Мақолалар

Яхши гумонда бўлиш соғлик учун фойдали

Руҳиятшунослар муваффақиятга эришишнинг асосий омили сифатида оптимистликни кўрсатадилар. Янги тадқиқотлар натжасида оптимистлик касалликларни даволашда ҳам асқатиши  аён бўлди. Торанто ва Калифорния университети тадқиқотчилари шахснинг оптимист бўлиши унинг иммунитет тизимини қувватлантиришини исботладилар. Уларнинг айтишича, бошқаларга ёрдам бериш, уларнинг айбларини кечириб юбориш, одамлар ҳақида яхши гумонда бўлиш инсон иммунитет ҳужайраларини ҳаракатга келтирувчи асосий гармон ва оқсиллар фаолиятини тартибга солади ва уларнинг касалликка қарши курашувчанлигини оширади. Натижада уларнинг соғлиги  пессимистларникидан кўра яхшироқ бўлади. Аксинча, ҳасадгўйлик, инсонларнинг айбини қидириш, бахиллик ва бошқаларга нафратини сочиш каби кўплаб маънавий ҳасталиклар инсоннинг иммун тизимини ишдан чиаради. Чунки кўп вақт бошқалар ҳақида салбий фикрда бўлиш инсон мияси ва юраги ҳамда иммунитет тизими фаолиятига салбий таъсир кўрсатар экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни доимо яхши гумонда бўлишга чақирганлар. Бу борада “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсасини то биродарига ҳам яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, деганлар. Яна бир ҳадиси шарифда “Яхшиликка умид қилиш (яхшиликка йўйиш) менга хуш келади”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса “Мўминлар ҳақида яхшиликни ўйланг”, деганлар.  Бу каби ўзгалар ҳақида яхши гумон қилишга ва уларга яхшилик қилишга чақирадиган ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп.  Ҳатто бирор киши тушида яхши нарса кўрса уни бошқаларга айтиши ихтиёрий бўлади, лекин ёмон туш кўрса уни бошқаларга айтишдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар. Яъни, ҳатто тушда кўрилган ёмонликдан ҳам салбий нарса кутмаслик керак. У Зотнинг “Енгиллаштиринглар, оғирлаштирманглар, хушхабар беринглар, нафратлантирманглар” деган гаплари ҳам ижобий ёндашув ва оптимистик қарашларга ёрқин мисолдир.

Демак, дининиз тарғиб қилган чиройли хулқ дунёмиз учун ҳам, охиратимиз учун ҳам фойдалидир.

Ш.ЧЎЛПОНОВ,

ТИИ ўқитувчиси

7287 марта ўқилди

Мақолалар

Top