Мақолалар

Ўзбек тили ривожида арабий сўзларнинг аҳамияти

Ҳар бир тил бошқа тиллардан таъсирланади, бойийди. Ҳатто жаҳон тиллари ҳам ўзга тиллардан ўзлашган сўзлар ҳисобига ривожланган, ўзини бойитган ва бу жараён фан-техника ривожланган сайин яна давом этаверади. Тарихга назар ташласак, фатҳлар туфайли ислом дини ёйилиши билан бир даврда араб тили ҳам кенг тарқалган. Бу дин кириб борган жойга араб тили ҳам кириб борган. Нафақат тил, балки ислом маданияти, қонун-қоидалари ҳам ерлик халқ урф-одатлари билан уйғунлашган ва бунинг акси ўлароқ, Усмонли турклар даврида туркий сўзлар араб диёрларига кириб борди ва туркий сўзлар араблашди.

Қадим диёримиз Мовароуннаҳрга ҳам Ислом дини билан бирга арабча сўзлар кириб келди. Бу ўлкада дину диёнат билан бир даврда илму фан, ислом маданияти ривож топди. Бутун дунёни ҳар жабҳада лол қолдирган алломалар етишиб чиқди. Ҳадис илмида мўъминлар амири Имом Бухорий, фиқҳ илмида Бурҳониддин Марғилоний, ақида илмида Абу Муъин Насафий, наҳв илмида Имом Замахшарий каби олимлар ўз асарларини араб тилида ёзганлар. Мазкур асарлардан ўша замоннинг ўзидаёқ бутун мусулмон олами фойдаланган ва ўз ҳаётларига татбиқ этганлар.

Туркий тиллар сирасига кирувчи ўзбек адабий тили ҳақида сўз борар экан, биринчи навбатда сўз мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий бобомизни эсга оламиз. У зотнинг асарлари юзлаб, балки минглаб адабиётшунослар, зиёлилар томонидан ҳозиргача ўрганилмоқда ва бундан кейин ҳам ўрганлади. Зеро, Навоий асарлари қиёматгача ҳукми боқий бўлган Қуръони карим оятлари, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан тўйинган. Ушбу меросни ўрганишда эса араб тилининг аҳамияти катта.

Ўз тилимизда китоб мутолаа қилганимизда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланганимизда, ўзаро мулоқот қилганимизда шундай сўзлардан фойдаланамизки, гўёки, бу сўзларни соф ўзбекча бўлса керак, деб ўйлаймиз. Аслида эса бу сўз араб тилидан кириб келганлигини ҳамма ҳам билаверайди. Масалан, عِلْمٌ  илм ўзак сўз бўлиб, “билмоқ”деган маънони билдиради, ундан عَالِمٌ  олим (билувчи), عَالَمٌ олам,  مَعْلُومٌ  маълум (билинган), عَلِيْمٌ  алим (барча нарсани билувчи, Аллоҳнинг исми сифатларидан бири бўлиб, бу сифат Аллоҳнинг ўзига хос), عَلّامَةٌ  аллома (кўп билувчи),  مُعَلّمٌ муаллим (илм берувчи),   تَعْلِيْمٌ таълим (ўргатмоқ),  عُلَمَاءُуламо   (олимлар), مَعْلُومَاتٌ  маълумот (маълумотлар).

كِتَابٌ    китоб (ёзмоқ) ундан كَاتِبٌ  котиб (ёзувчи), مَكْتُوبٌ  мактуб, хат (ёзилган нарса), مَكْتَبٌ  мактаб (ёзадиган жой), كُتُبْخَانَه  кутубхона (китоблар хонаси),   كِتَابَة  китобат (ёзиш, ёзишма).

Араб тили грамматикасида “Сарф илми” тушунчаси бор. Бу алоҳида фан бўлиб, битта ўзак сўздан 200 тагача сўз ясашни, бошқача қилиб айтганда, маънолари бир-бирига яқин бўлган бир сўздан бошқаларининг келиб чиқишини ўргатади. Биргина ضَرْبٌ (зарб-урмоқ, зарба бериш)                         ўзак сўзини олсак, ундан 192 та янги сўз ясалишига амин бўламиз. Ёки ҳукм сўзидан келиб чиққан ўзбекча сўзларга эътибор беринг: ҳукм, ҳоким, маҳкум, ҳукумат, ҳикмат, истеҳком, ҳакам, ҳаким, муҳокама, маҳкам, мустаҳкам, ҳукмдор. Уларнинг сони 12 тага етди. Демак, сарф илмини ўзлаштирган одам 5 дона сўз ёдлаб, бемалол мингта сўз маъносини биламан, деб даъво қилса бўлади. 

Араб тилидан ўзбек тилига кириб келган сўзларни бир неча қисмга бўлиб ўрганиш мумкин;

– дину диёнат сабабли ўзлашган сўзлар: Аллоҳ, расул, иймон, Қуръон, сура, оят, ҳадис, эътиқод, ибодат, итоат, закот, ҳаж, ушр, руку, сажда, имом, хатиб, мутавалли, рукн кабилар;

– илм-маърифат сабабли: илм, олим, таълим, китоб, муаллим, дарс, алифбо, алифбе, толиб, талаба, маълум, дафтар, қалам, ирфон, ориф, маъруф, ҳақ, ботил, луғат, таҳлил, таҳқиқ, савоб, гуноҳ, шеър, шоир,  фикр, афкор, мутафаккир ва ҳоказо;

– ислом маданияти кириб келганлиги сабабли: ватан, вилоят, тамаддун, тараққиёт, маҳалла, масжид, минора, мезана, мақбара, маданият, оила, жамоа, жамоат, жамият, истиқбол, истиқлол, сулҳ, ислоҳ, ислоҳот, халқ, хулқ, ахлоқ, одоб, адабиёт, мақол, матал,  ҳусн, холис, соф, халос, мусаффо, муҳташам, шифо, шифохона, дорихона ва ҳоказо;

– давлат ишларига доир; давлат, мамлакат, девон, ҳукмдор, раис, ҳоким, ҳукм, маҳкум, маҳкама,  суд, ижро,  олий мажлис, қонун, ҳужжат, баёнот ва ҳоказо;

– қавму қариндошлик сабабли: қавм, ака, ука,  бобо, аждод, авлод, амаки, амма, хола, қариндош ва ҳоказо.

Сўзнинг араб тилидан ўзлашганлигини кўрсатувчи белги сифатида “-ий” қўшимчасини олишимиз мумкин. Бу қўшимчаси билан тугалланган сўзлар асосан арабий ҳисобланади: иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий, мавсумий, мажбурий, маиший, адабий, абадий, мантиқий, илмий, маърифий, диний, мафкурафий, хорижий, дунёвий, ухровий, назмий, насрий, рубоий, хумосий, судосий, азалий, маъмурий ва ҳоказо.

Аксарият “-ан” қўшимчаси билан тугалланган сўзлар ҳам араб тилидан ўзлашган сўзлардир: умуман, тақрибан, асосан, тахминан, шаръан, ҳақиқатан, қисман, баъзан, масалан, нисбатан ва ҳоказо.

Араб тилидан ўзлашганлик белгиси сифатида “-ал” олд қўшимчасини ҳам олиш мумкин: алгебра, алқисса, алҳазар, алҳол, алкогол, алвидо, алмисоқ, албатта ва ҳоказо.

Вақтга доир сўзлар ҳам асли арабчадир: аср, сана, муддат, вақт, соат, дақиқа, сония, лаҳза, тарих, азалий, абадий, давр, замон, муваққат, он, фурсат, боқий, фоний, саҳар, завол, қиём, наҳор, қадим ва ҳоказо.

Араб тилидан ўзлашган сўзларнинг аксарияти араб ва ўзбек тилида бир хил ишлатилади. Мазкур тилдан ўзбек адабий тилига кириб келган сўзлар сони шунчалик кўпки, уларни билиш орқали ҳар икки тилни ўрганиш, тушуниш жараёни сезиларли осонлашади. Қолаверса, аввало, ўз она тилимизни мукаммал ўрганиш, шунингдек, араб ва форс тилларини билиш аждодларимиз томонидан араб ва туркий тилларда битилган асарларни теран ва мукаммал тушуниш имконини яратади.

 

Ибодуллоҳ Аҳроров

Имом Бухорий номидаги

 Тошкент ислом институти декани

 

 

1747 марта ўқилди

Мақолалар

Top