Мақолалар

Иордания фатво ҳайъати: Wi-Fi тармоғидан эгасининг рухсатисиз фойдаланиш ҳаром!

Иордания фатво ташкилоти  (Доиратул-ифто ал-урдунийя) томонидан Wi-Fi тармоғидан эгасининг рухсатисиз фойдаланишга оид саволга ойдинлик киритилди. Унда таъкидланишича, мазкур фатво ташкилотига қуйидагича савол келиб тушган: 

Савол: Симсиз интернет (Wi-Fi) тармоғидан эгасининг рухсатисиз фойдаланишнинг ҳукми нима? Ушбу тармоқдан юклаб олинган файллардан фойдаланиш ҳаром ҳисобланиб, уни ўчириб юборилиши керакми?

Ушбу саволга Иордания фатво ҳайъати уламолари шундай жавоб беришган:

Жавоб: Aллоҳга ҳамдлар бўлсин, Пайғамбаримизга солавот ва саломлар бўлсин!

Интернет тармоғига ҳақ эвазига обуна бўлиб, ундан фойдаланиш фақат абонентнинг ҳуқуқи бўлиб, абонентнинг рухсатисиз унга бошқаларнинг уланиб олиши жоиз эмас. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганар:

"إِنَّ دِمَاءَكُمْ، وَأَمْوَالَكُمْ، وَأَعْرَاضَكُمْ، بَيْنَكُمْ حَرَامٌ"

(متفق عليه)

“Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз бир-бирларингизга ҳаромдир!” (Муттафақун алайҳ).

Бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

"اسْمَعُوا مِنِّي تَعِيشُوا، أَلَا لَا تَظْلِمُوا، أَلَا لَا تَظْلِمُوا، أَلَا لَا تَظْلِمُوا، إِنَّهُ لَا يَحِلُّ مَالُ امْرِئٍ إِلَّا بِطِيبِ نَفْسٍ مِنْهُ"

(رواه الإمام أحمد في مسنده)

“Мендан (қуйидагиларни) эшитиб олинг, шунда (бахтли) ҳаёт кечирасиз! Огоҳ бўлинг, зулм қилманг! Огоҳ бўлинг, зулм қилманг! Огоҳ бўлинг, зулм қилманг! Зеро, бировнинг мол-мулки ўз розилиги билангина ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).

Шунинг учун (Wi-Fi) абонентининг интернет обунасидан фойдаланишдан олдин гарчи бу фойдаланиш унга таъсир қилмаса ҳам, унинг рухсатини олиш лозим. Интернетнинг махфий парол билан блокланмаганлиги ҳамма ҳам ундан фойдаланиши мумкин дегани эмас. Чунки бу бепарволик, хато ёки унутганлик туфайли ҳам бўлиши мумкин. Ҳақиқий мусулмон киши ҳар қандай шубҳадан ўзини тийиши даркор.

Эгасининг рухсатисиз (Wi-Fi) тармоғидан илгари юклаб олинган нарсаларга келсак, уни ўчириб юбориш шарт эмас. Чунки ўша файлларни ўчириш (Wi-Fi) эгасига ҳақларини қайтармайди. Бунинг ўрнига агар имкони бўлса, (Wi-Fi) тармоғи эгасига товон тўлаш ёки ундан кечирим сўраш мақсадга мувофиқ. Шу билан Қиёматдаги жавобгарликдан озод бўлиш мумкин.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтамизки, жамоат жойларида ўрнатилган умумий (Wi-Fi) тармоқларидан фойдаланиш, улардан нарса юклаб олишда ҳеч қандай монеълик йўқ. Чунки одатда мазкур тармоқлардан омма фойдаланиши учун рухсат этилган бўлади. Валлоҳу аълам”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази бош мутахассиси,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Абдулатиф Турсунов

тайёрлади

 

1351 марта ўқилди

Мақолалар

Top