Мақолалар

“Мен эшигинг ортида турган сенман...”

Мушоҳада

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Албатта, мўминлар биродардирлар” (Ҳужурот сураси 10-оят).
Асҳоби киромдан бўлган Жобир розияллоҳу анҳу айтади:
“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб эшикларини тақиллатдим. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Ким у? – дедилар.
– Менман, – дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Менман, менман!.. – деб такрорладилар. Жавобимдан хушланмаганларини англадим...” (Имом Бухорий ривояти).
Орифлар султони ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румий қуддиса сирруҳу бу ҳадиси шарифдаги нозик ишораларни ривоят йўсинида бундай шарҳлаган:
“Бир киши келиб дўстининг эшигини тақиллатди. Дўсти ичкаридан:
– Эй ишончли киши, кимсан? – деди. У:
– Менман, – деб жавоб бергач, ичкаридаги дўсти эшикни очмасдан:
– Ундай бўлса кетавер. Сен учун ичкарига кириш вақти етмабди. Бу ердаги маънавий неъматлар дастурхони атрофида хом кишига жой йўқ, – деди.
Хом кишини айрилиқ ва фироқ ўтидан бошқа нима ҳам пиширарди?! Бечора одам очилмаган эшик олдидан қайтди. Бир йилча йўлларда сарсон-саргардон, дўсти фироқида куйиб-ёниб юрди. Айрилиқ оташида пишиб етилди. Сўнг ҳақиқатни англаб етди. Дўстининг уйи олдида тураркан, оғзидан дўстини ранжитадиган бирор сўз чиқмасин, дея минг андиша, юз одоб ила тағин эшикни оҳиста тақиллатди. Дўсти ичкаридан:
– Эшикни тақиллатган ким? – деди.
Ҳалиги киши:
– Эй кўнглимнинг шоҳи! Мен эшигинг ортида турган сенман... – деди.
Шунда дўсти:
– Модомики энди сен менга айланган экансан, ичкарига киравер! Билгинки, бу уй жуда тор ва унда иккита “мен”га ўрин йўқ. Игнадан ўтказилиши керак бўлган ип иккига бўлинса, яъни уч тарқоқ ҳолда бўлса у игнанинг кўзидан ўтмайди. Сен пишиб, (эшилиб) бир бутунга айланган экансан, кел, игнанинг кўзидан ўт! – деди”.
Аллоҳ таолонинг каломи, ҳадислар ва улуғлар келтирган рамзий ҳикоятлар маъно жиҳатидан бир нарсага ундайди – киши пишиб-етилиши, имони комил бўлиши учун “мен”и, яъни нафсини жиловлаб олиши, худбинлик “тўн”ини ечиши лозим. Зеро, одам ўзидан кечмас экан, Ўзи(Аллоҳ)ни топиши ниҳоятда мушкул. Шунинг баробарида, мусулмон киши бошқа бир мусулмонни туғишганидек билиши, ўзига раво кўрганини унга ҳам кўриши керак. Зеро, ҳадисда: “Мўминлар худди бир киши каби (бир тану бир жон)дир. Агар унинг боши оғриса, жасадининг бошқа аъзолари ҳам иситма ва бедорликда унга шерик бўлади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Манбалар асосида
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
тайёрлади.

1386 марта ўқилди

Мақолалар

Top