Мақолалар

Умматга шафоатни кўпайтирадиган амал

Маълумки, сўнги йиллари юртимизда яшил оламни сақлаш ва кенгайтириш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва бунинг натижасида шаҳар ва туманлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган. Жумладан, йил якунига қадар 75 миллион дона ва 2023 йил баҳор ойларида яна 125 миллион дона мевали ва манзарали кўчатлар экиш вазифаси қўйилди. Юртимизда ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича долзарб 40 кунлик эълон қилиниб, бу борада хайрли ва эзгу ишлар давом этмоқда.

Динимизда дарахт экишнинг фазилатларидан бири дунёда эзгу амаллар қилган мўмин бандаларга жаннатда улар учун мукофот тарзида дарахт экилишидир. Кимки кўчат, дарахт экса, ер юзида Аллоҳ таолога сажда қиладиган дарахтлар сонининг кўпайишига сабаб бўлган бўлади.

Унинг бундай ажр-савобга эришишига сабаб шуки, у ҳаётнинг фаровонлиги, мўминларнинг фойдаси учун, қолаверса, табиатнинг яна ҳам чирой очиши учун ўз ҳиссасини қўшади. У фақат ўзини ўйламасдан, балким ён атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатларини кўзлаб, иш тутади, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам беради. Муқаддас динимизда бундай ишлар юксак эътироф этилади.

Ҳадиси шарифлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда-ким Субҳаналлоҳил аъзим ва биҳамдиҳи» деса, жаннатда унинг учун бир дарахт экилади», – деди. Ривоятдан кўриниб турганидек, дарахт экиш шундай улуғ ишки, у нафақат бу дунёда, балким жаннатда ҳам экилади ва у банданинг солиҳ амали учун мукофот тарзида берилади.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: Албатта, мен қиёмат кунида шафоат қилишим ер юзидаги дарахтлар сонича бўлишини умид қиламан, – деганини эшитдим» – дейилган.

Яъни, ер юзида қанча дарахт кўп бўлса, қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари ҳам шунчалик кўп бўлади. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло томонидан изн берилган шафоатнинг сони ер юзидаги дарахтлар сонича экан, Пайғамбаримизга умматман деган киши, албатта, бир кўчат, дарахт экмаслиги мумкин-ми?!

Динимизда экин-тикин, кўчат экиш, умуман деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланишнинг ҳукми фарзи кифоя ҳисобланади. Яъни, баъзиларнинг қилиши билан бошқаларнинг бўйнидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким қилмаса, барча одамлар бирдек гуноҳкор бўлишади.

Икки саҳиҳ китобда ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Мусулмон киши дарахт ёки бирон нарса экса, ундан қушларга ёки инсонларга фойдаси тегса, шу сабабли унга садақа қилганнинг савоби бўлади, – деган.

Бизнинг аждодларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу чақириғига чиройли таризда амал қилиб келган.

Дарахт экиш – эгаси оламдан ўтгандан кейин ҳам унга савоб етиб туришига сабабчи бўладиган етти амалдан биридир. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларининг бирида бундай марҳамат қилади: “Агар қиёмат куни бўлиб қолса ҳам, бирингизнинг қўлида кўчати бўлса, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Оят ва ҳадислардан таъкидланганидек, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кириб, эгаси оламдан ўтиб, номаи амоли ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига узлуксиз равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.

Ҳаммамизга маълумки, юртимиз тупроғи қадимдан серҳосил, гўзал боғлари ўнимдор бўлиб келган. Бундан қанча фахрлансак арзийди. Бу ҳам Яратганнинг инояти, бизларга кўпгина яхшиликларни инъом этишни хоҳлаганининг белгисидир. Сабаби Аллоҳ таоло Ўзининг ояти каримасида бундай марҳамат қилади:

“Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Раббининг изни билан (ўниб) чиқаверади. Ёмон (шаҳар ери эса) фақат ўнимсиз бўлур. Шукр қилувчи қавм учун оятларни шу тарзда тасарруф этурмиз” (“Аъроф” сураси, 58-оят).

Дарҳақиқат, азизлар, ер юзида шундай юртлар бор, уларнинг экин майдонларида бир йил экин экилса, тупроғининг ҳосилдорлиги йўқолиб, уч-тўрт йилгача ерга дам бериш талаб қилинар экан. Бизда эса Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, бир йилда икки-уч маротаба ҳосил олиш имконияти ҳам бор.

Аллоҳ таоло зироат ўнимини инсонларга ризқ қилиб берар экан, инсон ўз ризқига бефарқ бўлиши мумкин эмас.

Қуръони каримда барча мавжудотлар қатори набототлар олами ҳам Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиши ҳақида зикр қилинган: “Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса (Аллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини - поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У Ҳалим ва Мағфиратли булган Зотдир” («Исро» сүраси, 44-оят).

Ҳақиқатдан ҳам, Ислом шариати ва таълимоти инсон ҳаётининг барча жабҳаларини тўлиқ қамраб олганлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини дарахт экишга алоҳида рағбатлантирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб айтади: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, агар эккан нарсаси кўкариб турар экан, истиғфор айтиб туради”, – деган.

Фаришталар кимнинг ҳаққига истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ таоло шу банданинг гуноҳларини кечиради.

Хайрли ишнинг эрта-кечи йўқ. Келинг азизлар, модомики, имконимиз, қудратимиз бор экан, жорий садақалардан бўлган кўчат ёки экин экишга, биз яшаётган заминимизни яшил ҳудудга айлантиришга, юртимизни яна ҳам обод маконга айлантиришга шошилайлик. Зеро, ҳикматларда айтилганидек: “Биздан аввалгилар кўчат экди, биз ундан фойдаландик. Энди эса биз экамиз, ундан кейинги авлодлар фойдаланади”.

 

Шамсуддин Баҳоуддинов,

Қорақалпоғистон мусулмонлар қозиёти қозиси

3100 марта ўқилди

Мақолалар

Top