Мақолалар

Қалбни Аллоҳга боғламоқ учун...

Инсоннинг саодати Аллоҳ таолонинг амрларига мувофиқ ҳаёт кечирмоғидир. Инсон дунё муҳаббатини қалбидан чиқариб отгани заҳоти кечаю кундуз дунё иши билан машғул бўлса-да, дунё унга зарар етказа олмайди. Чунки унинг қалби Аллоҳ таолога боғланган. Агар инсоннинг қалби дунёга боғланса, дунё иши билан бир дақиқа шуғулланса ҳам зарар кўради.

Бинобарин, Қалб – Аллоҳнинг назаргоҳи. Уни Аллоҳ таолога боғламоқ керак.

Аллоҳнинг дўстлари – маънавий табиблар. Улар қандай қилиб дунёдан кўнгил ўзиб Аллоҳ таолога боғлашни яхши биладилар. Қалбнинг Аллоҳга боғланганининг бир неча аломатлари бор. Агар кишининг қалби Аллоҳга боғланса, у ўша заҳоти фақат Унинг йўлидан, ишқу муҳаббатидан сўзлай бошлайди.

Бир одам бир авлиёнинг қошига келиб:

 – Аллоҳнинг ризосига қандай етишса бўлади? – деб сўради.

Авлиё унга:

– Сенга муждалар бўлсин, – деди.

Одам:

– Нега? – деб ҳайрон бўлди.

Авлиё:

– У йўлни сўраган одам у йўлга киришни истайди, Аллоҳ унга насиб этади, иншааллоҳ! – деб жавоб берди.

Демак, Аллоҳнинг йўлига қизиқмоқ, доимо унинг билан машғул бўлмоқ Аллоҳ таолога маъқул келадиган амал.

Сахий ибн Абдуллоҳ: “Ким қалбини Аллоҳ таолога топширса, Аллоҳ унинг аъзоларига ҳам соҳиблик қилади”, деди.

Инсон қалбини Аллоҳга топширса, У ҳам унинг кўзларига, қўлларига, оёқларига, тилига, яъни бутун аъзоларига эгалик қилади. Кўзини ҳаромга боқишдан сақлайди, тилининг бетайин гапиришига тўсқинлик қилади, оёқларининг гуноҳ ишларга боришига қаршилик қилади... 

Аслида қалб Аллоҳ таоло яратган бир эт парчаси, холос. Шундай экан, нега уни Аллоҳга топширмаймиз. Уни Аллоҳга топшириб:

“Парвардигорим! Бу қалбни сен яратгансан. Уни сенга топширамиз”, деб Унинг  қаршисига қўяйлик. Ўша заҳоти Аллоҳнинг раҳмати қалбимизга киради ва бутун аъзоларимиз Аллоҳга боғланиб унинг ҳузуридаги ажру савобларга етишади.

Бизнинг бу ишимизга тўсқинлик қиладиганлар  шайтон ва нафсдир. Шунинг учун Боязид Бистомий бундай деган: “Мен нафсимни чақириб, “”Юр, Раббимга борамиз, дедим. Келмади. Модомики, келмас экансан, унда сен қол, мен кетдим”, дедим.

Нафсга “сен қол” дейиш қийин иш эмас. Аммо уни қолдириб кетиш, унинг ҳою ҳавасларидан кечиб кетиш қийин иш. Демак, ана шу нарсаларни тарк этмоқ Боязид Бистомийга қийин бўлмаган. Шунинг учун бундай деган:

 “Бир куни тушимда Аллоҳ таолога дедимки:

– Ё Раббим! Мен сенга қандай ета оламан?

Аллоҳ таоло:

– Эй Боязид, нафсингдан кеч-да кел! – деди.  

Биз бугун нафсимизни едиряпмиз, ичиряпмиз, роҳат эттиряпмиз. Жилла қурса, Аллоҳнинг ибодатини вақтида бажариб қўяйлик. Нафсни ҳар доим тўқ тутиб юрмоқ ибодатнинг қаршисидаги катта тўсиқдир. Чунки демишларки:

“Дунёда доимо тўқ бўлган киши қиёмат кунида оч қолади. Дунёдаги оч киши эса қиёмат кунида тўқ бўлади”. Овқат шаҳватининг зарарларининг баъзилари шулардир:

Аллоҳдан қўрқиш туйғуси қалбни тарк этади;

махлуқотга қарши марҳамат туйғуси қалбдан чиқади;

кўп овқат оғирлик қилиб тоат ва ибодатига монелик қилади;

ҳикматли сўзларни эшитса ҳам қалби юмшамайди;

ўзи ҳикматли сўзларни гапирса ҳам бошқаларга таъсир қилмайди.

Шундай экан, ҳеч бўлмаса, кунда бир-икки соат нафсимизни оч қўяйлик. Озгина бўлса ҳам очлик нима эканини ҳис қилайлик.

Фотимаи Нишопурий бундай деган:

 “Содиқлар ва тақво соҳиблари бу замонда бир денгиз ичидадирлар. У денгизнинг тўлқинлари уларни отиб ўйнамоқда. Улар денгиз ичида буғилгани боис Аллоҳ таолога дуо ва фарёд этадилар”.

Аллоҳ таоло ўша бандаларини гуноҳлардан муҳофаза этади. Ибодатларини ҳам бажаришини насиб этади. Агар биз жуда қиммат нарсамизни йўқотиб уни излаганимиз каби ахтарсак, Раббимиз бизга истаганимизни беради. Ана шу билганларимиз бизнинг маънавий хасталикларимизнинг дориларидир. Бу дориларни билсаг-у, ундан фойдаланмасак, бир беморга  дори олиб бориб уни бир идишга солиб қўйиб, ҳеч фойдаланилмагани кабидир.

Дорини ичмаган хаста соғаядими? Шунинг учун бу билганимиз ушбу дориларни қалбимизга, руҳимизга татбиқ этмоғимиз лозим.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.  

4607 марта ўқилди

Мақолалар

Top