб қилган, кишиларни охиратни ўйлаб яшашга, Аллоҳнинг карамидан баҳраманд бўлишга даъват этган.

Сулаймон Боқирғоний маърифатни Аллоҳни таниш, Унинг назарига тушиш, дейди. Олий муҳаббатни Аллоҳга бўлган муҳаббат, деб тушунтиради. У тариқат йўлини комил инсонни тарбиялаш йўли, жаннатга элтувчи йўл, деб билади. Унинг шеърлари “Боқирғон китоби” номи билан машҳур.

Сулаймон Боқирғоний туркий шеъриятнинг бошловчиларидандир. Шеърлари татар, бошқирд ва бошқа туркий халклар орасида кенг тарқалган, “Боқирғоний китоби” 19-20-аср бошларида Қозонда 3 марта нашр этилган.

1911 йилда ёзилган Жўйборзода қаламига мансуб “Маноқиб”да айтилишича, Ҳаким ота (Ҳазрат Сулаймон) Қуръони каримга ўзгача ҳурмат кўрсатиб, дарсга бораётиб Мусҳафни боши узра кўтариб олар экан. Буни кўрган Аҳмад Яссавий ҳазратлари уни шогирдликка таклиф этади. Ҳаким ота у зотнинг қўлида таълим олиб, ўн беш ёшида муридликни қабул қилади.

“Ламаҳот мин нафаҳотил қудс” тазкирасида Ҳаким отанинг шариатга оид ўттиз минг, тариқатга оид ўттиз минг ва ҳақиқат борасида ҳам ўттиз минг ҳикмат айтганлари баён қилинган.

Маърифат дарёсинда ғаввос бўлуб,

Муҳаббат гавҳарларин олғим келур.

Тариқат майдонинда парвоз қилиб,

Ул тубо дарахтиға қўнғим келур.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

1982 марта ўқилди

Мақолалар

Top