Мақолалар

Момогинам

 Ҳар ёз момогинам келиб мени қўй-қўзиларни боқиш учун ўзлари билан тоғдаги қишлоғимизга олиб кетардилар. Йўл-йўлакай автобусдами, бекатдами бирортаси билан суҳбатлашиб қолсалар, дарров мен ҳақимда, қўй-қўзиларни адирда ўтлатишим, нечанчи синфда ўқишим, мактабда олган “беш”ларим тўғрисида гапириб берардилар. Менга эса бу илтифотлар ёқмас эди. Нега бундай қилаётганига ҳайрон бўлардим. Қишлоққа келганимизда келинларига ҳам айтмасдан томорқадан помидор, бодринг, дарахт тагига янги тушган мевалардан териб келиб олдимга қўярдилар. Бошқа неваралар ҳам ёзги таътилда қишлоққа келишар, лекин мен ва мен билан қўй боқувчи яна бир қариндошимга уларга нисбатан баъзи имтиёзлар кўпроқ берилар, яна мақтов ҳам эшитар эдик. Бундан онамнинг жуда хурсанд бўлганини сезганман.

Орадан йиллар ўтди, бироз улғайдик. Энди катта бўлганимиз учунми, қишлоққа қўй боқишга момогинам олиб кетмай қўйганди. Кўпроқ ўзлари келадиган бўлдилар, деярли ҳар Рамазонни ўғил-қизлариникида ўтказардилар. Ўшанда ҳам бизникида кўпроқ қолиш ўзларига маъқул экани сезилиб турарди. Ҳар гал бизникига келганларида, қани болаларим, келинглар, деб мен ва укамни ёнларига чақириб узоқ дуо қилар эдилар. Укам суҳбат асносида айтиб берадиган гаплардан момомнинг юзлари ёришиб кетарди. У бу борада анча тажрибали бўлиб, бошқа жойларга бирга борганимизда ҳам унинг олдин гап бошлашига рози бўлиб, сукут сақлаб тураман, ўзига билдирмасам-да унга ҳавас қилиб қўяман. Акам, опам, укам ва синглим, ҳаммамиз момогинамнинг олдиларида парвона бўламиз. Уларнинг одатлари бўйича оилавий ва бошқа йиғинларда “фалончи неварам бундоқ, фалончиси ундоқ”, деб мақташларига кутиб оғизларига қараб турамиз. Ўқишдан йиқилиб идораларнинг бирида ишлаб, хизмат қилиб юрган эдим. Кунларнинг бирида кечгача ишлаб ифторликка зўрға етиб келиб, оила даврасида, момомнинг ёнларида оғиз очган эдим. Янги ишга кирганим учун ҳали маош ололмаганим, момомгинамга бирор ҳадя беролмаганимни ҳанузгача ўйлаб юраман.

Момогинамнинг ёши улуғ бўлса ҳам тоғликларга хос тетик эдилар, мен қариман, деб ўтирмасдан, жарликларнинг устида юрган улоқчаларни ўзлари ҳайдаб келиб қўрасига қамардилар. Бир куни баланд жарликдан улоқчаларни ҳайдайман деб, йиқилиб оёқларини синдириб олибдилар. Саксонга яқинлашиб қолмаганларми, ҳа деганда суякнинг бирикиши қийин кечса, денг.

Эшитишимиз биланоқ менга йўлга отланишимни айтишди. Севимли момосини севимли невараси кўргани борадиган бўлди. Кўчани қалин қор қоплаган, йўлда кетар эканман, кеча ёққан қордан кейин қуёш уялибгина, эрингандек само узра заррин нурларини таратаётган эди. Ўйга толиб, момом ҳақида, болалигим ўтган қир-адирларга тикилиб борарканман секин ғимирлаётган эски автобуснинг бўғиқ овози менинг қулоқларимга мусиқа мисол эшитилар эди.

Етиб келганимда қўлтиқ таёқда момогинам пешвоз чиқдилар. Юзимда табассум, қалбимда ҳислар ташқаридаги совуқданми, билмадим, муз қотган. Ҳеч нарсани ҳис қилмайдигандек гўё. Кўзларим бир нуқтага қадалиб бир муддат атрофни сезмай қолдим. Момом, ҳадеб юзимдан ўпади, шундай қорда қўргани келганимга ачинади, эсон-омон етиб келганимни суриштиради, бечора болам-е, нима қилардинг бир оёғи ерда, бир оёғи гўрда бўлган кампирни кўргани келиб, дейди, хуллас уйга кирдик. Мен анча ўзимни яхши ҳис қилаётган эдим. Иссиқ печканинг тафтиданми, ҳарқалай, кўнгилга илиқлик кирган эди. Ярим тунгача момом билан суҳбатлашиб чиқдик, худди яқин, қалин дўстлардек, болалардек.

Бир оз ухлагандан сўнг, тонгга яқин ўриндан турдим. Негадир таҳорат қилишга шошилмай, ўтирдим. Чироқ ўчирилгани боис момом ўринида йўқдек туюлди, ҳассалари эса турибди, қаерга кетдилар экан, деб хавотирланиб турганимда, кўзим ҳам қоронғуликка мослашди, орқамга қарасам, момом нурга кўмилиб жойнамоз устида ўтирибдилар. Шу вақт бўғзимга бир нарса тиқилгандек бўлди... ҳовлига, ташқарига чиққанимни билмай ҳам қолибман. Эгнимдаги енгил кийим билан осмонга тикиламан, ҳовлидан чиқиб тепалик этагидаги дарёнинг шовиллаши-ю, қишлоқ кучукларининг вовуллаши қулоққа кирмайди. Бир зум ўтмай бутун борлиқни, бутун само ва ерни айланиб чиққандай бўлдим. 

Эртаси кун уйга қайтарканман қалбим негадир енгил, ғуборлардан ҳоли, ақлим теранлашганини сездим. Ер узра тўшалган оппоқ гиламни йиғиштирмоқчи бўлиб турган қуёшга қарадим. Тоғ тепасига ўтирган ҳолда кулиб боқаётган қуёш секин ўрнини тарк эта бошлаган, атрофда эса, уйлар, дарахтлар биз турган бекат ҳам чик-чик ёшларни тўка бошлади. Шу вақт мен ҳам рўмолчамни олиш учун қўлимни чўнтакка тиқдим. Одатда мен кўп касал бўлмайман. Тоғнинг об-ҳавоси бизнинг ўлкалардан кўра совуқроқ бўлса керак. Қўлимни пальтомга тиққанимда, чўнтагида бир даста пул турарди. Рўмолча билан димоғимни эмас,... кўзимнинг ёшларини артдим... Бу момомнинг нафақа пуллари эди!

Тўлқин АЗИМОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

5135 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Қарилик – бедаво дард Мен мот бўлдим... »

Мақолалар

Top